Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:23

OzodDayjest: Журналистга таҳдид қилган прокурорнинг жазосиз қолдирилгани эътирозга сабаб бўлди


Талабаларнинг ётоқхонадан яшашга жой тополмай, сарсон бўлаётгани танқид қилинди. Журналистга таҳдид қилган прокурор “одоб дарси” билан қутулди. Шерободдаги гапирувчи қарға эгасининг вафотидан кейин бир ойдан ортиқ гапирмаган. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Кетмони учаётган маклерлар, кўчада қолаётган талабалар

Янги ўқув йили бошлангач, Тошкент шаҳрида талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш масаласи яна кун тартибига чиқди. Талабаларнинг аксарияти ўзи ўқиётган университет ётоқхонасида яшашга жой тополмай, шаҳар кўчаларида ижарага уй қидириб, овораю сарсон бўлиб юрибди (“Адолат” газетаси, 2021 йил 37-сон).

“Олий таълим муассасаларидаги талабалар сони йилдан-йилга ортиб бораётган экан, уларнинг тураржойга бўлган эҳтиёжи ҳам ҳисобга олиниши, қўшимча ётоқхоналар қурилиши ва талабалар, энг аввало, бирламчи эҳтиёж, яъни яшаш жойи билан таъминланиши керак эди. Амалда эса ОТМларда талабалар сонининг ортиши ва уларнинг тураржойга бўлган эҳтиёжи қондирилиши ўртасида номутаносиблик юзага келди”, - деб ёзган газета.

Қайд этилишича, институт ётоқхона билан таъминлай олмаётган, уй-жой бозорида маклерларнинг “кетмони учган” бир пайтда пойтахтда ижарага ҳам уй топиш душвор бўлиб қолмоқда.

Аввалроқ Халқ демократик партияси раиси ўринбосари, президентликка номзод Мақсуда Ворисова ҳам ижара уйлар нархи қимматлиги, ётоқхона етишмаслигини танқид қилган эди.

“Аччиқ бўлса ҳам, очиқ айтайлик, Ўзбекистондаги бирорта олий таълим муассасасининг ўз талабаларини тўлиқ сиғдира оладиган тураржойи йўқ. Шу сабабли талабалар турли ижара уйларда яшашга мажбур. Бу ҳолат, айниқса, пойтахтда жуда ачинарли аҳволда: ижара пули қиммат – бир хонали квартира 300-400 доллар атрофида. Талабага паст тоифали одамдек муомала қилишади: “студентларга квартира йўқ”. Бу бир неча вазирлик ё идора томонидан эмас, ҳукумат даражасида ечилиши лозим бўлган муаммодир”, - деган эди М. Ворисова.

Маълумотларга кўра, республикада 220 дан ортиқ талабалар тураржойи мавжуд, улар 58 минг нафар талабани сиғдира олади, ваҳоланки, ҳар йили 149 минг нафардан ортиқ талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор.

Журналистларга таҳдид қилган прокуратура ходими жазодан қутулиб қолди

Прокуратура ходими журналист фаолиятига тўсқинлик қилгани расман тасдиқланди, аммо тегишли чора кўрилмади. Ҳолбуки, у Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин эди (www.qalampir.uz, 11 cентябрь).

Гап шундаки, “Qalampir.uz” таҳририяти аъзолари – журналист Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамёр Холмуродов, юрист Шоҳрух Олимжонов Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино бузилаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан воқеа жойига боради. Улар қонуний талабларни бузмаган ҳолда, журналистик фаолиятини амалга оширишга киришади. Аммо журналистлар фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов тўсқинлик қилади. У. Азизов “керакли жойда гаплашиш” билан таҳдид қилиб, ОАВ ходимларидан видеотасвирларни ўчириш ва воқеа жойидан кетишни талаб этади.

Бош прокуратура тизим вакили “Qalampir.uz” журналисти фаолиятига тўсқинлик қилганини тасдиқлади.

“Текшириш натижасига кўра, У. Азизов билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг “Касб одобномаси”га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди”, - дейилади БП баёнотида.

Прокуратура расмийсининг тегишли тартибга жазоланмагани нашр эътирозига сабаб бўлган.

“Ҳар қайси мансабдор қилмиши учун жавобгарликдан узр-маъзур билан қутулиб қоляпти. Оқибатда эса журналистларга нисбатан тазйиқ, босим, таҳдид, сўз ва матбуот эркинлигига ғов бўлиш ҳолатлари ортса ортяптики, камаймаяпти… Журналистларга қайта-қайта қонунларга итоат қилиш, этика қоидаларини бузмаслик, ахборот олиш ва тарқатишда холислик принципига амал қилиш эслатилади. Бунга риоя қилмаган журналист ва блогерлар жавобгарликка тортилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Лекин журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар қачонгача узр ва “одоб дарслари” билан қутулади?” - дея эътироз билдирган “Qalampir.uz” нашри.

Сурхондарё: гапирувчи қарға марҳум эгасига ақл бовар қилмас садоқат кўрсатди

Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Катта ҳаёт маҳалласида “Гоша” лақабли гапирадиган қарға бор (“Ўзбекистон овози” газетаси, 15 сентябрь). Хонадон бошлиғи Бўри Раҳимов қарға боласини бир неча йиллар олдин ўғли Шодибекка олиб келиб берган. Тез орада қарғанинг гапириш иқтидори юзага чиққан. Унинг дастлабки сўзи “Шодибек” бўлган. Икки-уч йилда 30 дан зиёд сўзни бемалол айта бошлаган. Жумладан, “Яхши ўқи”, “Отахон, яхши боринг”, “Онахон, яхши боринг” дейдиган бўлган.

Бу орада Шодибек буйрак хасталигидан вафот этган. Ўшанда жонивор ақл бовар қилмас садоқат намунасини кўрсатган.

“Шодибек оламдан ўтгач, қарғанинг нақадар вафодор ва жуда садоқатли жонивор эканига гувоҳ бўлдим. Ишонасизми, айрилиқдан кейин “Гоша” бир ойдан ортиқ гапирмади. Ҳатто бирорта сўз ҳам айтгани йўқ. Ўн кунча деярли овқат емай, тушкун кайфиятда юрди”, - деган марҳум боланинг онаси Собира Абдуллаева.

Жониворга хорижликлар ҳам харидор бўлган. “Инсон нутқини паррандаларда ривожлантириш” мавзуида тадқиқот олиб бораётган япониялик олим қарға учун 20 минг доллар таклиф қилган. Кореяликлар эса “Гоша”ни 30 минг долларга баҳолаган, аммо эгалари сотишга кўнмаган.

Гапирувчи қарға совуқ ўлкаларга учиб кетмай, шу ҳовлида яшамоқда. “Гоша” ёнғоқ, ширинликлар ва паловни хуш кўради.

XS
SM
MD
LG