Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:19

Махфий қарор: ИИВ ва ДХХ мутаассибликка мойилларнинг махсус рўйхатларини тузмоқда


"Мутаассиб диндор"лар ва мутаассибликка мойиллар рўйхатини тузиш¸ махфий қарорга кўра¸ ИИВ ва ДХХ ходимларига юклатилган.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарори асосида бутун мамлакат бўйлаб янги махсус рўйхатлар тузилмоқда.

Бундай рўйхатларни тузиш тўғрисида Озодлик ихтиëридаги махфий ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да аниқ топшириқлар берилган.

Озодликка турли шаҳар ва туманлардан келаëтган хабарлар бу топшириқ бажарилаётганини билвосита тасдиқламоқда.

5 сентябрдан бошланган бу жараëн натижасида тузилган рўйхатлар 15 декабрга қадар тегишли идораларга тақдим қилинади.

Президент Мирзиëев 2017 йилнинг 1 сентябрида “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 мингининг “қора рўйхат”дан чиқарилганини билдирган эди. Айни чиқишида Мирзиëев¸ рўйхатдан чиққанлар ҳар бирининг орқасига ўнтадан одам қўйилиши¸ “адашганларнинг яна бало кўчасига кирмаслиги” учун улар билан икки-уч йил қаттиқ ишланишини таъкидлаб айтган эди.

Махфий қарорда янгидан рўйхатлар тузишни тақозо қилган омиллардан бири сифатида “ афв этилган ëки жазо муддати тугаши билан озод қилинган айрим шахслар томонидан ноқонуний фаолиятни давом эттириш ва ўзларининг экстремистик йўлдаги ҳамфикрлари билан алоқа ўрнатиш каби ҳолатлар кузатилаëтгани” айтилган.

Махсус рўйхатлар рўйхати

Президентнинг мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштиришга оид Озодлик ихтиëридаги махфий қарори ижроси бўйича қилинадиган чора-тадбирлар жадвалида давлат ва жамоат идораларига ўндан ошиқ махсус рўйхат шакллантириш буюрилган.

Бу рўйхатларнинг асосий қисми диний мутаассиблик тарғиботи ëки унга мойиллиги бор шахс ва гуруҳларга оид.

Оддий халқ тилида “қора рўйхат” деб аталадиган бу рўйхатлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:

1. Хориждаги урушлар давом этаëтган низоли ҳудудларда экстремистик гуруҳлар таркибида фаолият юритаëтган шахслар рўйхати;

2. Профессионал спортчилар орасидан турли диний мутаассиблик¸ беўхшов соқол қўйиш¸ ҳижоб кийиш¸ татуировка чиздириш каби иллатларга мойиллиги бор шахслар рўйхати;

3. Хорижга диний таълим олиш мақсадида чиқиб кетган вояга етмаганлар¸ чет элдаги диний таълим муассасаларини битириб қайтган шахслар рўйхати;

4. Диний мутаассибликка мойиллиги бўлган аëллар рўйхати;

5. Хорижда ишлаш истагида бўлган хотин-қизлар рўйхати;

6. Хориждан мамлакатга олиб кирилаëтган диний мазмундаги рамз ва белгили ашëлар рўйхати;

7. Aдлия идоралари рўйхатидан ўтмаган ва мақсадли фойдаланилмаëтган норасмий масжидлар рўйхати;

8.Террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилаëтган веб-сайтлар¸профиллар ва ижтимоий тармоқдаги каналлар рўйхати.

Махфий қарор иловасида шакллантириш буюрилган айрим рўйхатлар.
Махфий қарор иловасида шакллантириш буюрилган айрим рўйхатлар.

«Қора рўйхат»дагилар билан ишловчиларнинг «оқ» рўйхати

Президентнинг махфий қарорига илова қилинган «Йўл харитаси»да бундай рўйхатларга киритилганлар билан режали ишловчилар рўйхатини шакллантириш ҳам топширилган.

Булар эса:

1. Республикадаги барча ташкилот ва идоралар раҳбар ходимларининг тоифалар кесимидаги рўйхати;

2. Бузғунчи ғояларидан қайтмаган ҳар бир фуқарони индивидуал тарзда ўрганиб¸қариндошлари¸ ҳожи ота-оналар¸маҳалла фаоллари¸ҳамкасблари ва бошқалар орасидан уларга ижобий таъсир кўрсата оладиган шахслар рўйхати;

3. Фан-таълим¸ маданият¸ санъат¸ спорт, тадбиркорлик соҳаларида муваффақиятга эришган ëшлар рўйхати;

4. Диний¸ дунëвий ва сиëсий билимга эга бўлган маҳаллий мутахассислар рўйхати;

5. Аҳоли орасида ҳурмати ва таъсири юқори бўлган имом-хатиблар рўйхати;

6. Дин ишлари бўйича қўмита¸ Ўзбекистон мусулмонлари идораси¸ Ўзбекистон халқаро ислом академияси¸ Ислом цивилизацияси маркази¸ ИИВ ва ДХХдан ҳудудларга бириктирилган масъуллар рўйхати.

"Оқ рўйхат"лардан бири.
"Оқ рўйхат"лардан бири.

Рўйхатларни ким¸ қачон тузади?

Oзодлик ихтиëридаги махфий ҳужжатда ҳар бир рўйхатни шакллантириш учун аниқ идора (лар) ва аниқ муддатлар белгиланган.

Ўтмиши ëки жорий ҳаëт тарзида мутаассиблик ва унга мойиллик кузатилган шахслар рўйхатини тузиш ваколати¸ асосан¸ Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги¸ уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари¸ ҳокимликлар ва Дин ишлари бўйича қўмитага берилган.

