Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:31

Ўзбекистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ "жиддий муаммоларга дуч келмоқда"


Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Самарқанддаги тошқин пайтида аҳолини эвакуация қилмоқда - апрель, 2020

Ўзбекистон дучор бўлаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ жиддий муаммолар келажакда янада кескинлашиши мумкин.

Бу ҳақда "bne IntelliNews” нашри 12 август куни чоп этилган мақоласида ёзмоқда.

Нашрнинг Тошкентдаги мухбири Клер Наттоллга кўра, Орол денгизи фожиаси сув тақчиллиги, тупроқнинг шўрланиши ва эрозияси каби жиддий муаммоларни янада кескинлаштираётган. Мавжуд маълумотларга кўра, айни дамда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 20 фоизи сув шўрланишидан азият чекмоқда.

Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки ҳозирлаган ҳисоботга кўра, 2090-йилларга бориб Ўзбекистонда ўртача ҳарорати 1986–2005 йиллардаги кўрсаткичдан 4.8°C гача кўтарилиши мумкин. Ҳисоботда башорат қилинишича, кундалик максимал ва минимал ҳароратлар ўртача ҳароратга қараганда тезроқ кўтарилиб боради. Бу эса иқлим ўзгаришининг инсон саломатлиги, турмуш тарзи, гидрологик ресурслар ва экотизимга таъсирини янада кучайтириши мумкин.

«Узгидромет» институти директори ўринбосари Фируз Сафаров “bne IntelliNews нашрига берган интервьюсида мамлакатда ҳаво ҳарорати жуда тез кўтарилаётганини, 2050 йилга бориб 1.3°C дан 3°C гача кўтарилиши кутилаётганини айтган. Ўртача ҳарорат Қорақалпоғистонда айниқса тез суръат билан ўсиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида бўлган бўрон 140 мингга яқин хонадонни свет-газсиз қолдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00

«Ёғингарчилик интенсивлиги деярли ўзгаргани йўқ, аммо охирги йилларда ёғингарчилик давомийлиги ўзгарди», деган Сафаров.

Сафаровнинг сўзларига кўра, бу ҳолат иқтисодиётнинг барча тармоқларига, жумладан, қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сафаров об-ҳавони башорат қилиш мушкуллашиб бораётганини айтган. Айни дамда Марказий Осиё сўнгги 13 йил ичида кузатилган энг кучли қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Қурғоқчилик туфайли нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам экин ва чорва моллари нобуд бўлмоқда.

Халқаро молия институтлари ва бошқа кузатувчиларнинг ҳисоботларида қайд этилишича, келгуси йилларда минтақада қурғоқчилик, сув тошқинлари, ичимлик суви танқислиги, ҳаддан ташқари иссиқ ҳаво ва бошқа муаммолар кучайиб боради.

«Иқлим ўзгариши таъсири остида Ўзбекистонда қурғоқчилик, юқори ҳарорат, иссиқлик тўлқинлари, кучли ёғин-сочин, селлар, сув тошқинлари ва кўчкилар содир бўлиши эътимоли ошади», дейилади Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ҳисоботида.

Наттолл ўз мақоласида 2050 йилга қадар иқлимга таъсирини нейтраллаштириш мажбуриятини ўз бўйнига олган Ўзбекистон ривожланаётган Осиё давлатлари орасида ажралиб туришини урғулади.

Аммо мамлакат аҳолиси кўпайиб борар ва ўзбекистонликларнинг турмуш тарзи яхшиланар экан, энергияга бўлган талаб ошиб бормоқда. Энергетика вазири ўринбосари Беҳзот Норматов “bne IntelliNews нашрига берган интервьюсида электр энергиясига бўлган талаб кучайган пайтда электр энергияси тизими аранг бардош бераётганини айтган.

Жазирама: ўзбекистонликлар аномал иссиқда қандай жон сақламоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00

2020 йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда “Corporate Solutions” кўмагида кам углеродли энергия стратегиясини ишлаб чиқди. Стратегияда айтилишича, Ўзбекистон қуёш энергияси, гидроэнергия ва шамол каби альтернатив энергия манбаларини ривожлантиради, шунингдек, АЭС қуради.

Май ойида Вазирлар маҳкамаси «2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси»ни қабул қилган эди. Стратегияда аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг энергияга бўлган талабини қондириш мақсадида соҳани тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилгани қайд этилди.

2019 йилдан бери Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш кўламини ошириш мақсадида мамлакат бўйлаб кўплаб лойиҳа эълон қилинди. Шунингдек, мамлакат самарасиз бўлиб қолган ва эскирган газ ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда энергия тизимидаги йўқотишларни камайтиришга уринмоқда.

Ўзбекистон энергия инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш билан бир вақтда хўжаликлар орасида энергия самарадорлигини оширишга интилмоқда. Норматов бунга электр бозорини либераллаштириш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш орқали эришиш мумкинлигини айтган.

XS
SM
MD
LG