Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:08

Тошкентлик имом намозхонни “ваҳобий”деб изза қилди; масжидлар тўлиқ кузатувда эканидан огоҳлантирди (ВИДЕО)


Имом ат-Термизий масжиди Тошкентнинг Олмазор тумани Себзор маҳалласида жойлашган.
Имом ат-Термизий масжиди Тошкентнинг Олмазор тумани Себзор маҳалласида жойлашган.

Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов 24 февраль куни пешин намози пайти намозхонлардан бирини барчанинг олдида "ваҳобийларнинг намояндаси", дея изза қилар экан, қавмни масжидларнинг тўлиқ кузатувда эканидан огоҳлантирди.

Бегматовнинг намозхон билан тортишуви акс этган видео ва унинг огоҳлантириши ëзилган аудиоëзув Озодликка 26 февраль куни юборилди.

Бу ëзувларда Бегматов давлатнинг диний сиёсатини тушунтирар экан, бу сиёсатга амал қилмаслик қамоққа етаклаши мумкинлигини эслатади.

Озодлик аудиоёзув юзасидан Имом ат-Термизий масжиди имоми Исҳоқжон Бегматовнинг ўзидан изоҳ ола олмади - унинг ëрдамчиси имомнинг масжидда эмаслигини айтиб¸ суҳбатни қисқа қилди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими Озодликка аудиони эшитиб чиққани, лекин бу ҳақда матбуотга изоҳ беролмаслигини айтди.

Озодлик таҳририятига 26 февраль куни юборилган видео ва аудиоëзувдаги овоз соҳибининг Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжиди имоми Исҳоқжон Бегматовники эканини бир-биридан мустақил намозхон тасдиқлади.

Озодлик бу овознинг Бегматовнинг Youtube порталида қўйилган жума маърузаларидаги билан уйқашлигини ҳам аниқлади.

24 февраль куни ëзиб олингани айтилган 13 дақиқалик аудиодаги овоз эгаси:

Мен ҳозир устун орқасида турган одамга қараяпман. Орқага қаранглар. Намоз ўқиëтганини кўраяпсизларми? Мана шу одам ғирт бемазҳаб ваҳобийларнинг битта намоёндаси”¸ дея намозхонни изза қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:52 0:00
Бевосита линк


Бу воқеа¸ тафсилотлардан хабардор тошкентлик намозхоннинг Озодликка тушунтиришича¸ имом Ўзбекистон масжидларида фарз намозидан кейин суннат намози ҳам шу жойнинг ўзида ўқилиши шартлиги ҳақида ваъз ўқиётган пайтда рўй берган.

Имомнинг гапига жавобан намозхон, “Эй ҳақорат қилманг домла” дея эътироз билдиради.

Бу эътирозга овозини кўтариб жаҳл билан жавоб қайтарган имом намозхонга: “Жойингизга ўтиринг! Аллоҳнинг уйида Аллоҳнинг гапи гапиралади!” дея дўқ қилади.

Намозхон ва имом тортишуви шу билан тўхтамайди - гапдан қолмаган намозхон имомга қарата:

Сиз қўлингиз билан кўрсатиб ҳақорат қилаверманг, сенларни ундоқ қивораман¸ бундоқ қивораман дейишга ҳаққингиз йўқ”¸ дея қичқиради.

Озодлик бу аудио ва видеоëзувдаги намозхоннинг кимлигини аниқлаш ва у билан бевосита боғланишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.

Имомга эътироз билдирган намозхоннинг кейинги тақдири ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Тошкентдаги Имом ат-Термизий масжидидаги имом ва намозхон ўртасидаги жанжалга гувоҳ бўлганлар мунозарага сабабчи бўлган имомнинг Исҳоқжон Бегматов эканини тасдиқлади.

Имом ат-Термизий масжидида пешин намози пайти олинган видео
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

"Ким қандай намоз ўқияпти, ҳаммаси кузатув остида..."

Аудиоëзувда Бегматов намозхон билан бўлган зиддият сўнггида масжиднинг ҳар бурчагига камералар қўйилганини тан олади, ҳар бир намозхоннинг қандай намоз ўқиши кузатиб борилаëтганини эслатади:

“Азизлар¸ бекорга масжиднинг ҳар бурчагига кузатув камераси қўйилмаган. Ким қандай намоз ўқияпти, нима гап гапираяпти, қандай кириб чиқаяпти - ҳаммаси кузатув остида.”, - дейди имом. ​

Ҳукуматнинг дин сиёсатини тушунтирар экан имом¸ қавмни бу сиёсатга амал қилмаслик қамоққа етаклаши мумкинлигидан огоҳлантиради.

“Мен ҳозир ҳам яхшиликка огоҳлантираяпман. Мен сизлар ўйлаганчалик фалон-фалон одам (ДХХ га ишловчи эмасман¸ деган маънода - таҳр.) эмасман. Хоҳлайманки¸ намозингиз бардавом бўлсин. Намоз ўқишга шароит йўқ жойга бориб қолмасин яна¸ деган маънода айтиб қўяяпман...Ичларингизда шу жойларни (қамоқхонани назарда тутаяпти - таҳр.) кўриб келганинглар ҳам бор”, - дейди имом.

Намозхонларга диний сиëсатни тушунтиришда давом этган имом¸ Ўзбекистон масжидларида Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабга эргашиб намоз ўқиш мумкин эмаслиги ҳақида имом-хатибларга топшириқ бўлганини ҳам очиқлайди:

"90 йил, 96 йил, 99 йил воқеалари такрорланмаслиги учун неча марталаб огоҳлантирилaяпти. Биз имом хатибларга топшириқ бўлaяпти. Тушунтиринглар, xалқимиз тинчгина намоз ўқисин… Агар бордию, юртимизда анъанавий бўлган Ҳанафий мазҳаби бўйича¸ Мотуридий эътиқоди бўйича ибодат қилишга рози бўлмаса, ўзининг норозилигини норозилик оҳангида билдирадиган бўлса, сизларни (имомларни) бир чеккага суриб қўйиб¸ ўзимиз (хавфсизлик тизимлари назарда тутилмоқда - таҳр.) чора кўришга мажбур бўламиз¸ дейишяпти", -дея таъкидлайди имом.

Озодлик аудио ёзув юзасидан Имом ат-Термизий масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматовнинг ўзидан изоҳ ола олмади. Масжид телефонига жавоб берган имом ëрдамчиси Бегматовнинг йўқлиги ва бундай гап-сўзлардан ўзининг бехабарлигини билдириш билан чекланди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими Озодликка аудиони эшитиб чиққани, лекин бу ҳақда матбуотга изоҳ беролмаслигини айтди.

Францияда яшаëтган ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимов¸ Озодликка юборилган видео ва аудиоëзувни эшитиб¸ бу воқеани диний вазиятни юмшатишга киришган Шавкат Мирзиëев ҳукумати дуч келаëтган муаммолар ифодаси сифатида изоҳлайди.

- Имомнинг бу айтганлари мен учун янгилик бўлмади. Ўзбекистонда диндорларни кузатиш бўлган¸ ҳозир ҳам бор. Ғарбда ҳам мусулмонлар кузатув остида¸ ҳамма жойда кузатилади. Ҳозир Ўзбекистон қаттиқ авторитар режимдан мўътадил авторитаризмга ўтиш йўлида. Ўзбекистон кейинги уч йилда репрессив машинани ўчиришга ҳаракат қилди ва бунга анча эришди. Қип-қизил диний мотивлар билан қамалганлар ҳозир деярли йўқ. Каримов кетганидан кейин ҳукумат бир томондан ислоҳотлар қилиш¸ мамлакат имижини яхшилашни хоҳлайди. Айни пайтда ҳукумат диний бир таркиблилик , яъни мазҳаб масаласида диний амалиёт ва диний қараш позициясини аввалгидай, бир хил бўлиб қолишини оҳиста воситалар билан сақлашга ҳаракат қилаяпти.

Озодлик президент Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 4 сентябрда имзолаган “Мамлакатда диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари” деб номланган махфий қарорга қўл қўйгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу қарор муқаддимасида¸ хусусан¸ кейинги уч йил давомида диний соҳада яратилаëтган эркинлик ва шароитларни суиистеъмол қилиб¸ улардан сиëсий мақсадларда фойдаланишнинг кўпайиши¸ кечаëтган ижтимоий-сиëсий жараëнларга диний тус бераëтган¸ ўз шахсий қарашларини мажбурий диний қоида сифатида талқин қилиб¸ уларни аҳоли орасида кенг ëйишга ҳаракат қилаëтган гуруҳлар фаолиятининг кучайиши¸ ​ ижтимоий тармоқларда диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи контентнинг кўпайиши хусусида ташвиш билдирилган эди.

Вазият таҳлилидан келиб чиқиб президент Ўзбекистонда диний мутаассибликнинг кучайиши олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган "Йўл харитаси"ни тасдиқлаган эди.

Бу чора-тадбирлар орасида масжид имом-хатиблари ва отинойиларга ўз таъсиридан фойдаланиб¸ аҳоли¸ хусусан¸ мутаасибликка мойил ëшлар¸ диний фаолияти учун қамалиб чиққанлар билан алоҳида шуғулланиш¸ ДХХ ва ИИВга эса¸ экстремизмга мойиллар рўйхатини тузиш ва уларни назоратда ушлаш топширилган эди.

XS
SM
MD
LG