Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:27

OzodDayjest: Вазирликнинг шошма-шошарлик билан чиқарган буйруғи важидан юзлаб имконияти чекланган бола кўчада қолди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Мактабгача таълим вазирининг қарори ортидан Хоразмда 5 ёшгача бўлган 250 нафардан зиёд ногирон бола кўчада қолган. Тошкент вилоятида 60 ёшли киракашни пичоқлаган йигит 18 йилга қамалди. Ижодкор қиз адолатсизлик сабаб Зулфия мукофотидан маҳрум этилганини айтди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Мактабгача таълим вазирининг ўйламай чиқарган қарори мутахассислар норозилигига сабаб бўлди

Мактабгача таълим вазирининг 2020 йил 27 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 186-сон буйруғи ота-оналар ва соҳага умрини бахшида қилган мутахассисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда (“XXI аср”, 11 март). Ушбу буйруққа кўра, Хоразм вилоятидаги 17 та ихтисослаштирилган МТМдан 10 таси умумий турдаги МТМга айлантирилган. Оқибатда вилоятдаги 5 ёшгача бўлган 250 дан зиёд жисмоний ёки психик ривожланишда нуқсони бўлган болалар кўчада қолган.

Қайд этилишича, бу ўринда масаланинг ягона ечими – узоқ туманлардаги собиқ ихтисослашган МТМларни ўз ўрнида қолдиришдир.

9 март куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев мактабгача таълим муассасаларига қамров бўйича қўшиб ёзиш ҳолатлари авж олаётгани ҳақида гапирди.

“Ўрганишларда маълум бўляптики, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражасини сунъий қўшиб ёзиш ҳолатлари авж олмоқда. Жумладан, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 6 ёшли болалар қамров даражаси 70 фоиз деб кўрсатилган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич амалда 25,8 фоиз экани аниқланди”, деган Тошкенбоев.

Инспекция раҳбарига кўра, бошқа вилоятларда ҳам қамров даражаси шаҳар маркази бўлмаган ҳудудларда 20-40 фоиздан ошмайди.

Шу туфайли у қамров даражаси статистикасини юритишнинг аниқ тизимини ишлаб чиқиш ва ёлғон маълумот тақдим этганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифини билдирди.

22 ёшли йигит 60 ёшли киракашни 42 марта пичоқ уриб ўлдирди

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 60 ёшли ҳайдовчига 42 марта пичоқ уриб, унинг “Matiz” автомобилини қисмларга бўлиб сотиб юборган шахсларга ҳукм ўқилди (“Халқ сўзи”, 10 март).

2020 йил 17 март куни Тўйтепа–Оққўрғон–Янгийўл автомагистрал йўли четидаги дала майдонида эркак кишининг жасади топилган. Шу куннинг ўзида прокуратура ходимлари мурданинг шахсини аниқлаган. У “Matiz”да киракашлик қилувчи, 1960 йилда Оққўрғон туманида туғилган Давлатбой Холиқулов бўлиб чиққан.

Жиноят тафсилотларига кўра, 1999 йили Чиноз туманида туғилган Жавоҳир Мираҳмедов “Matiz” автомашинаcига йўловчи сифатида чиққан ва ҳайдовчини Янгийўлда ваҳшийларча чавақлаган. Сўнг автомашинани шериги Сардор Ҳикматиллаевнинг уйига олиб борган. С.Ҳикматиллаев машинани эҳтиёт қисмларга ажратиш учун қариндоши Мажид Умаровни ёрдамга чақирган. Шу тариқа жиноий гуруҳ эҳтиёт қисмларни Сергели машина бозорига олиб чиқиб сотган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг ҳукмига кўра, Ж. Мираҳмедов 18 йил, С. Ҳикматиллаев 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. М.Умаровга эса 4 йил 6 ойга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Алия Темурийзода: Адолатсизлик сабаб Зулфия мукофотидан маҳрум бўлдим

“НеМолчи.уз” лойиҳаси фаоли, Алия Темурийзода тахаллуси билан ижод қилувчи Шаҳноза Эшмирзаева ўзининг Зулфия номидаги давлат мукофотининг 2020 йилги тақдирланувчиларидан бири бўлгани, лекин адолатсизлик сабаб бошқа бир қиз мукофот совриндори бўлганини айтмоқда (www.xabar.uz, 9 март).

Қайд этилишича, халқаро адабий танлов ғолибаси бўлган ижодкор мукофотнинг республика финал босқичида юқори балл тўплаган. Аммо давлат мукофоти бошқа бир қизга берилган. Ўша вақтда мукофот комиссияси раиси бўлган Элмира Боситхонова Ш.Эшмирзаевани апелляция аризасини ёзишга ундаган. Аммо ариза турли баҳоналар билан кўриб чиқилмаган.

“Шундан сўнг, шунча пайт бирор марта ҳеч қаерда тилга олинмаган Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясидаги қандайдир экспертлар гуруҳи 317 номзоднинг ишини кўриб чиқиб, баҳолагани ҳақида гап топилиб қолди. Агар улар бизни баҳоласа, нега ёзувчи-шоирларни, яна баҳолаш жараёнини “шаффоф” деб оғиз кўпиртириб, видеотасвирга олишди? Талаб қилиб ҳам бирор марта кўролмадим шу видеотасвирларни, менга кўрсатишмади. Ҳолбуки, 2020 йил 15 февралдаги Зулфиячи қизлар форумида Элмира Боситхонова алоҳида урғу бериб, бу йилги баҳолаш шаффоф ўтгани, баҳолаш жараёни ҳаммаси видеотасвирга тушириб олингани такрор-такрор таъкидлаган эди. Қани, қаёққа кетди ўша гаплар, ўша шаффофлик? Қўлимда шунча далил туриб, ҳақлигимни исботлай олмаяпман-ку, яна қанақа шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин?!” деб ёзган номзод.

Ш. Эшмирзаева адолатни тиклаш йўлида курашажаги, таслим бўлмаслигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG