Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:59

Ишдан ҳайдалган темирйўлчи норозилик акцияси ўтказмоқчи


Ишдан ҳайдалган ўзбекистонлик темирйўлчи ўзи ишлаган “Ўзтемирйўловчи” АЖ даги “ноҳақликлар”га қарши норозилик намойиши ўтказишга рухсат сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига ариза топширганини Озодликка билдирди. Тошкент шаҳар ҳокимияти мулозими Зокиров Саид исмли фуқародан 22 май куни шундай мазмунда ариза келиб тушганини Озодликка тасдиқлади. Лекин, мулозим аризага қандай жавоб берилиши ҳақида ҳозирча маълумот беролмаслигини айтди.

“Ўзтемирйўловчи” АЖнинг Йўловчи вагонларни рейсга тайёрлаш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш марказида 12 йил вагон кузатувчиси бўлиб ишлаган 40 ёшли Саид Зокиров 22 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев номига ёзган аризасида “Ўзтемирйўловчи” АЖ қароргоҳи ёнида намойиш ўтказишга рухсат беришни сўраган.

Ўз аризасида Зокиров “Ўзтемирйўловчи” АЖ ҳамда Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси кенгашини ўзини ноҳақ ишдан ҳайдаганликда айблайди.

Саид Зокировнинг Тошкент шаҳар ҳокимига ёзган аризаси.
Саид Зокировнинг Тошкент шаҳар ҳокимига ёзган аризаси.

- Уч нафар вояга етмаган фарзандларим бўлишига қарамай менинг ишдан бўшатилишимга розилик беришди. Мен бир ўзим олти нафардан иборат оила аъзоларимни ойлик маошим билан аранг таъминлаб келаётган бўлсам, шу ёшимда 12 йилдан буён ишлаб келаётган иш жойимдан қаерга бораман, деган саволимга корхона раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитаси "буни аввалроқ ўйлаш керак эди, ишда хатога йўл қўймасдан", деб жавоб бердилар холос, - деб ёзади Саид Зокиров ўз аризасида.

“Ўзтемирйўловчи” АЖнинг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик мухбири билан суҳбатда Саид Зокиров ўтган ҳафта поездда Россиядан Ўзбекистонга ноқонуний молни олиб ўтаётганда қўлга тушгани сабаб ишдан бўшатилганини айтди.

- Поезд проводники сифатида бу одам ноқонуний нарса билан тушган чегарада, Келес чегара пунктида. Шундан сўнг унинг масаласи кўриб чиқилди, касаба уюшмаси уни бўшатишга розилик берди, чунки ноқонуний молни Россиядан Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган. Шаҳар ҳокимиятига ёзган аризаси билан биз ҳам танишиб чиқдик, ҳаммани чақириб муҳокама қилишди. Лекин, унинг масаласи нима бўлади, буни раҳбарият ва касаба уюшма ҳал қилади, - деди “Ўзтемирйўловчи” АЖ мулозими.

Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Учқун Қаҳҳоров қонунни бузган ишчини касаба уюшмалар ҳимоя қилолмаслигини айтди.

- Бу касаба уюшмада кўриб чиқилган. Муҳокамада уюшма мутахассиси қатнашган. Касаба уюшма розилигисиз уни бўшатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар у қонунни бузган бўлса уни ҳеч ким ҳимоя қилолмайди, - деди Учқун Қаҳҳоров.

Ишдан ҳайдалган ўзбекистонлик темирйўлчи Саид Зокиров ўз аризасида ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган хатоси Россиянинг Уфа шаҳридан таниши бериб юборган посилкани Ўзбекистонга олиб келгани бўлганини ёзади.

- Келес божхона постида посилканинг ичидаги метал симларни тегишли ҳужжатларсиз олиб киролмаслигим туфайли экспертиза хулосасига кўра иш кўришлари, унгача вақтинча божхона юк сақлаш омборхонасига сақлаш учун олиб қолинганлиги туфайли ишхонамизга юборилган билдирги хати асосида разбор қилиндим. Аслида посилкани божхона назоратидан беркитмаганман. Айбим посилка олиб келганимми?!", - дея таъкидлайди Саид Зокиров ўз аризасида.

Тошкент шаҳар ҳокимияти девонхонаси мулозими, Озодлик саволига жавобан, Зокиров С. исмли фуқародан норозилик намойиши ўтказишга рухсат сўралган ариза 22 май куни қабул қилиб олинганини тасдиқлади.

Лекин, мулозим аризага қандай жавоб берилиши ҳақида ҳозирча маълумот беролмаслигини айтди.

- Шундай ариза олдик. Лекин, намойишга рухсат бериш бизнинг ваколатимизга кирмайди, раҳбарият ҳал қилади, - деб жавоб берди мулозим.

Ўзбекистнда фуқароларнинг норозилик намойиши ўтказишга рухсат сўраб ҳукумат идораларига ариза топшириши камдан кам ҳодисадир.

Зеро, Ўзбекистон Конституциясининг 33-моддасида фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар, дейилган. Шу модданинг давомида ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақилаш ҳуқуқига эга эканлиги айтилган.

Тошкент ИИБси бошлиғининг ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ўтган йилнинг ноябр ойиада Тошкентда ўтказилган матбуот йиғинида рухсат берилмаган ҳар қандай намойиш бостирилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Унинг маълум қилишича, оммавий намойиш уюштирмоқчи бўлганлар Тошкент шаҳар ҳокимиятига олдиндан ёзма равишда мурожаат қилишлари шарт.

XS
SM
MD
LG