Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Бўстонлиқдаги дала ҳовлилар эгаларидан яширинча бузилмоқда (ВИДЕО)


Дала ҳовлилар бузилиши айни дам олиш мавсумида амалга оширилмоқда.
Дала ҳовлилар бузилиши айни дам олиш мавсумида амалга оширилмоқда.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Хумсон ва Хўжакент қишлоқларидаги айрим дала ҳовлилар ноқонуний қурилганлик важи билан бузиб ташланмоқда.

Угам дарёси бўйида жойлашган ушбу дала ҳовли эгаларининг Озодликка айтишича, “дача”лари улар йўқ пайти яширин равишда бузиб ташланмоқда.

Бўстонлиқ туман ҳокимлиги мулозими дала ҳовлиларнинг яширинча бузилаётганини инкор қилиб, “снос”лар ноқонуний қурилмаларни бузиш ҳақидаги ҳукумат қарорига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жорий йил ёзида Бўстонлиқдаги бузилишлар тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Яширинча бузилаётган дачалар

Озодликка 4 август куни мурожаат қилган бўстонлиқликлардан бири икки ҳафта ичида Хумсон ва Хўжакент қишлоғидаги ўнга яқин дала ҳовли эгалари йўқ пайти бузиб ташланганини билдирди.

“Угам дарёси қирғоғидаги дала ҳовлилар эгалари йўқлигида бузиляпти. Одамлар дачалари бузилаётганидан хабар топиб, етиб келган пайти бузаётганлар машиналарига ўтириб, қочиб кетишяпти. Ҳеч қандай қарор ҳам тақдим этмаяпти”.

Хумсонда дала ҳовлиси бузилганлардан бирининг исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, унинг ҳовлисини ҳам эгаси йўқ пайти огоҳлантиришсиз бузишган.

“Дачамиз бузилаётганини қўшниларимиз телефон қилиб айтишди. Югуриб келсак, деворларни бузиб бўлишган экан. Иккита машина ва битта экскаватор, ўнга яқин одам бор экан. Онам экскаваторнинг олдига туриб олди. Бизга бузиш ҳақидаги бирорта қарорни кўрсатишмади. Кейин секингина кетиб қолишди. Шу бўйи ҳали келишмади. Дачанинг 40 фоиз жойини бузишган”.

Мулозим билан "дача" эгалари ўртасидаги можаро

Озодликка Бўстонлиқдан жўнатилган видеолардан бирида ўзини прокуратура ходими деб таништирган мулозим билан дала ҳовли эгалари ўртасидаги можаро акс этган.

Видеони йўллаган манбанинг айтишича, тасвирлар Хумсон қишлоғида олинган бўлиб, воқеа дала ҳовли яширинча бузилаётган пайти эгалари келиб қолганидан кейин содир бўлган. У дала ҳовли эгалари шахсини очиқламасликни истади.

Тасвирларда дала ҳовли эгалари ИИБ машинасида келиб, ўзини прокуратура ходимиман деб таништирган мулозимдан бузиш ҳақидаги қарорни кўрсатишни бир неча марта сўрашгани, бироқ мулозим ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмагани акс этган.

"Сиз кимсиз ўзи? Таништиринг ўзингизни! Документингиз борми? Кимсиз ўзи сиз? ...Қарорингни кўрсатмайсанми? Кўрсат қарорингни! Одамни чақирмайсанларми? Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан бузишга келасан!".

Видеонинг давомида икки ўртада низо чиққани ва мулозимнинг дала ҳовли эгаларидан бирига қўл кўтаргани ҳам кўринади.

Бўстонлиқ: Дала ҳовлиларимизни ҳеч қандай қарорсиз бузишмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00

Мазкур видеони Озодликка йўллаган бўстонлиқлик муштарийга кўра, дала ҳовли эгалари мулозимнинг ўзларига қўл кўтаргани борасида ҳеч қаерга мурожаат қилмаган.

Бўстонлиқ туман ИИБсидан олинган маълумотга кўра, бу борада уларга ҳам бирор ариза тушмаган.

Мулозим: "Снос"лар қонуний қилиняпти!

Бўстонлиқ туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими дала ҳовлилар яширинча бузилаётгани ҳақидаги даъволарни инкор қилди.

“Нимага яширинча бузилади? Икки йил аввал Вазирлар Маҳкамаси ноқонуний қурилмаларни снос қилиш ҳақида қарор чиқарган. Кейин президент фармони ҳам чиқди. Бу дала ҳовлиларнинг ҳаммаси ноқонуний қурилган. Улар снос қилинган тақдирда ҳам эгаларига компенсация тўланмайди, сабаби ҳужжати йўқ”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ҳокимлик мулозими.

2018 йилги президент фармонига кўра, Бўстонлиқда “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ушбу режани амалга ошириш учун Чорвоқ ва Угам дарёси бўйидаги 50 метр масофада жойлашган ноқонуний қурилмаларни бузишга кўрсатма берилган.

Матбуотда кўп ёритилган Бўстонлиқ "снос"лари

Кейинги икки йил давомида Бўстонлиқдаги буз-бузлар матбуот орқали энг кўп ёритилган мавзулардан бирига айланди.

Дастлаб президент трассаси - Чорвоқ йўлидаги ҳашаматли уйлар бузилди.

БЎСТОНЛИҚ – “Президент йўлидаги дачаларни бузишга орган ходимлари бош-қош бўлмоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:18 0:00

Кейинчалик Чорвоқ ва Угам дарёлари бўйидаги дала ҳовлилар бузила бошланди.

Жорий ёзда Бўстонлиқда бошланган кенг кўламли бузилишлар маҳаллий матбуот орқали ҳам кўп бора ёритилди.

2 июль куни Бўстонлиқда ноқонуний дала-ҳовлиларнинг бузилиши юзасидан маҳаллий ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирилди.

Ўша куни Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров журналистларга Бўстонлиқдаги дала ҳовлилар бузилишининг легаллиги ва легитимлигини исботлаб беришга ҳаракат қилди.

Бироқ Ёдгоровнинг бу чиқиши тармоқларда кескин танқидга учради.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам буни қоралаб чиқди:

“Пресс турда Олий суд раиси ўринбосарининг "снос" масаласида тушунтириш бериши ва шу ернинг ўзидаёқ "снос" қилаётганларнинг ёнини олиб, одамларни ноқонуний қурилма қурганлигини айтиб, айбдор қилишга интилиши мустақил суд учун ғалати эмасми? Бу суд ҳокимиятининг ижро ҳокимиятига адвокатлик қилаётганига, жойига бориб унинг топшириқларини сўзсиз бажараётганига ўхшамаяптими? Агар шундай бўлса бу даҳшат!”.

Тошкент вилоятидаги Чимён-Чорвоқ дам олиш зонасида 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида эркин туристик зона ташкил қилиш режаланган.

Режага кўра, бу ерда янги замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар мажмуалари қурилади.

Президент фармонида ҳудудга қатновчи транспорт тизимини ҳам яхшилаш кўрсатилган.

Чорвоқ қачон чинакам курортга айланади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

XS
SM
MD
LG