Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 13:19

Пастдарғомда уйлари бузилаётган аҳоли суд ва ҳокимият қароридан норози (ВИДЕО)


Найман қишлоғидаги бузилишлар.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида маҳаллий ҳокимликнинг ноқонуний экани айтилган қурилмаларни бузиш режаси аҳоли норозилигига сабаб бўлган.

Найман маҳалласидан Озодликка мурожаат қилган одамларнинг айтишларича, уларнинг қишлоғи газдан узилиб, аҳолининг яшаб турган уйлари, қурилмалар бузилмоқда.

Найманликларнинг иддаосига кўра, собиқ иттифоқ даврида қазилиб, айни пайтда деярли кўмилиб кетган сув ариғини каналга айлантириш мақсадида унинг икки қирғоғидаги қурилмаларни бузишга киришган.

Туман ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Олим Соннибоев аҳолининг ноқонуний қурилмалари суд қарори асосида бузилаётганини айтди.

Пастдарғом тумани, Найман қишлоғи ёшлари норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00
Бевосита линк

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода найманликлар туман ҳокими Шунқор Худайбердиевни совуқ кунларда аҳолини газсиз қолдириб, уларнинг уйларини бузишда айблайди.

Уйлар бузилган кўчада, бир-бирининг қўлидан ушлаб олган йигитлардан бири, Озодлик шахсини аниқлаган Хуршид Жўрақулов шундай дейди:

“Бизнинг маҳалламизда огоҳлантиришсиз уйларимизни бузиб, газларимизни узиб, қишнинг кунида шунақа оғир аҳволга солиб қўйишяпти. Биз бу ҳақда туман ҳокими Шунқор ака Худойбердиевга бир неча кундан бери мурожаат қиляпмиз, у киши келмаяпти, депутатлар ҳам келмаяпти. Мана шу совуқда қариялар қийналяпти, чақалоқлар бешикда ётипти, лекин газ йўқ. Биз ҳақиқат талаб қиламиз, адолат талаб қиламиз, бизларни ҳеч ким эшитмаяпти. “Янги Ўзбекистон”да шунақа ҳолат бўляптими? Ўзбекистонда иш йўқ, одамлар Россияда ишлаб юрибди, қийинчилик билан қурган уйларимизни огоҳлантиришсиз бузиб ташлаяпти. Бу зўравонлик қачон тугайди?”

Найман қишлоғидаги бузилишлар
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:15 0:00

Айни пайтда маҳаллада бузилишга тушган қурилмалар эгалари ва ҳокимият вакиллари ўртасида қарама-қаршилик давом этмоқда.

Хуршид Жўрақуловнинг айтишича, уй ва бошқа қурилмаларнинг бузилишига сабаб бўлган, маҳалла ўртасидан ўтган сув ариғи ўтган асрнинг 70 йилларида пахтага сув олиш мақсадида кавланган.

Аммо орадан бир неча ўн йил ўтиб, бу ҳудуд одамларга участка сифатида бўлиб берилганидан сўнг, аҳоли ариқ четигача уй, молхона, омборхона девор ёки бошқа бир нарса қурган.

Айни пайтда эса гўё ариқнинг пастидаги фермерлар ва одамларнинг талаби билан бу ариқни кавлаб кенгайтиришни ҳокимлик туман сув хўжалигига топширган.

Сув хўжалиги ариқдан 5 метр масофадаги қурилмаларни буздириш ҳақида суднинг қарорини чиқартирган ва бу ҳақда аҳолини огоҳлантирган.

Аҳоли ўз ихтиёри билан суд қарорини ижро қилмагандан сўнг, мажбурий ижро бошланган.

Бўлаётган иш аслида мана шу. Лекин найманликларнинг иддао қилишларича, ҳокимга яқин бўлган фермерларнинг ерига кўпроқ сув олиб бориш учун деярли кўмилиб кетган ариқ қайтадан кавланяпти:

“40-50 йилдан буён турган ариқни кенгайтираман, деб қарор қабул қилган ҳоким. Судга ҳам ҳеч кимни чақиртирмай, қарор қабул қилдиртирган. Апелляция муддати ҳам ўтиб кетган, халқ бехабар. Фақат бир марта ариқдан беш метр қолдирилсин, деворларингни олишни сўраймиз, деган хат келган эди. Ўшандан бери беш ой ўтиб кетди, энди бошидан экскватор билан бузиб келяпти. Бу ерда кадастр қилгани ҳам бор, қилмагани ҳам бор”.

