Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Ҳусан Московскийга шерикликда айбланаëтган "Обид карам" ва укаси ҳибсга олинди


Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромов (ўнгда) ҳамда укаси Олим (чапда) ва Равшанлар 2014 йилгача Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланишган.
Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромов (ўнгда) ҳамда укаси Олим (чапда) ва Равшанлар 2014 йилгача Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланишган.

2015 йилдан бери оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қидирувга берилган йирик тадбиркорлар - Обид ва Олим Баҳромовлар Москвадан Тошкентга қайтиши ортидан 26 июнь куни қўлга олинди. Бу ҳақда Озодликка Баҳромовлар отаси ва уларга адвокатлик қилаëтган Фарҳод Турсунов маълум қилди. Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромовнинг криминал авторитет Ҳусан Зиëмуҳаммедовнинг (постсовет ҳудудида Ҳусан Московский деб танилган "вор в законе" - таҳр.) бизнес шериги бўлгани айтилади.

Озодликка маълум бўлишича¸ ака-укалар устидан 2015 йили очилган жиноий иш терговини Ўзбекистон ДХХсининг Тошкент туман терговчилари олиб бормоқда.

"Обид карам"

Жиноят оламида “Обид карам”¸ "Обид вагон" номлари билан танилган Обид Баҳромов ҳамда укаси Олим ва Равшанлар 2014 йилгача Ўзбекистондан Россияга катта миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиш билан шуғулланган.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ 2015 йилда ака-ука тадбиркорлар қамалиш таҳдидлари ортидан Москвага қочишган.

Обид ва Олим Баҳромовларнинг Ўзбекистонда қолган шериклари ҳамда кенжа укаси Равшан Баҳромов 2015 йили Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман суди томонидан савдо қоидаларини бузиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларда айбдор деб топилиб¸ 17 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Қочиб кетган ака-ука Баҳромовларга қидирув эълон қилиниб, уларнинг кўчмас ва кўчар мулки мусодара этилган.

Обид Баҳромов 2015 йилдан буён қидирувда бўлган.
Обид Баҳромов 2015 йилдан буён қидирувда бўлган.

Обид Баҳромовнинг укаси Олим ҳам қидирувдагилар рўйхатида бўлган.
Обид Баҳромовнинг укаси Олим ҳам қидирувдагилар рўйхатида бўлган.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви бўлгани ва ўзларига қарши "уруш бошлаган" МХХнинг қудратли генерали Шуҳрат Ғуломовнинг ўзи умрбод қамоққа ҳукм этилганидан сўнг¸ 2018 йил июнида ака-укалар ватанга қайтиш ва суд олдида жавоб беришга қарор қилган.

Адвокат Фарҳод Турсуновнинг Озодликка айтишича, шу йилнинг 7 июнь куни Олим ва Обид Баҳромовлар Москвадан Тошкентга учиб келишган:

- Яқинда¸ 2018 йилнинг март ойида Тошкент тумани ҳокимига уларнинг маҳалладошлари кафилликка оламиз, ака-ука тадбиркорлар қайтиб келишсин, деб хат ёзишганди. Ҳоким ҳам кафилликка олди, ишини бошқатдан кўриб чиқишни сўраб шаҳар судига хат киритди. Шаҳар суди уларнинг ишини кўриб чиқиб, қамоқни гаровга ўзгартирди. Тергов давомида очиқда юрсин¸ деган маънода. Ўша куннинг ўзида ҳар бирига 5 миллион сўмдан гаров пули тўладик. Тергов жараёнида очиқда бўлишларига ишониб ака-укалар Ўзбекистонга қайтиб келишди. Мамлакатга келишлари билан Бош прокуратурадан кўрсатма бериш учун таклифнома олишади. Кўрсатма беришганидан сўнг гаров эвазига улар қўйиб юборилади. Охирги марта 26 июнь куни туман Давлат хавфсизлик хизмати идорасига сўроққа боришганида суднинг гаров қарорини қамоққа ўзгартириб, ҳибсга олишаяпти. Ўшандан буён ака-ука тадбиркорлар ҳибсда қолмоқда, - дейди тадбиркорларнинг адвокати Фарҳод Турсунов.

Айни пайтда ака-ука Баҳромовлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 177-моддаси (ноқонуний валюта айирбошлаш), 188-моддаси (солиқдан қочиш), 189-моддаси (савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 211-моддаси (пора бериш) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да кўзда тутилган жинояларни содир этганликда айбланмоқда.

Тадбиркорларнинг отаси Ботир Баҳромов Озодлик билан билан суҳбатда фарзандлари фақат қонун доирасида тадбиркорлик билан шуғулланишганини иддао қилди:

- Уч фарзандим тадбиркор бўлган эди. Улар Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилиш билан шуғулланган. Фарзандларим Баҳромов Обид, ҳамма уни “Обид Вагон” дейди, Баҳромов Олим ва Баҳромов Равшанларни аввал МХХ раиси ўринбосари бўлган генерел Шуҳрат Ғуломов ва бошқа собиқ МХХ зобитлари¸ бизнесини эгаллаш учун қамамоқчи бўлганди. Икки ўғлим Россияга қочди, Равшанни ва 13 шеригини қамашди. Қийноққа солиб, айбини бўйнига қўйишди. Икки фарзандим Баҳромов Обид ва Олим уч йилдан ортиқ қидирувда бўлиб, Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаб, қидирувдагиларни кечириб, қўли қонга ботмаган бўлса қамалмайди, деган сўзларига ишониб ўз ватанларига қайтишни ният қилишди. Лекин қамаб қўйишди, - дейди Ботир Баҳромов.

Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромовнинг Ҳусан Московский тахаллуси билан машҳур криминал авторитет Ҳусан Зиëмуҳаммедовнинг ҳамкори бўлганига ишонилади.

Ҳусан Московский Салимбой номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг қудасидир.
Ҳусан Московский Салимбой номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг қудасидир.

​Ўзбекистонда Салимбой деб ном чиқарган тадбиркор Салим Абдувалиевнинг қудаси Ҳусан Московский ҳам Ўзбекистондан Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мева жўнатганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил этганликда айбланиб, 2016 йилда унинг устидан жиноий иш очилган. Московскийнинг 2015 йилдан бери Россияда яшаб юргани айтилади.

Адвокат Фарҳод Турсунов ўз мижозлари Обид ва Олим Баҳромовларнинг Ҳусан Московский ишига алоқадор бўлганини рад этди.

- Менинг мижозларимнинг Московскийга умуман алоқаси йўқ, лекин шунақа айб қўйишаяпти, ўша билан шерик бўлган ҳолат бор жиноят ишида. Барчаси 2014 йилда бошланган эди. Тошкент вилоятида яшовчи Россияга мева-сабзавот экспорт қилиш билан шуғулланувчи Обид, Олим ва Равшан Баҳромовларнинг олдига Зафар Орипов келиб, уларни ўзи билан ишлашга таклиф қилади. Рад жавобини олган Орипов бизнесменларга катта муаммоларга дучор бўлишларини ваъда қилади. Таҳдидлардан сўнг икки катта ака-ука Москвага кетишади. 2015 йили Равшан Баҳромов ва унинг шериклари қўлга олинади, қолган ака-укаларга эса халқаро қидирув эълон қилинади,- деди Фарҳод Турсунов.

Озодлик Давлат хавфсизлик хизматидан ака-ука Баҳромовлар иши юзасидан изоҳ ололмади - ҳозирча бу идора Ўзбекистонда ўз расмий сайтига эга бўлмаган¸ матбуот хизмати билан алоқа қилиш ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган ягона давлат тизими бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG