Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Хусан Московский Ўзбекистондан қочиб, Москвадан паноҳ топди


Ҳусан Зиëмуҳаммедов-Московский
Ҳусан Зиëмуҳаммедов-Московский

Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган ва жорий йилнинг июнида шаҳарни тарк этмаслик шарти билан вақтинча ҳибсдан озод қилинган 58 яшар тадбиркор Ҳусан Зиямуҳаммедов Москвага қочиб кетган.

Бу ҳақда Озодликка бир-биридан мустақил икки манба маълум қилди.

Айни маълумотни Ҳусан Зиямуҳаммедов ва унинг Тошкентда истиқомат қиладиган ўғли Музаффарга яқин манбалар ҳам тасдиқлади.

Манбалардан бирининг билдиришича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов шаҳарни тарк қилмаслик тўғрисида тилхат бериб ҳибсдан озод бўлганига қарамасдан, Тошкентни тарк қилган:

“Ҳусан Московский аввалроқ ўзининг Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги бизнеси ва мол-мулкларини бошқаларнинг номига ўтказди ва кўпгина авторитетларга қарши кўрсатма берди. Шундан кейин тахминан июнь ойида подписка о невыезде қилиб очиққа чиқди. Мендаги маълумотга кўра, паспорти ичкарида қолган эди. Бу орада уни аҳволи ўзгариб турди. Унинг легавийларга малява ëзгани воровской мир поняткаларига қарши бўлди ва оқсоқоллар ундан юз ўгирди. Уни қамоқдан пул эвазига озод қилган ҳукумат одамлари ҳам ундан юз ўгиргандек бўлди. Бир ҳафтача олдин Ҳусан Московский Тошкентга яқин қўшни мамлакат орқали (Қозоғистон назарда тутиляпти) Москвага кетди. Катта¸ жуда катта¸ сиз тасавур қила олмайдиган даражадаги пул тўлаб қутулди”, деди Озодлик манбаси.

Озодлик, аввалроқ, Ҳусан Московский 31 май куни Латвияга тергов эксперименти мақсадида олиб борилгани ва Латвиядаги ўз бизнес манфаатларини учинчи шахс номига ўтказиб бергани ҳамда собиқ жиноий шерикларига қарши кўрсатма берган ҳақида мақола эълон қилган эди.

Зиямуҳаммедов Дед Ҳасан дохил ўғрилар даврасида
Зиямуҳаммедов Дед Ҳасан дохил ўғрилар даврасида

Ҳусан Московский Россия фуқаролигини олмоқчи

Озодликнинг Москвадаги манбасига кўра¸ Ҳусан Московский Россия мудофаа вазирлигида хизмат қиладиган бир қудратли генерал кўмагида тезроқ Россия фуқаролигини олиб кўланкага ўтиш учун тиришмоқда:

- Ҳусан Московский Дед Ҳасан (Аслан Усоян)нинг одами эди. Дед Ҳасан унга олти секундда паспорт қилиб берган бўлар эди. Аммо бир муаммо бор. Дед Ҳасаннинг тутинган ўғли Овик Мкрчтянга қарши кўрсатма ëзган одамни кўча (жиноят олами, демоқчи) қўлламайди. Унақа одам ичкарида ҳам иззат қилинмайди. Шу боис Ҳусан Московский асли фарғоналик бўлган россиялик генералдан катта пул эвазига бошпаноҳ олди. Сотиб олди, десак тўғри бўлади. Эрта-индин Интерпол қидирувга берса муаммо чиқмаслиги учун Ҳусан Московский ўзининг паспортдаги исмининг бир- икки ҳарфини ўзгартирмоқчи. Паспорт иши битгандан кейин эса Ҳусан Московский чет давлатга сурмоқчи. Короче говоря, он хочет бросить якорь в Латвии (Латвияга бориб ерлашмоқчи), деди Озодликнинг криминал дунëга яқин бўлган Москвадаги манбаси.

Тошкент ҳавотирда

Озодликнинг Ўзбекистон бошқарувига яқин манбасининг айтишича, Ҳусан Московскийнинг Москвага кетиши Ўзбекистондаги йирик коррупционер мулозимлар - Ҳаëт Шарифхўжаев, Юрий Савинков устидан очилган ишни мувофиқлаштираëтган мулозимлар режасида бўлмаган:

"Билсангиз, Савинковга нисбатан енгиллик бўлади деб кутилган эди¸ лекин унинг иши жуда ëмон тарафга қараб кетди. Московский ҳам қайта чиқмайдиган қилиб ичкарига олинмоқчи эди. Ҳатто у билан бирга машхур палач Нозим Жумаев бир камерада ўтириши ҳақида сигнал бўлган эди. Лекин Тошкентни тарк этмайман, деб тилхат ëзган Московский Ўзбекистондан чиқиб кетди. Эрта-индин унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Ҳозир Московскийнинг яқинлари сўроқ бериб ўтирибди. Билишимча, терговчилар бир нарсада янглишди. Улар “кўчанинг респектидан” маҳрум бўлган Московский Тошкентдаги бола-чақаси ва мол-мулкини ташлаб кета олмайди,деб калта ўйлашди".

Ўзбекистон тергов идоралари ва мамлакат бошқарув элитасига яқин манбанинг иддао қилишича¸ 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб устидан жиноий иш очилган.

Ҳусан Зиямуҳаммедов жорий йил апрелидан бери 3 марта 48 соатдан ҳибс қилинган эди. Аввало, Зиëмуҳаммедов 14 апрелда сўроқ қилинган ва шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан ҳибсхонадан уйига қўйиб юборилган бўлса ҳам унинг паспорти қайтариб берилмаëтган эди. Зиëмуҳаамедов май охирида ҳам тергов экспременти ўтказиш мақсадида яна бир бор ҳибсга олиниб, қўйиб юборилгани айтилади. Кейин эса, учинчи марта - қўлга олинган ва яна қўйиб юборилган.

Ўшандан кейин Ҳусан Зиямуҳаммедов яшаëтган уй МХХнинг махсус гуруҳи тарафидан муттасил ташқи назоратга олинганлиги ҳам Озодликка маълум.

”Необыкновенная” ароғининг кучи

Айни пайтда Ҳусан Московскийнинг хазинасига оқаëтган икки даромад дарëсини назорат қилиб келаётган Марик ва Обид Карам ҳибсда қолмоқда

Манбаларимизга кўра, жиноят оламида “Марик”¸ “Марик-лошарик” номи билан танилган ва ҳозир ҳибсда қолаëтган тошкентлик Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг тижорий ҳамкоридир.

Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедов билан биргаликда 1993 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида “Фарваб” ширкатини ташкил қилган. Шу билан бирга “Аstе1” ширкати ҳам Биленкога оид экани айтилади.

Бу ширкатлар Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини қадоқлаш ва сотиш монополиясига эга бўлган.

Озодлик манбаларининг айтишича ”Необыкновенная” ароғи Ҳусан Зиямуҳаммедовга даромад келтирувчи асосий икки соҳадан биридир.

Марк Биленконинг қамоққа олиниши Озодлик манбалари назарида Ҳусан Зиямуҳаммедовга катта моддий зарар етказган.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг "бойлик денгизи"га қуйиладиган икки дарëдан яна бири қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасидир.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бу соҳани назорат қиладиган ўнг қўли Обид Баҳромов ҳам апрель бошидан бери ҳибсда қолмоқда.

Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромов Россияга қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланиб келган.

Тепасида Ҳусан Московский тузган бу пирамида тамалида Марк Биленко ва Обид Баҳромовларнинг қамоққа олиниши ортида, Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, “самарали бизнеснинг қўлдан-қўлга ўтиш” амалиëти ëтибди.

Салимбойнинг қудаси

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Ўзбекистондан қочиши ва унинг атрофидагилар устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши Ўзбекистондаги яна бир криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилмоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Зиямуҳаммедов Салимбой тўйида
Зиямуҳаммедов Салимбой тўйида

Ўтган йили криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайганига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

Салим Абдувалиевга қуда бўлган Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов Россия матбуотида “Бутун умр ўғрилар ëнида юрган ” тадбиркор, дея таърифланган.

Ўзбекистон мухолифати арбобларидан бири Муҳаммад Солиҳ бундан уч йил олдин ëзган мақоласида Ҳусан Зиямуҳаммедовни "МХХ билан ҳамкорлик қиладиган мафия вакили", деб атаган.

Солиҳнинг ëзишича¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов МХХ зобитларининг чет эл сафарларини молиялайди ва МХХнинг ФСБ ҳамда рус мафияси билан муносабатларида координаторлик ролини бажариб келади.

Муҳаммад Солиҳнинг мақоласида “Ҳусан бу холатда мафия ва ҳокимиятнинг киндиги бир эканига яққол намуна бўла олади. Чунки у Ўзбекистон МХХ контрразведка бошқармаси бошлиғи Алишер Усмоновдан бевосита топшириқ олади”, дея иддао қилинади.

Баъзи манбаларга кўра¸ Ҳусан Зиямуҳамедов бу хизматлари эвазига Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини сотиш монополиясини қўлга киритган.

Озодлик тасарруфидаги фотосувратли маълумотларга кўра¸ Ҳусан Пирматович Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевнинг тўй тадбирларида Ўзбекистон ички ишлар¸ адлия¸ молия ва ташқи ишлар вазирларининг хотинлари, шунингдек, бош вазир муовинининг синглиси мунтазам иштирок этиб келган.

Салимбой тўйи
Салимбой тўйи

XS
SM
MD
LG