Найман қишлоғидаги бузилишлар.
Найман қишлоғидаги бузилишлар.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир найманлик йигитнинг айтишича, суд қарорида оддий халқнинг манфаати ҳисобга олинмаган:

“Қонунда қурилма ариқнинг чети 2 метрда бўлиши керак дейилган, ариқда у канал эмас. Булар беш метрни суриб келишяпти. Суднинг қарорида одамларнинг девори бузилсин деган, уйи бузилсин, демаган. Булар бир сетдан яшаш уйини ҳам бузиб келишяпти. Халққа қийин бўляпти. Бу ариқ ҳокимиятнинг балансида бўлмаган, халқ ҳашар билан қазган бир вақтлар. Суднинг қароридан сўнг ҳокимият балансига ўтказиб берилди. Мен қарорлар билан танишиб чиқдим. Совет даврида ариқнинг охирида пахтазор бўлган. Мустақилликдан кейин уни ер участкаси қилиб маҳаллаларга бериб юборди. Уйлар қурилиб кетди. Ариқ кичрайиб деярли йўқ бўлиб кетди. Уни кераги ҳам йўқ эди. Пастдаги маҳаллакомлардан бири ҳокимнинг қариндоши экан, ўша ташкиллаштиряпти бу ишларни”.

Найман қишлоғидаги бузилишлар.
Найман қишлоғидаги бузилишлар.

Пастдарғом туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Соннибоев аҳолининг ноқонуний қурилмалари суд қарори асосида бузилаётганини айтди:

“Бу ерда аҳоли сув ичадиган катта ариғ бор. Лойқа сув келаверганидан сўнг, у ариғ тўлиб, тўлиб бугунги кунда умуман сув ўтмайдиган бўлиб қолган. Фермер хўжаликларига ҳам шу ердан сув ўтади. Ариқни тозалаш учун техника ўтиши керак, билсангиз ҳар бир каналнинг ҳимоя зонаси бўлади.

Озодлик: -У канал эмаску?

- Канал тўлиб-тўлиб, худди ариққа ўхшаб қолганда. Аслида у “Чинор-2” канали. Фермерлар ичади, аҳоли ичади. Каналнинг 5 метр ҳимоя зонасини аҳоли ноқонуний эгаллаб олган. Шунга сув хўжалиги судга ариза киритган, суд қарор чиқарган ва ноқонуний қурилмалар бузиляпти. Лекин у ерда одамлар яшаб турган бирорта уй бузилишга тушмаган, ҳаммаси девор ва қўшимча қурилмалар”.

Найманлик Гуландом Равшанова эса болалигидан биладиган бу ариқ ҳеч қачон канал бўлмаганини таъкидлар экан, айнан у яшаб турган уй бузилишга тушганини айтади:

“Бу бир метрлик кичкинагина ариқча. Унинг ичида ўйнаб катта бўлганмиз. Ҳозир энди ҳокимиятга яқин одамларнинг ерига сув бормай қопти, шунга аҳолининг уйларини бузишяпти. Бизга ҳам ўша пайтдаги ҳоким қарор чиқариб шу ердан уй қуришга жой берган эди. Биз ҳам қурганмиз. Яшаб турган уйимнинг ўртасидан энди канал ўтар экан. Эллик йиллик ариқ энди канал бўлгиси келибди. Биздан 100 метр пастга бориб ариқ тугайди, думи йўқ. Думи йўғу, оғзидан кавлаб ётишибди”.

Найманликларнинг айтишларича, ижтимоий тармоқда тарқалган видеода ўз норозилигини билдирган йигитлар ИИБга чақиртирилиб, сўроқ қилинмоқда. 23 ноябр куни кечқурун олинган маълумотга кўра, видеодаги йигитлардан тўрт киши - Исомиддин Рустамов, Одил Эргашев ва Элбек, Илғор исмли йигитлар 15 суткага қамалган. Уларга орган ходимига бўйсунмаслик айби қўйилган.

Пастдарғом тумани ИИБдан бу маълумотни тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимиятларнинг аҳолининг турар-жойини бузиши ортидан норозилик акциялари кўп содир бўлиб туради.

Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда аҳолининг норозилиги кўпайган Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилояти ҳокимларини сиёсатга хиёнатда айблаган, ҳокимлар кенг жамоатчилик олдида халқдан ва президентдан узр сўраб, ишдан ҳайдалишдан қутилиб қолишган эди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG