Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2023, Тошкент вақти: 01:51

Халқаро хабарлар

Олмаота аэропортида Москва рейси йўловчиларини пикет билан қарши олган талабалар тутиб кетилди

Олмаота аэропортида россияликларнинг оммавий келишига қарши акция ўтказган қозоғистонлик талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген, 2022 йил 23 сентябри

Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида 23 сентябрь куни маҳаллий талабалар Карагоз Касим ва Айсултан Кудайберген “Россия” авиаширкатининг Москва рейси келиш вақтига мўлжаллаб пикет уюштиришди. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, талабалар Москвадан келган йўловчиларни “Шунчаки гўшт эканингизни тушундингизми?” ҳамда “Ҳурмат қил ёки жўна” деб ёзилган плакатлар билан кутиб олишган.

Пикет бошланганидан кейин кўп ўтмай маҳаллий полициячилар акция иштирокчиларини полиция бўлимига олиб кетишган.

“Менинг асосий мақсадим – Украина халқини қўллаб-қувватлаш”, деган Карагоз Касим Қозоғистонга келаётган россияликлар келажакда бу ерда сепаратистик қарашларни ҳимоя қилмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаслигини қўшимча қилган.

Икки талаба полиция бўлимида ярим соатча тутиб турилган. Олмаота полицияси вакили Ернар Таскин Озодлик мухбирига талабалар оғзаки равишда огоҳлантирилганидан сўнг қўйиб юборилганини айтган.

Кун янгиликлари

“Абрамс” танкларининг илк партияси АҚШдан Украинага етиб борди

Украина президенти Владимир Зеленский “Абрамс” танкларининг илк партияси ўз мамлакатига етиб келганини тасдиқлади. Украина қабул қилиб олган танклар сонига аниқлик киритилмаяпти.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага бу русумдаги танкдан 31 тасини бермоқчи эди. Қўшма Штатлар ҳарбий ёрдамининг сўнгги пакетига “Абрамс” танклари учун ўқ-дорилар ҳам киритилган.

Бундан ташқари, АҚШ баҳор мавсуми охирида украиналик танкчи ва механикларни “Абрамс”ларни бошқаришга ўқитишни бошлаган. Бу мақсадда Германиядаги Графенвёр ҳарбий базасига 31 та танк йўлланган эди.

Аввалроқ ҳарбийларни ўқитиш “Абрамс” танклари Украинага етиб келадиган пайтга бориб якунланиши, бундан муддао танкчиларнинг вақт ўтказмай “Абрамс”лардан жанг майдонида фойдаланишларига имкон яратиш экани айтилган.

Қирғизистон буғдой ва ун экспортига вақтинча тақиқ жорий этди

Иллюстратив сурат

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси олти ойга буғдой ва ун экспортига тақиқ жорий қилди. Бунга оид қарор ҳукумат сайти орқали ёйинланган.

Қайд этилишича, мазкур қарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бу маҳсулотларнинг бозор нархларини барқарорлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда хориждан келтирилган ун нархи сезиларли даражада ошган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ойи ичида импорт ун баҳоси икки баравар ошган. Бунинг ортидан бозор ва дўконларда Қирғизистонда ишлаб чиқарилган ун нархи ҳам оша бошлаган.

Қозоғистон уни нархининг ошишини ҳукумат вакиллари қўшни мамлакатдан етказиб берилаётган ун ҳажми камайгани билан изоҳлашган. Озодлик қирғиз хизмати хабарига кўра, Қозоғистондан сотиб олинаётган бир қоп ун нархи ўртача 1000 сўмга (11 АҚШ долларидан кўпроқ) ошган.

20 сентябрь куни Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида йиғилиш ўтказган. Ўшанда мамлакатда буғдой танқислиги кузатилмаётгани, Қозоғистон уни эса темир йўлдаги мавсумий тиқилинч сабабли қимматлаётгани билдирилган.

Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, Қирғизистонга буғдойнинг 90 фоиздан кўпроғи Қозоғистон ва Россиядан келади.

Арманистон мухолифати бўйсунмаслик акциялари бошланганини эълон қилди

Мухолифат Тоғли Қорабоғ тўлиқ Озарбайжон назорати остига ўтганидан бери бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб, митинглар ўтказмоқда.

Арманистон мухолифати 25 сентябрь соат 8 дан бошлаб мамлакатда бўйсунмаслик акциялари бошланиши тўғрисида эълон қилди.

“Биз шаҳарни фалаж аҳволга келтирамиз. Бутун Арманистон уч кун фалажликда бўлади”, - деб айтди Ереванда олти кундан бери давом этаётган митингда Миллий қўмита аъзоси Вазген Манукян.

Мухолифатчи депутат Ишхан Сагателян эса: “Кўчаларга чиқиш керак, бўйсунмаслик даражасини шу даражага етказиш лозимки, ҳукумат олдимизда тиз чўксин”,- деган чақириқ билан чиқди.

Мухолифат Тоғли Қорабоғ тўлиқ Озарбайжон назорати остига ўтганидан бери бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб, митинглар ўтказмоқда.

Норозилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Бунинг оқибатида бир неча юз норози қўлга олинди, улардан 49 нафарига жиноят иши қўзғатилди.

19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.

АҚШ зонди Бенну астероиди тупроғи намунасини Ерга олиб тушди

Бенну астероиди икки миллиард йил олдин пайдо бўлган.

АҚШнинг “Осирис-Рэкс” зонди Ерга Бенну астероиди тупроғи намуналарини олиб тушди. Зонднинг ерга юмшоқ қўниши 24 сентябрь куни Юта штатидаги саҳрода амалга оширилди. Бу воқеани НАСА жонли тарзда намойиш этди.

Зонд “Атлас V”ракетаси воситасида 2016 йилнинг сентябрида Флориданинг Канаверал космодромидан коинотга олиб чиқилган эди. Зонд олти миллиард километр масофани босиб ўтиб, 2018 йилда Беннуга етиб борди. Дастлаб зонд 500 метрли астероид орбитасини ўрганди, 2,5 йилдан сўнг эса ундан тупроқ намунасини олди ва 2021 йилда уни Ерга жўнатди.

Бенну орбитаси Ер орбитаси билан кесишади ва сайёрамиз учун потенциал хавф туғдиради. НАСА зонди кўмагида олимлар бу астероиднинг шакли ҳақида маълумотларга эга бўлди ва у яҳлит катта тошдан эмас, балки тош бўлакларининг зич уюмидан иборат эканини аниқлади. Бундан олдин Япония зонди ҳам 2010 ва 2020 йилларда астероиддан тупроқ намуналарини олиб тушган эди.

Бенну астероиди икки миллиард йил олдин пайдо бўлган, бироқ унинг тупроқ намунаси олинган энг сўнгги қатлами юз миллион йил ёки 10 минг йил олдин шакллангани таҳмин қилинади. Астероид тупроғи намунасининг ўрганилиши Ердаги органик моддалар ўзга сайёрларга мансуб бўлиши эҳтимоли тўғрисидаги гипотезани текширишга, Қуёш системаси қандай шакллангани ва ривожланганини тушунишга ёрдам беради.

Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Наполитано 2013 йилда Италия тарихида иккинчи муддатга сайланган илк президент бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италия раҳбари Сержо Маттареллага ушбу мамлакат собиқ президенти Жоржо Наполитано вафот этгани муносабати билан таъзия йўллади.

Ўзбекистон президенти Италия халқига ҳамда марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

2006 йилдан 2015 йилгача Италия президенти бўлган Жоржо Наполитано 22 сентябрь куни 98 ёшида вафот этгани ҳақида ANSA агентлиги хабар берган эди. Наполитано 2013 йилда Италия тарихида иккинчи муддатга сайланган илк президент бўлди. Аммо у 2015 йилда кексайиб қолгани, яъни 89 ёшга тўлгани муносабати билан президентликдан истеъфо берган.

Жоржо Наполитано “Италиянинг социализмга йўналиши” ва еврокоммунизм тарафдори эди. У Италия Коммунистик партиясининг аъзоси бўлган ва Иккинчи жаҳон урушида Қаршилик кўрсатиш ҳаракати сафларида жанг қилган.

Италияда Коммунистик партия тарқатиб юборилгач, у партиянинг Сўлчи кучларнинг демократик партиясига, кейинроқ эса Сўлчи демократлар партиясига қўшилиши жараёнида иштирок этди.

Тоғли Қорабоғдан қочган арманларнинг биринчи гуруҳи Арманистонга етиб келди

Қорабоғлиқ арманлар Арманистон жанубидаги Корнидзор ва Сюник вилоятларига жойлаштирилди.

Тоғли Қорабоғни тарк этишни истаган этник арманларнинг биринчи гуруҳи 24 сентябрь куни Арманистонга етиб келди. Бу ҳақда Озодлик радиоси арман хизмати – Азатутюн хабар берди. Улар Арманистон жанубидаги Корнидзор ва Сюник вилоятларига жойлаштирилди. Бу ерда гуманитар ёрдам пункти ҳам ташкил этилди.

Хабарда айтилишича, Қизил Хоч мутахассислари назорати остида “Тез ёрдам” машиналари Қорабоғдан Арманистонга 23 нафар оғир яраланган шахсни олиб ўтган.

Бош вазир Никол Пашинян 24 сентябрь куни Озарбайжон билан этник арманлар ҳуқуқининг кафолатланиши юзасидан келишувга эришилмаган тақдирда, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги этник арманларни қабул қилишини билдирган эди. Озарбайжон ҳукумати Қорабоғдаги арманлар ҳуқуқи кафолатланиши ва таъминланишини ваъда қилаётир. Тоғли Қорабоғда 120 мингга яқин арман яшайди.

19 сентябрь куни Озарбайжон “аксилтеррор амалиёти” ўтказгани ортидан 20 сентябрда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати таслим бўлганини билдирди. Бу билан Тоғли Қорабоғ ҳудуди тўлиғича Озарбайжон назорати остига ўтди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукумати таслим бўлгани ортидан Ереванда бошланган намойишларда 80 киши қўлга олинди

Норозилар бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Ереванда 22 сентябрь куни ҳам давом этган намойишларда иштирок этганлардан 80 нафари полиция томонидан қўлга олинди. Норозилар бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда. Намойиш иштирокчилари мансабдорлар ва депутатлар фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида Ҳукумат уйига кириш йўлларини тўсиб қўйишга ҳаракат қилган.

Қўлга олинганлар орасида Арманистоннинг иккинчи президенти Роберт Кочеряннинг ўғли Левон Кочарян ҳам бор. У қўлга олиш пайтида полициячилар томонидан калтакланган ва касалхонага олиб кетилган. Шунингдек, норозилар лидерларидан бири, собиқ мухолифатчи депутат Андраник Теванян ҳам ушланган. У кўп ўтмасдан озод қилинди.

Ереванда намойишлар тўрт кундан бери давом этмоқда. Намойишлар Арманистон ҳукумати Озарбайжон шартлари асосида Тоғли Қорабоғда оташкесим битимига рози бўлгани ортидан бошланган эди. Боку шартларига асосан, Тоғли Қорабоғ тўлиғича Озарбайжон назорати остига ўтади.

19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.

Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатида бўлиб келган. Халқаро ҳамжамият томонидан Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ҳудуди сифатида тан олинади. Бу ҳудуд учун 1988-1994 йиллардаги урушда 30 минг киши ҳалок бўлган. Ўшанда минтақанинг асосий ҳудуди арманлар назорати остига ўтган ва юз минглаб озарбайжонлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

2020 йилнинг кузида давом этган 40 кунлик уруш натижасида Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг катта қисмини ўзига қайтаришга муваффақ бўлганди.

Индонезияда ТикТок юлдузи чўчқа гўшти егани акс этган видеоси учун икки йилга қамалди

Иллюстратив сурат.

Индонезияда 33 ёшли ТикТок юлдузи Лина Лютфиавати Шимолий Суматра вилоятининг Палембанг шаҳар суди томонидан чўчқа гўшти егани акс этган видеоси учун икки йилга қамалди ва 16 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Лина Лютфиавати март ойида ўзининг ТикТок каналида Балида чўчқа гўшти қўшилган таомни тановул қилаётгани тўғрисидаги видеони эълон қилган эди. Овқатга оғиз тегишдан олдин тиктокер “Бисмиллоҳ” деган сўзни айтган.

Судда блогер бу видеони эълон қилганидан афсусда эканини айтди ва кечирим сўради.

«Мен кўп маротаба кечирим сўрадим. Нотўғри иш қилганимни тушуниб турибман. Бироқ мени икки йилга қамашади деб ўйламаган эдим», - деди у суд ҳукми ўқилганидан сўнг.

Лина Лютфиаватининг ТикТок саҳифасида икки миллион обуначига эга. Унинг чўчқа гўшти егани тўғрисидаги видео аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилувчи Индонезияда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Уни жиноий жавобгарликка тортиш илтимоси билан полицияга диндорлардан бири ариза ёзган.

Украинада “Россия” ва “Москва” сўзларини расман кичик ҳарфлар билан ёзишга рухсат берилди

Украин тили стандартлари бўйича Миллий комиссия “Россия”, “Россия Федерацияси”, “Россия империяси”, “Москва” ва бу тушунчалар билан боғлиқ бўлган бошқа сўзларни расман кичик ҳарфлар билан ёзишга рухсат берди.

Комиссия қарорида айтилишича, ҳозирча “расмий характерга эга бўлмаган” матнларда бу сўзларни кичик ҳарфларда ёзиш мумкин ва бу “белгиланган нормалардан чекиниш” сифатида малакаланмайди.

Комиссия таъкидича, бундай қарор “украин халқининг Украина давлатчилиги мустақиллиги учун қаҳрамонларча кураш олиб бораётгани” инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.

Аввалроқ Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук Миллий комиссияни “украинлар шундоқ ҳам кичик ҳарфлар билан ёзаётган бу сўзларни расмийлаштириш”га чақирган эди.

Эронда Шоҳчароғига ҳужум қилганликда айбланган тожикистонликка ўлим жазоси берилди

Тергов пайтида Наврўзов “Ислом давлати” террорчи гуруҳининг аъзоси эканини тан олган.

Эрон суди Шероз шаҳридаги Шоҳчароғи мақбарасига ҳужум қилганликда айбланаётган Тожикистон фуқароси Рахматулло Наврўзовни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Мизан” ахборот агентлиги Форс вилояти прокурори Козим Мусавийга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, тергов пайтида Наврўзов “Ислом давлати” террорчи гуруҳининг аъзоси эканини тан олган. Ҳозирча Тожикистон ҳукумати бу хабарга муносабат билдирмади.

13 август куни Шоҳчароғи мақбарасига қилинган қуролли ҳужумда камида бир киши ҳалок бўлган, саккиз киши яраланган эди. Эрон ҳукумати масжидга Тожикистон фуқароси ҳужум қилганини билдирган.

Форс вилояти прокурори Козим Мусавий шиалар зиёратгоҳига қилинган ҳужумга алоқадор бўлган саккиз киши қўлга олинганини билдирган эди.

Шоҳчароғи мақбараси шиалар учун энг муқаддас бўлган беш зиёратгоҳдан биридир.

Британияда Болгариянинг беш фуқароси Россия жосуси сифатида судланади

Британия қироллик прокуратураси мамлакатда яшаётган Болгариянинг беш нафар фуқаросига Россия фойдасига жосуслик қилганлик айблови билдирилгани тўғрисида маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, улар 2020 йилнинг 30 августидан 2023 йилнинг 8 февралигача «ўзаро тил бириктирган ҳолда бевосита ёки билвосита душман учун аҳамиятли бўлган маълумотларни тўплаш билан шуғулланган».

Қўлга олинганлардан уч нафари - Орлин Руссев, Бизер Джамбазов ва Катрин Иванова февраль ойида Болгария, Франция, Италия, Испания, Хорватия, Словения ва Чехиянинг сохта ҳужжатларидан фойдаланганликда ҳам айбланган эди.

Терговни Лондон полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими олиб бормоқда.

"Досье" марказининг билдиришича, Руссев Wirecard ширкатининг топ менежерларидан бири Яна Марсалеканинг вакили бўлган. Марсалека Британиядан Беларусга қочган ва ҳозирда Россияда яшамоқда. "Досье" у Россия махсус хизматларига пойлаш ва кузатиш ускуналарини етказиб бериш билан шуғуллангани тўғрисида ёзган.

26 сентябрь куни айбланувчилар Вестминстер судига олиб келинади. The Guardian нашрининг ёзишича, Британияда жосуслик айблови бўйича ишлар камдан кам ҳолатларда судгача етиб боради. Одатда, Британия жосусликда айбланган хориж фуқароларини мамлакатдан бадарға қилади.

Руперт Мёрдок ўз медиа-империяси бошқарувини ўғли Лахланга топширмоқчи

92 ёшли Руперт Мёрдок ўғли Лахлан билан.

Жаҳондаги энг нуфузли медиа-империя асосчиси бўлган медиамагнат Руперт Мёрдок Fox Corporation раиси ва News Corp ижрочи директори лавозимларидан кетишини эълон қилди. 92 ёшли Мёрдок ўз медиа-империяси жиловини ўғли Лахланга топширишини билдирди.

Мёрдокнинг ширкатлари Британия, АҚШ ва Австралиядаги энг нуфузли оммавий ахборот воситаларини бошқаради. Лахланнинг расмий равишда ширкат раислигига тайинлаш маросими ноябрда ўтказилади.

Руперт Мёрдок газеталардаги ўз меҳнат фаолиятини 22 ёшида бошлаган. Ўшанда у Австралиянинг Аделаида шаҳрида нашр этилувчи иккита газета акцияларининг 50 фоизини мерос сифатида қабул қилиб олган эди. У шу йиллар давомида жаҳон медиасидаги энг таъсирли шахсга айланди.

Лахлан Мёрдок Рупертнинг иккинчи ўғли, у 1971 йилда туғилган.

Лахлан жаҳондаги машҳур нашриётлар фаолиятини уюштириш ва сармоя киритиш билан шуғулланган. Australian Financial Review ҳисоботида айтилишича, унинг шахсий бойлиги 3,3 миллиард долларни ташкил қилган.

Байден Зеленский билан учрашувда Украинага навбатдаги ҳарбий кўмак берилишини айтди

АҚШ президенти Жо Байден 21 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский билан Вашингтонда ўтган учрашувда Киевга яна 325 миллион долларлик ҳарбий кўмак кўрсатилишини эълон қилди.

Ҳарбий кўмак ўтган йили тасдиқланган дастурга асосан Қуролли кучлар омборхоналаридан тўғридан-тўғри Украинага жўнатилади. Янги кўмак доирасида Украинага HIMARS тизими учун 300 километргача отиладиган ATACMS ракеталарини бериш назарда тутилмаган.

Украинага 155 миллиметр калибрдаги артиллерия снарядлари, жумладан, кассетали ўқ-дорилар етказиб берилади.

Украин армияси, шунгингдек, Stinger ракеталарини отишга мўлжалланган Avenger тизимига ҳам эга бўлади.

Ҳарбий ёрдам таркибида дронларга қарши пулемётлар, 105 миллиметр калибрдаги снарядлар, ўқотар қуроллар учун 3 миллионта ўқ, танкларга қарши Javelin комплекслари, танкларга қарши TOW ракеталари ва енгил тактик автомобиллар ҳам бор.

Байден Зеленский билан учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида M1 Abrams танкларнинг илк партияси Украинага кейинги ҳафтада етказиб берилишини маълум қилди.

Зеленский матбуот анжуманида АҚШ қиш мавсумида Украина мудофаа чизиғини, жумладан, ҳаводан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга кўмак кўрсатишини билдирди.

Қозоғистонлик депутатлар Хитой билан фуқароларга оид маълумотларни алмашиш ҳақидаги битимни маъқуллашди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой лидери Си Цзинпин билан (архив сурати)

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутатлари 20 сентябрь куни Хитой билан фуқароларга оид маълумотни алмашиш ҳақидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганлар.

Томонлар фуқароларининг қарши томон ҳудудига кириши, мамлакатга кириш ва юриш тартибининг бузилиши, фуқароликка қабул қилинган шахсларга оид маълумотларни алмашишга имкон берувчи мазкур келишув 17 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида имзоланган эди.

“Бу маълумотлар мамлакатларга икки фуқароликка қарши кураш, ноқонуний миграция каналлари олдини олиш учун зарур”, деган Қозоғистон ички ишлар вазири Ержан Саденов палата йиғилишида қонун лойиҳасини тақдим этаркан.

Вазир келишувда “суверенитет, хавфсизлик учун таҳдид ҳамда қонунчиликка зид келган” тақдирда сўровларни бажаришдан бош тортиш кўзда тутилганини қўшимча қилган.

Эндиликда ҳужжат парламент юқори палатаси бўлган сенатга йўлланади, у ерда тез орада маъқулланади, кейин эса унга президент қўл қўяди.

Бу каби икки томонлама битимларни Қозоғистон аввалроқ авторитар режимлар амалда бўлган қатор постсовет мамлакатлари – Озарбайжон, Беларусь, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ҳам имзолаган.

Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия президентлари мамлакатлар ўртасида фуқароларнинг шахсий маълумотларини алмашишга оид битимни имзолашган эди.

Қозоғистон хитойлик қочқинлар, хусусан, Шинжондаги таъқиблардан қочиб келаётган этник қозоқлар ва уйғур келадиган ва ўтиб кетадиган транзит мамлакат бўлиб ҳисобланади. АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2021 йилдаги ҳисоботида Хитойнинг бу минтақаси “очиқ осмон остидаги қамоқхона”га айлантирилганини қайд этган эди.

Аввалроқ экспертлар Озодликнинг қозоқ хизматига Хитойдан кредит ва молиявий дастак олувчи Қозоғистон Шинжондан қочиб келаётганларни тўла ҳимоя қилолмаслигини билдирган эдилар. Шинжонда таъқибга учрагани учун Қозоғистонга қочиб ўтган этник қозоқлардан камида беш нафарига неча йилдан бери фуқаролик ёки учинчи мамлакатга чиқиб кетиш учун йўл ҳужжати берилмаяпти. Қочқинлар Пекин Шинжонда қолган ўз қариндошларига босим ўтказаётганини ҳамда уларни Хитойга қайтаришга уриниб келаётганини айтмоқдалар.

Халқаро ташкилотлар Хитой расмийлари судсиз ва терговсиз миллион нафардан кўпроқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонларни Шинжондаги лагерларга йўллаган бўлишлари мумкинлиги ҳақида билдирганлар. Пекин бу чорани “экстремизмга қарши кураш” ўлароқ оқлаб келади, сиёсий лагерларни эса хитойлик расмийлар “касбий тайёргарлик марказлари” деб атайди.

Евлахда Боку делегацияси билан қорабоғлик арманлар вакилларининг музокаралари бўлиб ўтди

Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида 21 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ арманлари ва расмий Боку масъуллари ўртасида музокаралар ўтказилган. У ерда, расмий манбалар қайдича, “Қорабоғда яшовчи арманлар реинтеграцияси” масаласи муҳокама қилинган.

Учрашув натижаларига оид тафсилотлар очиқланган эмас. Боку ўтган асрнинг 80-йиллари охиридан буён Озарбайжон расмийларига бўйсунмай келаётган собиқ Тоғли Қорабоғ мухтор вилоятининг бутун ҳудудлари ўз назорати остига ўтишини кутяпти. Президент Илҳом Алиев 21 сентябрь куни мамлакат “ўз суверенитетини тиклади”, дея баёнот берди.

Мазкур музокаралар ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ вакиллари феълан таслимиятни англатувчи шартлар асосида ўт очиш тўхтатилишига рози эканларини билдирганларидан кейин бўлиб ўтиши айтилган. Бу шартларда маҳаллий ҳарбийларни тарқатиб юбориш ва улар фойдаланган оғир ҳарбий техникани Озарбайжон расмийларига топширилиши кабилар бор эди.

Аввалроқ Озарбайжон расмийлари Тоғли Қорабоғ вакилларига Бокуга топширилиши лозим бўлган одамларнинг номма-ном рўйхатини тақдим этишгани хабар қилинган эди. Улар орасида тан олинмаган республиканинг собиқ раҳбарлари ҳамда давлат ва ҳарбий арбоблар номлари бор. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмас.

Бу орада Арманистонда мамлакат ҳукуматининг Тоғли Қорабоғда Озарбайжон армиясига қаршилик кўрсатмаслик қарорига қарши норозилик чиқишлари давом этмоқда. 1990-йиллар бошларидан оммавий норозилик намойишлар натижасида ҳокимият тепасига Никол Пашинян келган 2018 йилгача мамлакатнинг юқори лавозимли раҳбарлари асосан қорабоғликлар ёки ўша урушда иштирок этган фахрийлар бўлган.

Тоғли Қорабоғ ҳудуди халқаро ҳуқуққа кўра Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Минтақа аҳолисининг аксариятини арман миллатига мансуб кишилар ташкил этади. Арман жамоати вакиллари эълон қилган мустақилликни Арманистоннинг ўзи дохил дунёдаги бирорта мамлакат тан олган эмас. Шу пайтгача можаро томонлари бир-бирларини этник тозалашларга айблаб келишган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG