Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:36

Бир йилда уч марта ошган бюджет харажатлари. Ўзбекистон 2021 да пулларни нималарга сарфлади?


60 метр баландликдаги ёдгорлик турк компаниялари томонидан турк дизайнер Синан Тураман лойиҳаси бўйича ўрнатилди.
60 метр баландликдаги ёдгорлик турк компаниялари томонидан турк дизайнер Синан Тураман лойиҳаси бўйича ўрнатилди.

Ўзбекистон ҳукумати якунланаётган 2021 йилги давлат бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга кўпайганини эълон қилди.

15 декабрь куни Қонунчилик палатаси йил давомида учинчи марта давлат бюджети харажатларини оширишни маъқуллаган эди.

Бундан олдин харажатлар 11,7 трлн сўм ва 13,1 трлн сўмга оширилган.

Айни пайтда мамлакатнинг умумий ташқи қарзи жорий йил бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд долларга ошиб, 37,6 млрд долларни, мамлакат ялпи ички махсулоти эса 688 936 млрд сўмни ташкил этди.

Айни пайтда бюджетнинг очиқлиги ва ҳисобдорлик юзасидан саволлар сақланиб қолмоқда.

Озодлик ўтаётган йилда Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида амалга оширилган йирик лойиҳалардан баъзиларига назар ташлади.

Мустақиллик монументи

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументни 2021 йилда амалга оширилган энг қиммат лойиҳалардан дейиш мумкин.

Монументнинг давлат бюджетига қанчага тушгани очиқланмади.
Монументнинг давлат бюджетига қанчага тушгани очиқланмади.

Унинг қурилиши учун ҳукумат қанча маблағ сарфлаганини очиқламаган. Монументни қурган турк ширкати ҳам Озодликка лойиҳа қийматини “тижорий сир”деб атади.

Аммо Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, ёдгорлик учун давлат бюджетидан логистика харажатларидан ташқари, 6 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфланган.

60 метр баландликдаги ёдгорлик “Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” турк ширкати томонидан турк дизайнери Синан Тураман лойиҳаси бўйича ишланди.

“Янги Ўзбекистон” боғидаги баландлиги 60 метрлик монументнинг 300 тонналик пўлат ва мис конструкцияси Туркияда тайёрланиб, Ўзбекистонга 85та фура ва 16 та учоқда етказилган.

Монументнинг мармар тошлари ҳам Туркиянинг Сирвиҳисор, Афён, Эски шаҳар ҳудудларидан келтирилгани айтилади.

“Outdoor factory - Acik Hava fabrikasi” ширкати Озодликка монументни 63 кунда қуриб битказганини билдирган.

Қурилганидан икки ой ўтиб, монумент қайта реконструкция қилинди.

Ёдгорлик муаллифи Синан Тураман 9 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда монумент “шоша-пиша қурилгани” ва у реконструкция қилинаётганини тасдиқлаганди.

Жалолиддин Мангуберди ҳайкали

Ўзбекистонда бу йил давлат бюджети ҳисобидан қурилган яна бир йирик ёдгорлик Жалолиддин Мангубердининг янги ҳайкалидир.

Урганчда қурилган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали.
Урганчда қурилган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали.

Оғирлиги 50 тонна ва қиймати камида 2 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган ҳайкал шу ой бошида Хоразмнинг Урганч шаҳри марказига ўрнатилди.

25 метрлик отлиқ Мангуберди ҳайкали ва унинг остидан ўтувчи ярим километрлик ер ости йўлининг қурилиши апрель ойида бошланган ва уни Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллик санасига битказиш мўлжалланган эди.

Аммо ер остидан сув сизиб чиқиши сабаб қурилиш ишлари чўзилди. Ҳайкал қурилишида қатнашган муҳандисларнинг Озодликка айтишича, ер ости йўлига қўшимча маблағ ҳисобига дренажлар ўрнатилган.

Ҳайкалга жой очиш учун шаҳар марказидаги маъмурий ва баъзи турар-жой бинолари бузиб ташланган.

Бронзадан ясалган ҳайкал Россиядаги “Лит-Арт” ҳайкалтарошлик комбинатида қуйилди. Ўзбек матбуотининг ёзишича, дунёдаги бронзадан ясалган энг катта от бўладиган Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкалини ўрнатиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёевга тегишли.

Ҳайкал учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 199-Ф-сон фармойишига биноан, давлат бюджетидан катта маблағ ажратилган.

Фармойишда қурилиш учун қанча маблағ сарфланиши айтилмаган. Ҳайкалнинг Россиядан олиб келиниши ва ўрнатиш ишлари билан қўшиб ҳисоблаганда бу давлат ғазнасига қанча пулга тушгани очиқланмаган.

Мирзиёев Каримов ўрнатган Мангуберди ҳайкалини олдириб янгисини тиклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

Ўзбекистонлик санъатчилар давлат бюджетидан солиқ тўловчилар пулига қўша-қўша ҳайкал ва монументлар қурилишини танқид қилиб чиқишди. Уларга кўра, Каримов даврида ўрнатилган Мангуберди ҳайкали ўрнига янги ҳайкал учун кетадиган миллионлаб маблағларни шаҳарликлар ва минтақа инфратузилмасига сарфлаш мумкин эди.

Ислом цивилизацияси маркази

Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг қиммат қурилиш лойиҳаларидан яна бири Ислом цивилизацияси марказидир.

Тошкентда қурилиши режалаштирилаëтган Ислом цивилизация маркази биноси.
Тошкентда қурилиши режалаштирилаëтган Ислом цивилизация маркази биноси.

Тошкентнинг машҳур "Ҳазрати Имом" мажмуаси ҳудудидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилаётган марказ биносининг узунлиги 145 метрни, эни эса 115 метрни ташкил этиб, бино уч қаватдан иборат. Бинонинг марказий гумбази баландлиги 64 метрни ташкил этади.

Янги қурилишга ер очиш учун уч йил аввал 250га яқин хонадон бузиб ташланган эди.

Ўтган ой Ислом цивилизацияси маркази қурилиши учун жаъми 1,7 триллион сўм маблағ (қарийб $161,5 миллион) ажратилиши маълум бўлди. Бу лойиҳанинг тўрт йил аввал эълон қилинган умумий қийматидан (119 миллион) 42,5 миллион АҚШ долларига кўпдир.

Ислом цивилизацияси марказини қуриш президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида бошланган эди.

Қурилиш вазирининг хотини ва ўғли акциядорлари бўлган “Трест 12” ширкати лойиҳанинг бош пудратчиси этиб танланган.

Шу йилнинг 11 октябрь куни имзоланган янги шартномада мазкур лойиҳа учун жами 1 трлн 723 млрд сўм (Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича бу 161 миллион доллардан ортиқ) маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Президент қарорида марказ биноси қурилишига россиялик миллиардер, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов ҳомийлик қилиши кўрсатиб ўтилган.

"Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин", - дейилади ҳужжатда.

Усмонов марказ қурилиши учун 100 миллион доллар ажратгани маълум қилинган.

"Янги Ўзбекистон" массивлари

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта ҳукумат мажлисида келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуришни кўзда тутувчи “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилишини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли бинолар қурилган майдонда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли бинолар қурилган майдонда

2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 трлн сўм ажратилади.

Қурилиш вазирлиги берган маълумотларга кўра, ҳозирда 2022 йилда уй-жойлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда, Фарғона вилояти Боғдод туманида барпо этилган “Мурувват” массиви намунаси асосида барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш кўзда тутилмоқда.

Ҳокимликлар билан биргаликда 30 та массив учун 992 гектар ер майдони танлаб олинган. Уларда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, бозор инфратузилмаси ва муҳандислик объектларини жойлаштириш бўйича бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳага кўра, келгуси йилда 2 минг 191 та уйлар жумладан, 56 минг хонадон, 27 та мактаб, 40 та боғча, 25 та оилавий поликлиника ва 120 дан ортиқ савдо-маиший хизмат мажмуаси қуриш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банкидаги Озодлик манбасига кўра, “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши учун маблағлар қисман давлат бюджетидан ажратилади.

“Қисман, чунки бу уйлар одамларга қуриб берилади. Бошланғич тўлов ва шу тўловларнинг субсидияланган қисмини давлат кўтариб беряпти. Қолганини уй олганларни ўзлари тўлайди, олган қарзини ҳар ойда тўлаб боради. Давлатда пул бор, йўқ эмас. Солиқ юки ошяпти, олтин сотяпти, мис, рангли металлар сотиляпти, қарз олиняпти. Шу маблағлар ҳисобидан амалга ошириляпти бу ишлар”, - дейди Ўзбекистон Марказий банкининг исмини очиқламасликни сўраган мулозими.

Ҳоким ёрдамчилари ва янги агентликлар

Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши ҳам танқидларга сабаб бўлди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим ҳам бириктирилади.

Улар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади.

Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман-шаҳарларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ҳам ташкил этилади.

