Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:07

OzodDayjest: Энергетика вазири ўринбосари ўзи яшайдиган маҳаллада ҳам чироқ муттасил ўчишини тан олди


Электр энергияси йўқлиги оқибатида қоронғуликда дарс тайёрлаётган болалар.
Электр энергияси йўқлиги оқибатида қоронғуликда дарс тайёрлаётган болалар.

Парламент тўйларга доир талабларни бажармаётган вазирликлар устидан ҳукуматга сўров юбормоқда. Таниқли олим лотин алифбосининг янги лойиҳаси бўйича танқидий мулоҳазаларини билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Жаримани тўлайди-да, хоҳлаганича тўй қилади” – сенатор тўйларга доир чекловга риоя қилинмаётганини айтди

Республика махсус комиссияси тўйларни 30 кишидан ошмаган ҳолда ўтказишни белгилаган бўлса-да, охирги пайтларда бу талабга амал қилинмаяпти, дейди Олий Мажлис сенатининг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев (www.daryo.uz, 22 март).

“Аввал бошида тўй эгалари бир кун куёв болани дўстлари, бир кун келинни ўртоқлари, бир кун қудаларга, бир кун маҳаллага ва қавм-қариндошларга ош бериб, 30 кишидан тўйларни ўтказишди. Ҳозирги кунда тўйларда меҳмонлар сони яна ошиб боряпти. Айниқса, бу каби ҳолатлар кўпроқ вилоятларда кузатилмоқда. Шу боис Республика махсус комиссиясини йиғиб, ушбу масалаларни кўриб чиқмоқчимиз”, - дейди Б.Сайфуллаев.

Қўмита раисига кўра, тўйларни ўтказиш бўйича низомни бузган фуқароларга жуда кам миқдорда жарима қўлланади. “Шу даражадаки, пулни тўлайди-да, хоҳлаганича тўйни ўтказаверади”.

Маълум қилинишича, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом талабларини бажаришда камчиликларга йўқ қўяётган вазирлик ва мутасадди ташкилотлар устидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил апрель ойида коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда карантин вақтида тўй-маросим ўтказганларни “масъулиятсизлар” деб атаган эди.

Вазир ўринбосари: 1991-2016 йилларда СССРдан қолган энергия захирасини еб тугатдик

Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ўзи яшаётган маҳалла ҳудудида ҳам чироқ таъминоти муаммо эканини тан олди (www.kun,uz, 19 март).

“Сенатда, депутатлар орасида танқидга учраш, тўғри, одамга алам қилади, лекин жудаям оғир эмас. Энг оғири – халқнинг кўзига қараш. Тошкент вилоятида тураман, мен ҳам уйимга борганимда қоп-қоронғи маҳаллага кириб бораман. Кечирасиз-у, қўни-қўшниларим чиқиб, ота-онамга эътироз билдирган вақтлар ҳам бўлади. Нега ўзимизнинг маҳаллага чироқни ҳал қилиб қўймайди, деб сўрашади. Лекин бир ҳудудда доим ёниб, бир ҳудудда доим чироқ бўлмаслиги – буям адолатдан эмас”, - дейди Ш.Хўжаев.

Вазир ўринбосари Ўзбекистондаги ҳамма подстанциялар 2 баравар қувват билан ишлайдиган қилиб қурилганини айтиб ўтди.

“Бир нарсани очиқ айтай, энг катта муаммомиз нимадалигини. 1991 йилдан бошлаб то 2016 йилгача собиқ СССР давридан қолган бутун захирани едик. Ҳамма подстанцияларимиз 2 баравар қувват билан ишлайдиган қилиб режалаштириб қурилган эди вақтида. Ҳаммасида захира қувватлар бор эди – еб тугатдик”, - дейди у.

Қайд этилишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” бюджетидаги маблағларнинг бир қисми реконструкцияга, яна бир қисми янги қурилишларга сарфланади.

“Лекин янги қурилишларга талаб ҳаддан зиёд кўп: завод, фабрика, тадбиркорлик субъектлари, янги қурилган уйлар – қанча кўп қаватли уйлар қурилаётганини биласиз. Шу сабаб маблағимиз етмай қоляпти. Агар олдингидан қолган муаммолар бўлмаганда эди, шу йилнинг ўзида таъминлаш вазифасини бемалол бажара олардик. 30 йиллик муаммони суриб қўя олмаймиз”, - деган вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 24 март куни ўтказилган йиғилишда энергетика вазири Алишер Султонов президент Шавкат Мирзиёев бу йил қишда ҳам, ёзда ҳам электр энергияси таъминотида узилиш бўлмаслигига ваъда берди.

“Х” ва “ҳ” ҳарфларини битта қилиш юбориш керак” – таниқли олимдан лотин алифбоси ислоҳи бўйича таклиф

Таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси лойиҳаси бўйича танқидий мулоҳазалари билан ўртоқлашди (“Ишонч” газетаси, 25 март).

“Лойиҳа муаллифлари алифбони ўзгартиришдан мақсад, биринчидан, ёзувни ўзбек тилининг табиатига максимал даражада яқинлаштириш, иккинчидан, ёзувнинг умумийлигига таянган ҳолда туркий халқларни ўзаро бирлаштиришдан иборат бўлганини ҳисобга олмаганлар. Чунки муайян бир тилнинг ёзуви унинг асл табиатига қанчалик яқин бўлса, тил вакилларининг ёзма саводхонлиги шунча юқори, нутқи равон, фикрлаш йўсини аниқ бўлади”, - дейди Қ.Йўлдошев.

Олимга кўра, барча туркий халқлар сингари ўзбек тилида ҳам камида тўққиз унли мавжуд ва янги алифбодан улар ҳам жой олиши керак. Қолаверса ўзбек тилининг табиатига мутлақо ёт бўлган тутуқ белгисидан воз кечиш, “х” ва “ҳ” ҳарфларини худди турклардаги сингари битта қилиш юбориш лозим.

Таъкидланишича, алифбо лойиҳасининг муҳокама муддатини камида 15 апрелга қадар узайтириш ва бир замонлар йўл қўйилган барча хатоликларни тузатиб, ҳам ўзбек тили табиатига, ҳам қардошларга яқинлашиш чораси кўрилиши керак.

“Айримлар жамиятда шунча муаммо турганда, алифбони такомиллаштириш шартми, боридан фойдаланилаверсин-да, демоқда. Барча муаммолар айнан ўзлигимизни таниш ва танитишга хизмат қиладиган миллий белгиларга бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз туфайли содир бўлади. Агар ўзликни англатадиган жиҳатларга жиддий ёндашиб, эътиқод бутунлигига эришилганда эди, сув омборларимизга балиқнинг, томларимизга шамолнинг кучи етмаган бўларди. Баъзи одамлар тилни сиёсатга аралаштирмаслик керак, дейишлари мумкин. Ҳолбуки, айнан тил сиёсатга айланмагани учун ҳам сиёсат чинакам сиёсат даражасига чиқа олмайди”, - деб хулоса қилади Қ. Йўлдошев.

XS
SM
MD
LG