Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:04

Тожикистонликлар хорижга Ўзбекистон орқали учмоқда


Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида визасиз борди-келди бошланганидан кейин кўплаб тожикистонликлар хориж давлатларга Тошкент ёки Самарқанд шаҳарлари орқали боришни афзал билмоқда.

Бунга Тожикистонда учоқ чипталарининг қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонга қараганда анча қимматлиги сабаб бўлмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан бўлган Фируз Аҳмедов Россиянинг Ханти-Мансийск округида қурилишда ишлайди. 36 яшар Фируз Россияга ҳар йили баҳорда самолёт, поезд ёки автобусда кетади.

Аммо бу йил у, дўстлари маслаҳати билан, илк бор Россияга Тошкентдан парвоз қилди.

“Танишлар менга Россияга Ўзбекистондан учиш арзонроқ эканини айтди. Ҳақиқатан ҳам, Тошкентдан Россиянинг Сургут шаҳрига чипта нархи Хўжанд шаҳрига қараганда тахминан 100 доллар арзон экан. Мен учун бу катта пул,” - деди Фируз Аҳмедов.

2018 йил мартида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида визасиз борди-келди бошланиши ортидан нафақат тожикистонлик меҳнат муҳожирлари, балки зиёлилар ва айниқса нодавлат ташкилотлар ходимлари ҳам хорижга Тошкент ёки Самарқанд аэропортларидан сафар қилишни бошладилар.

Тожикистондаги Мустақил Ахборот Воситалари Ассосиацияси раиси Нуриддин Қаршибоев ҳам Озодлик билан суҳбатда охирги вақтларда хориж сафарларида Ўзбекистон ҳаво йўлларидан фойдаланаётганини айтди.

Қаршибоевнинг билдиришича, у тез-тез иш сафари билан Европа ва Осиё мамлакатларга боради. Тошкентдан кўплаб мамлакатларга тўғридан-тўғри парвозлар мавжуд ва чипта нархи ҳам Тожикистондаги ширкатларга нисбатан арзондир.

“Тошкентдан Россия ва Европа давлатларига парвозлар Тожикистон ҳаво ширкатларига қараганда 100-150 доллар арзон. Масалан, ўтган ой мен Тошкет орқали Парижга учиб бордим. Тошкентдан Парижга бориб қайтиш 620 долларга тушди. Душанбедан Истанбул орқали Парижга парвоз нархи эса 1000-1200 доллар,” - деди Нуриддин Қаршибоев.

Унинг қўшимча қилишича, Сўғд вилояти аҳолисининг аксарияти Россия шаҳарларига парвоз учун Ўзбекистонинг Тошкент, Наманган ва Фарғона аэропортларидан фойдалана бошлаганлар.

Айни дамда, Самарқанд шаҳри билан чегарадош Тожикистоннинг Панжакент шаҳридан келаётган хабарларга кӯра, Самарқанд аэропортида тожик ватандошлари учун самолёт чиптаси нархи кўтарилган.

Панжакентлик мустақил журналист Шоҳин Равшаннинг айтишича, Ӯзбекистон билан чегара очилгач, Самарқанд шаҳри яқин бўлгани ва самолёт чиптаси Тожикистонга нисбатан арзон экани боис кўплаб панжакентликлар мазкур шаҳардан Россия ва бошқа мамлакатларга сафар қиларди.

Аммо унинг таъкидлашича, ҳозир вазият ўзгарган ва Самарқанд аэропортида чипта нархи Тожикистон ҳаво ширкатлари билан тенглашган:

“Бунинг устига Ўзбекистон самолётларида болалар учун чипта нархи катталарникидек. Тожикистон ҳаво ширкатларида эса болалар чиптаси 50 фоиз арзон”.

Нега Тожикистонда самолёт чиптаси қиммат?

Душанбедан ташқи давлатларга парвозлар нархи Тошкент ёки Бишкекrа қараганда анча қимматдир.

Интернетда самолёт чипталарини сотувчи сайтларда 30 сентябрь куни Тошкент-Москва йӯланишида энг арзон чипта нархи 10 минг 458 рубл (156 доллар) бўлса, Душанбе-Москва йўланишида чипта нархи 21 минг 095 рублни (324 доллар) ташкил этди.

Тожикистондаги “Тожик Эйр” ва “Сомон Эйр” ширкатлари ёнилғи нархи жуда баландлиги чипта нархига салбий таъсир кўрсатёганини айтади.

Ширкатлар расмийларига кўра, Тожикистонда 1 тонна авиацион ёнилғи нархи 1 минг 465 АҚШ долларини ташкил этади. Айнан шу сабаб чипта нархи 40 фоизга кўтарилади.

Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қирғизистонда 1 тонна авиацион ёнилғи нархи тахминан 750 доллар ва бу Тожикистонга қараганда қарийб икки баробар арзондир.

Бошқа томондан авиация масалалари бӯйича таҳлилчи Суҳроб Жўраевнинг билдиришича, Тожикистонда солиқлар даражаси ҳам баланд ва бу чипта нархига таъсир этмасдан қолмайди:

“Чиптанинг нархига самолёт ҳажми ҳам таъсир кўрсатади. Тожикистон самолётларида йўловчилар учун 180 жой бор. “Аэрофлот” самолёти эса 300 дан ортиқ. Қиш пайтида Душанбе-Москва йўналишида чипта нархи 100 евро эди. Бу нарх ширкатларга зарар келтиради. Муҳожирларнинг Россияга сафари бошланиши баробарида чипта нархи кўтарилиб, ана шу зарар қопланади. Яъни, Тожикистон ҳаво ширкатлари бозорга қараб чипта нархларни тайинлайди”.

Суҳроб Жўраевнинг қўшимча қилишича, Тожикистон ҳаво йўллари бозори очиқ рақобатга асосланган. Ҳозир “Turkish Airlines”, “Astana Air”, “Ӯзбекистон ҳаво йӯллари” ва “Уральские авиалиния” каби 10 хорижий ҳаво ширкатлари тожикистонликларга хизмат кўрсатади.

Айни дамда, мустақил таҳлилчи Неъматулло Мирсаидовнинг Facebook тармоғида ёзишича, “агар “Тоҷик Эйр” ва “Сомон Эйр” ҳаво ширкатлари нарх сиёсатини ўзгартирмаса, аксар тожикистонликлар хориж давлатларга Тошкент орқали сафар қила бошлайди ва натижада бу икки ширкат касодга учраши мумкин”.

Арзон транспорт

Тожикистонлик аксар меҳнат муҳожирлари Россияга самолёт билан эмас, балки нисбатан арзон поезд ва автобусларда боришади.

Тожикистон темир йўл ширкатига кўра, баҳор ва куз фаслларида меҳнат муҳожирлари Россияга бориш ва қайтиш пайтида поездда бўш ўрин қолмайди.

Душанбе яқинидаги Ваҳдат туманида яшовчи Муҳаммад Собиров самолёт чиптаси қимматлиги сабаб беш кун давомида поезд машаққатларига чидашга мажбур эканини айтди:

“Энг арзон чипта 1420 сомоний (150 доллар). Албатта бу самолёт чиптасига қараганда тахминан 4 баробар арзон. Мен қарз олиб, чипта сотиб олдим. Қарзнинг фоизи жуда баланд - 50 фоизга қадар”.

Автобус орқали меҳнат муҳожирларининг Россия шаҳарларига сафар қилиш ҳоллари ҳам кўп.

Тожикистон расмийларига кўра, Россияда 600 минг тожикистонлик меҳнат муҳожири ишлайди.

Аммо, норасмий ҳисоб-китобларга кўра, Россиядаги муҳожирлар сони 1 миллиондан ошади.

Таҳлилчиларга кўра, меҳнат муҳожирлари ташқи давлатларга сафар қиладиган йўловчиларнинг асосий қисмини ташкил эти. Улар топган даромаднинг қарийб 40 фоизи ҳам Россияга берди-келдига сарфланади.

XS
SM
MD
LG