Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:29

Ислом Каримовнинг ўғли Пётр "Ўзбекистон ҳаво йўллари"ни судга берди


Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан кўрган ўғли Пётр иш берувчидан ҳақини ундириб беришни сўраб Москва шаҳар Тверь судига мурожаат қилди.

"Суд маҳкамаси 24 октябрга тайинланди"

Тверской туман суди расмий вакили, Озодлик саволига жавобан, Каримов фамилияли фуқаро «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси устидан арз қилганини тасдиқлади.

- Каримов фамилияли даъвогар бизда бор. Аммо у собиқ президентнинг ўғлими, йўқми - мен билмайман. Суд мажлиси 24 октябрь соат 10:30 га тайинланди. Жавобгар – «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, деди Тверской туман суди раиси муовини Анастасия Дзюрко.

Оммавий ахборот воситаларига сиздирилган маълумотларга кўра, Пётр Каримов “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида бир неча йил юқори лавозимда ишлаб келган ва 2016 йилда отасининг ўлимидан сўнг ишдан бўшатилган. Бироқ, Пётр ишдан бўшатиш пайтида унга берилиши лозим бўлган пул маблағини авиакомпания унга тўламаганини иддао қилмоқда.

Пётр Каримов ўзига тўланиши лозим бўлган пулни суд орқали ундирмоқчи.

Айрим нашрларнинг “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг матбуот котиби Зумрад Шожалиловага таяниб хабар қилишича, компания 10 октябрь куни Пётр Каримовга у билан собиқ ходим сифатида тўлиқ ҳисоб-китоб қилингани тўғрисида билдирув юборган.

Пётр Каримов ҳақида нима маълум?

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг расмий таржимаи ҳолида Пётр Каримов исмли учинчи фарзанди борлиги акс эттирилмаган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида эълон қилинган таржимаи ҳолда бундай дейилган:

“У (Ислом Каримов) оилали, икки нафар фарзанди, тўрт набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова - мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда – пенсияда”.

«Википедия» маълумотига кўра, Ислом Каримов ўтган асрнинг 60-йилларида биринчи марта уйланган.

У биринчи рафиқаси Наталья Петровна Кучма билан турмушидан бир ўғил кўрган. Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Исломович Каримов 1969 йилда туғилган. Аммо президентнинг расмий биографиясида ушбу никоҳ ва унинг биринчи фарзанди номи келтирилмайди.

Ислом Каримов кейинроқ Татьяна Акбаровна Каримовага уйланган. Бу никоҳдан икки қиз туғилган - Гулнора Каримова (1972 йилда туғилган) ва Лола Каримова (1978).

Пётрнинг онаси Наталья Кучма 2008 йилда Тошкентда вафот этган.

Пётр Каримов, айни вақтда, Москва вилоятида истиқомат қилади. Иқтисодчи касбига эга Пётр Каримов бирмунча вақт «Азия-Инвест» банкида бошқарув раиси муовини лавозимида ҳам ишлагани маълум.

XS
SM
MD
LG