Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 16:00

OzodDayjest: Боғча тарбиячисининг эҳтиётсизлиги оқибатида 5 ёшли бола кўзидан айрилди


Иллюстратив сурат.

Хуршид Даврон флюгертабиат ижодкорларни танқид қилди. Актриса Зуҳра Солиева турмуш ўртоғининг муштумзўрлигидан сўз очди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Хуршид Даврон: Улар Амир Темурни илоҳийлаштиришни истайди...

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Амир Темурнинг 685 йиллиги арафасида эълон қилинган суҳбатда ушбу тарихий шахс ҳақида яратилган илмий ва бадиий асарларни кескин танқид қилди (“XXI аср” газетаси, 8 апрель).

“Бир пайтлар колхозлаштириш ёки гугурт фабрикаси тарихини ёзиб илмий унвон олган, шўро “қаҳрамон”ларини олқишлаб узундан-узоқ шеърий романлар ёзган илму адабиётдаги флюгертабиат ижодкорлар бир думалаб “амир темур”чиларга айланди, бир умр Амир Темурга қарши курашган олимларнинг айримлари “бош темурчилар” сифатида тан олинди. Узоқ йиллар Соҳибқирон мавзуси асл илм ва чинакам адабиёт эмас, сохта ва ёлғон демагогия қуролига айланди. Айримлар учун Темур ҳақида ёзиш кун кечириш манбаига айланди”,- дейди тарихий мавзуда салмоқли насрий асарлар ҳам ёзган шоир Х.Даврон.

Қайд этилишича, шу пайтгача Соҳибқирон ҳақида нашр этилган китобларнинг учдан икки қисмини илм ҳам, адабиёт ҳам деб бўлмайди. Чунки пала-партиш, хом-хатала ва тарихий материалдан мутлақо бехабар, тарихий ҳужжату қўлёзмаларни чуқур ўзлаштирмаган муаллифларнинг асарларини муҳокамасиз, илмий экспертизасиз чоп этиш одат тусига кирган.

Х.Даврон Соҳибқирон образини илоҳийлаштиришга қарши эканини ҳам баён қилган.

“Бир нечта театр раҳбарлари мендан Амир Темур ҳақида пьеса ёзиб беришимни сўрашди. Лекин мен бу таклифларни рад этишга мажбур бўлдим. Чунки ўша театрлар раҳбарларининг мақсадини жуда яхши биламан. Улар Соҳибқиронни илоҳийлаштириб, гўёки фариштага айлантириб ёзишимни истайди. Ҳар қандай тарихий шахс ҳаёти ва фаолиятини безамасдан, лоф қўшмасдан, борича кўрсатишимиз керак”,- дейди таниқли шоир ва адиб.

Боғча тарбиячисининг эҳтиётсизлиги оқибатида 5 ёшли бола кўзидан айрилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 13-оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисининг эҳтиётсизлиги фожиа билан якунланди (www.uza.uz, 6 апрель).

Исми ошкор этилмаган аёл тарбияланувчиларга овқат тарқатаётган вақтида болалар бақир-чақир қилган. Тарбиячи уларни тинчлантириш мақсадида қўлидаги темир қошиқни силкитган вақтида эҳтиётсизлик натижасида қўлидан чиқиб кетиб, 2016 йилда туғилган боланинг кўзига теккан ва оқибатда у бир кўзидан айрилган.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Тарбиячи маҳкамада бола даволаниши учун 14 миллион сўм пул бергани ва қилмишидан пушаймон эканини маълум қилган. Тарбиячига қандай жазо тайинлангани очиқланмаган. 13-оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан эса жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 4,7 миллион сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

Ўтган ҳафта Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 31-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган, 2015 йилда туғилган бола иссиқ сувдан куйиш оқибатида вафот этгани хабар қилинган эди. Вилоят прокуратураси ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очган.

Актриса Зуҳра Солиева турмуш ўртоғи муттасил калтаклагани ҳақида сўзлаб берди

Актриса Зуҳра Солиева “Мирсодиқова билан” YouTube каналига берган интервьюсида ҳалигача Тошкентда ижара уйда яшаши, эрга тегиб, куйиб қолгани ҳақида сўзлаб берди (www.daryo.uz, 5 апрель).

“Тўйларга чиқаман, лекин Тошкентдан квартира сотиб оладиган даражада пул топмайман, бу биринчидан. Иккинчидан, эрга тегдим. Эрга тегиб, уй-жой қиламан, десам, у эр шунақа тушди, бор-йўғимни совурди. Эрим ҳам пулимни совурди, ҳам дилимни оғритди. Мен нега чидардим, битта бола бўлса буям босилади, ўзгаради, дердим. Бизда шунақа гап бор-ку. Битта бола бўлса, эрим босилади, деганларга айтмоқчи бўлган гапим: босилмайди! Бўлмагани бошидан билинади! ГАИга тушган жаримасини ҳам мен тўлардим, кийим-кечак олиб берардим, машинани бўлиб тўлашга олганман, ҳар ой 400 доллар тўлардим. Ўша пулларни ҳисобласам, эримни кетидан иккита уйнинг пули кетди”, - дейди актриса.

Суҳбатда қайд этилишича, З.Солиева эрига фарзанд кўриш ҳақида гап очганда “Мана сенга бола!” деб унинг бачадонига тепган.

XS
SM
MD
LG