Ўзбекистонлик иқтисодчи блогер Тоҳир Собиров Озодлик билан суҳбатда таъсис этилаётган ҳар бир лавозим давлат ғазнасига қўшимча юк эканини айтган.

“Республика бўйича 14та ҳудуд бор, 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон ҳам қўшиб ҳисоблаганда. Мамлакат ғазнасига бу бир ойга 56 миллиард сўмга тушади. Энди буни бир йилга уринг, 500 миллиарддан кўпроқ бўляптими, ярим триллион сўм. Ярим триллион сўмга 200та мактаб қурса бўлади, 400та янги боғча қуриш мумкин. Ёки бўлмаса, Тошкентдан Қорақалроғистонгача 1200 километрлик янги йўлни асфальт йўл қуриш ҳам мумкин бу пулга. Энди ўзингиз ўйланг, керакми бу ҳоким ёрдамчилари? ”, - дейди блогер.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева Озодлик билан суҳбатда томорқа бўйича ўринбосар лавозими ўрнига ҳоким ёрдамчиси штати очилаётгани, шунинг учун бу давлат бюджетига ортиқча юк бўлмаслигини айтган.

Саҳий ҳокимлар

Айни пайтда Шавкат Мирзиёев даврига келиб минтақақий ялпи ички маҳсулот тушунчаси пайдо бўлди ва солиқ тушумларининг бир қисми вилоятлар бюджетларига қолдирилиши айтилди. Маҳаллий бюджетлар ижро ҳокимиятидан мустақил бўлмаган маҳаллий кенгашлар тимсолида тўлиқ ҳокимлар томонидан назорат қилинади.

Ҳокимлар эса бюджет маблағларини сарфлаш бўйича янги ва янги ташаббусларга қўл урмоқда, улардан айримлари ижтимоий тармоқларда кулги қилинмоқда.

Камида уч вилоят ҳокими семизликдан қутулган, югурган, маҳалласидаги оилалар ажрашишига йўл қўймаган одамларга миллионлаб сўм мукофот беришни ваъда қилди.

Ҳокимлар пиёда юриб озганларга пул ва Дубайга саёҳатни ваъда қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00

Жумладан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ортиқча вазндан халос бўлган амалдор ва фуқароларга йўқотилган ҳар бир кило вазн учун 500 минг сўмдан беришини айтди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов аҳолини пиёда юришга ундай олган мансабдорларни Дубайга саёҳатга жўнатиб юборишини билдирди.

Қашқадарёга янги ҳоким бўлиб келган Муроджон Азимов маҳалласида ажрашишларга йўл қўймаган раисларга 10 миллион сўмгача мукофот бериш ҳақида гапирган.

Бир вақтнинг ўзида жамоатчиликда ҳокимларда бюджет пулларини бу тарзда тақсимлашга қанчалик ваколат бор деган, савол пайдо бўлган.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг бундай шов-шувли ҳатти-ҳаракатлари¸ хусусан¸ манбаи очиқланмаган саховатпешалиги авваллари ҳам кузатилган.

Ўтган йили Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг коронавирус муаммосига бағишлаб ўтказилган матбуот брифингига борган журналистларга 5 миллион сўмдан "ҳоким ҳадяси" тарқатилди.

Маҳаллий ҳокимликлар бу каби маблағлар кўпинча "бюджетнинг қўшимча маблағлари" ёки "бюджетдан ташқари маблағлар"дан ажратилишини айтиб келади. Аммо аҳолининг электр, газ, йўл ва ичимлик суви каби муаммоларини ҳал қилолмаётган маҳаллий ҳокимиятларда бу маблағлар қаердан шаклланаётгани очиқланмайди.

Ўтган йилда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликлар ўз бюджетларидан мулозимлар учун қимматбаҳо хизмат машиналарини сотиб олишда давом этди.

Бундан ташқари, ўтиб бораётган йилда Тошкент бир неча йирик форум ва фестивалларга мезбонлик қилди. Расмийлар бу каби анжуманлар давлат бюджетига қанчага тушаётганини очиқламаган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 20 декабрь куни "Тошкент Ёшлар форуми - 2021" доирасида журналистларнинг бу ҳақда берган саволини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг активлари ва даромадларини декларациялашнинг йўлга қўйилиши йилдан- йилга кечиктириб келинмоқда. Бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилган сўнгги 2022 йил 1 январдан кучга кириши айтилган.

Шу йил июлида имзоланган президент фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиши талаб этилади.

XS
SM
MD
LG