Мутаассибликка қарши маърифат билан курашиш вазифаси эса¸ Хотин-қизлар қўмитаси¸ Республика маҳаллалар кенгаши¸ “Нуроний” жамғармаси¸ Ўзбекистон мусулмонлари идораси¸ Ëшлар иттифоқи¸ Маданият вазирлиги¸ Ëзувчилар уюшмаси¸ Маънавият ва маърифат маркази¸ МТРК¸ Ўзбеккино¸ ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига топширилган.

Бу давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳар бирига ўзига берилган вазифа бўйича ишчи гуруҳ тузиш топширилган.

Бундай рўйхатларни тузиш¸ махфий ҳужжатдан кўрилишича¸ у расмийлаштирилган 4 сентябрнинг эртасига бошланган ва жараëн 15 декабрга қадар якунланиб¸ натижалар бўйича президент администрациясига ҳисоб берилиши лозим.

Мамлакат бўйлаб рўйхат тузиш жараëни қизғин бормоқда

Озодликка Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва туманларидан бир-биридан мустақил ҳолда келаëтган хабарлар 5 сентябрдан бери диний мутаассибликка мойил шахслар рўйхатини тузиш жадал бораëтганини тасдиқлайди.

Ҳозирча жамоатчиликка маълум бўлган ва турли мунозара уйғотаëтган рўйхат¸ махфий ҳужжатда “диний мутаассибликка мойиллиги бўлган аëллар”¸ халқ тилида эса¸ "ҳижоблилар" деб аталадиган тоифадагилар рўйхатидир.

14 октябрь куни Озодликка хабар йўллаган бекободлик талаба¸ ўз онасининг икки ҳафта олдин ана шундай рўйхатга киритилганини билдирди.

Бекобод шаҳрида маҳалла котиблари ҳижобли аëлларнинг рўйхатини тузаяпти. Маҳалла раиси ва секретари онам билан суҳбатлашиб¸ расмга ҳам олди. Нега олдингиз деса¸ бизга шундай буйруқ бўлган¸ деди”.

Бу суҳбатдошга кўра¸ ҳозирча уйда ўтирадиган 46 яшар онаси ҳижобини ечмаган¸ маҳалла фаоллари билан “ҳудуддаги бошқа муаммоларни ҳал қилинглар” деб тортишишни тўхтатмаган.

Олтиариқдан Озодликка келган хабарда ҳам маҳалла фаолларининг шундай рўйхат тузиб¸ уни ИИБга тақдим қилаëтгани айтилади.

Аëли ва бошланғич синфларда ўқиëтган қизларини ҳижобдан чиқаришга кўнмаëтган косонсойлик отанинг ëзишича¸ ўзи кабилар билан ҳозирда Ички ишлар бўлимининг терроризмга қарши кураш бўлинмаси ходимлари шуғулланмоқда.

Андижон ички ишлар тизимининг бу қарор ва унинг ижроси ҳақида гапириш ваколати йўқлиги боис шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими¸ ҳозирда бундай рўйхатларни тузиб¸топшириш ИИБ ходимларининг асосий вазифасига айланганини билдирди.

Бундай рўйхатлар қилинаяпти ҳоким топшириғи билан. Ишчи гуруҳ тузилган ИИБ¸ ҳокимият ва МФЙ вакилидан иборат. Яна битта ишчи гуруҳда солиқ ходими бор¸ МИБ ходими бор . Бу группа ҳамма нарсани аниқланиб кетаяпти. Одамлар ваҳимага тушмасин¸ паника қилмаларинг¸ деб тушунтирилаяпти. Узоқ муддат четда юрганларнинг ҳам рўйхати қилинаяпти”¸ деди 14 октябрь куни Андижон ИИБ ходимларидан бири Озодликка.

Президент махфий қарорида ИИВ зиммасига юкланган асосий вазифалар орасида “норасмий диний оқимлар сафига кириб қолганлар¸ радикал ва экстремистик оқимлар етакчиларининг шахсини аниқлаш ҳамда фаолиятига чек қўйиш чораларини кўриш ва амалга оширилган тезкор тадбирлар юзасидан маълумотларни тақдим этиш” бор.

“Рўйхатдан чиқариш" амалиëти ўзини оқламадими?

Президентликка келганидан сўнг эълон қилган ислоҳотлари доирасида Шавкат Мирзиëев Каримов даврида ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорликга айбланиб қамалган ëки махсус кузатувга олинганлар рўйхатини ҳам “амнистия” қилган эди.

2017 йилнинг 1 сентябрь куни Тошкентдаги Хасти Имом масжиди ҳовлисидаги Бароқхон мадрасида имом хатиблар билан учрашуви чоғида Мирзиëев “диний-экстремистик оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 мингининг бу рўйхатдан чиқарилганини айтган эди.

“Ўзбекистон 24” телеканали кўрсатган айни чиқишида Мирзиëев¸ “адашганларнинг яна бу бало кўчасига қайтиб кирмаслиги” учун уларга ижтимоий-иқтисодий имконлар берилиши ва нормал ҳаëтга қайтариш учун уларнинг ҳар бири билан ўнтадан одам шуғулланиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Орадан роппа-роса икки йил ўтиб¸ 4 сентябрь куни қабул қилинган махфий қарорда¸ бундай уринишларнинг айрим ҳудудларда самара бермагани эътироф этилди.

Жумладан¸ махфий қарорда ëзилишича¸ экстремистик йўлдагиларнинг ўз ноқонуний фаолиятини давом эттириши “аҳоли орасида диний ҳаëт¸ ақидапарастлик ва охир-оқибат экстремизм ва терроризм хавфларининг вужудга келишига¸ шунингдек¸ юз бераëтган воқеа-ҳодисаларга қонун нормалари билан эмас¸ балки дин аҳкомлари орқали баҳо бериш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда."

Шарҳларни кўринг (20)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG