Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 09:56

"Ўзбекистон ҳаво йўллари": Пётр Каримов ишдан ўз хоҳиши билан бўшаган


Пётр Каримов

“Пётр Каримов ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаган”, деб баёнот берди Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси расмий вакили. Компания марҳум президент Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримовнинг иддаоларини рад этиб, ҳеч қандай “парашют” ёки бошқа тўловлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини Озодликка маълум қилди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилованинг 11 октябрь куни Озодликка айтишича, Пётр Каримов 2017 йили ўз хоҳиши ишдан бўшаган. Унга ўз вақтида келиб ҳисоб-китоб қилиши ва ҳужжатларини олиб кетиши мумкинлиги тўғрисида билдиришнома юборилган.

Зумрад Шожалилова Пётр Каримов суд орқали талаб қилаётган бошқа тўловлар масаласида ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини билдираркан, бундай деди:

- Суд масаласида – биз ҳали ҳеч қандай чақириқ қоғозини олганимиз йўқ. Иш масаласида – ҳақиқатан у 2004 йилдан 2017 йилгача бизнинг Москвадаги ваколатхонамизда ишлаган. У ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаган – унинг аризасини ва қарорни биз топдик. Уни ноқонуний ишдан бўшатишгани тўғрисидаги гап-сўзлар тасдиғини топмади. 2017 йилда ишдан бўшаганидан кейин унга расчёт олиб, ҳужжатларини олиб кетиши мумкинлиги тўғрисида билдиришнома юборилган. Кейин нима бўлганини билмадик, чунки у пайтда раҳбарият бошқа эди. Бу масалада чиққан мақолаларда аллақандай “парашютлар” ва тўловлар тўғрисида гапирилган – бизга бу мутлақо тушунарсиз ва уни биз изоҳламаймиз ҳам.

Миллий авиакомпания вакиласи Пётр Каримовга юборилган билдиришнома , ариза ва қарорнинг асл нусхалари авиакомпания ваколатхонасида эканини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан кўрган ўғли Пётр иш берувчидан ҳақини ундириб беришни сўраб Москва шаҳар Тверь судига мурожаат қилгани тўғрисида 10 октябрда хабар қилган эдик.

Тверской туман суди расмий вакили, Озодлик саволига жавобан, Каримов фамилияли фуқаро «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси устидан арз қилганини тасдиқлаган ва суд мажлиси 24 октябрь соат 10:30 га тайинланганини билдирган.

Пётр Каримов “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида ишлаб келган ва 2017 йилда отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилган. Бироқ, Пётр ишдан бўшатиш пайтида унга берилиши лозим бўлган пул маблағини ("парашют") авиакомпания унга тўламаганини иддао қилмоқда.

У ўзига тўланиши лозим бўлган пулни Москва суди орқали ундирмоқчи.

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг расмий таржимаи ҳолида Пётр Каримов исмли учинчи фарзанди борлиги акс эттирилмаган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида эълон қилинган таржимаи ҳолда бундай дейилган:

“У (Ислом Каримов) оилали, икки нафар фарзанди, тўрт набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова - мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда – пенсияда”.

«Википедия» маълумотига кўра, Ислом Каримов ўтган асрнинг 60-йилларида биринчи марта уйланган.

У биринчи рафиқаси Наталья Петровна Кучма билан турмушидан бир ўғил кўрган. Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Исломович Каримов 1969 йилда туғилган. Аммо президентнинг расмий биографиясида ушбу никоҳ ва унинг биринчи фарзанди номи келтирилмайди.

Ислом Каримов кейинроқ Татьяна Акбаровна Каримовага уйланган. Бу никоҳдан икки қиз туғилган - Гулнора Каримова (1972 йилда туғилган) ва Лола Каримова (1978).

Пётрнинг онаси Наталья Кучма 2008 йилда Тошкентда вафот этган.

Пётр Каримов, айни вақтда, Москва вилоятида истиқомат қилади. Иқтисодчи касбига эга Пётр Каримов бирмунча вақт «Азия-Инвест» банкида бошқарув раиси муовини лавозимида ҳам ишлагани маълум.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG