Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

OzodTa’sir: Ўқитувчиларнинг “Сўғдиёна” клубига ўтказган пуллари қайтариладиган бўлди


Жиззахда “Сўғдиёна” клуби учун ўқитувчилардан пул йиғилгани ҳақидаги Озодлик мақоласи ортидан Халқ таълими вазирлиги йиғилган пулларни ўқитувчиларга қайтариш ҳаракатларини бошлади. Клуб учун жиззахлик ўқитувчилардан жами 272,15 миллион сўм йиғилгани аниқланган. Вазирлик бу пуллар ноқонуний йиғилганини тан олган.

Озодликнинг Жиззах вилоятидаги мактабларнинг ўқитувчилари ойлигидан бир кунлик иш ҳақи (ўртача 70-100 минг сўм оралиғида) “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисобига ўтказилгани ҳақидаги 6 ноябрь кунги мақоласидан 9 кун ўтиб, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг пулларини ўзларига қайтарилишини эълон қилди.

Озодликка боғланган жиззахлик ўқитувчилар октябрь ойи ойлигидан бир кунлик иш ҳақини вилоятдаги “Сўғдиёна” футбол клубига ўтказиб беришга мажбурланганини айтишган эди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг 15 ноябрдаги баёнотига кўра, жиззахлик ўқитувчилардан 272 156 729 сўм маблағ йиғилгани аниқланган ва ҳозирда ушбу маблағларни қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Жиззахдаги ўқитувчилардан клуб учун пул йиғиш акцияси Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг 2 ноябрдаги махсус фармойиши асосида ўтказилган эди.

Озодлик қўлга киритган ҳокимнинг ушбу фармойиши нусхасида клуб учун пул йиғиш акцияси доирасида 3-4 ноябрь кунлари хайрия ҳашари ўтказиш лозимлиги ва вилоятдаги "бошқарма, идора ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағ"ни “Сўғдиёна” клуби ҳисоб рақамига ўтказиб бериш буюрилган.

Халқ таълими вазирлигига кўра, Жиззах ҳокими Эргаш Солиевнинг “Сўғдиёна” клуби учун пул йиғиш борасидаги ушбу фармойиши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига зид равишда қабул қилинган.

Вазирлик умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори мавжуд бўлгандагина ташкил этиш мумкинлигини таъкидлаган.

Халқ таълими вазирлигининг Ахборот хизматига кўра, Жиззах ҳокимининг “Сўғдиёна” клуби учун пул йиғиш борасидаги фармойиши бекор қилинган ва “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG