Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2019, Тошкент вақти: 00:10

Исландияда эриб кетган улкан музликка мотам тутилди


Окйекудль музлигининг фазодан 1986 йил 14 сентябридаги (ч) ҳамда 2019 йил 1 августидаги кўриниши.

Исландияда ўтган якшанба куни иқлим ўзгариши туфайли эриб кетган илк музликка мотам тутилди.

Окйекудль музлиги билан видолашув маросимида Исландия расмийлари, олимлар, фаоллар ва бошқалар қатнашди. Улар музлик шарафига сукут сақлаб, шеърлар ўқишди.

НАСАдан олинган суратларда музлик 1986 йилда бир бутун оқ ҳудуд бўлганини кўриш мумкин. Исландия геологи Оддур Сигурдссоннинг айтишича, музлик ўша пайтда 15 км2 майдонга эга бўлган.

Аммо НАСА жорий йилнинг 1 августида олган суратда Окйекудльдан фақат кичик-кичик муз парчаларигина қолганини кўриш мумкин.

Сигурдссон бундан тахминан ўн йил олдин 20 аср давомида эриган Окйекудль умри битганини айтган эди. 2014 йилда Окйекудль музлик талабларига жавоб бермай қўйган.

Сигурдссон Исландия илк музлигини йўқотганини айтар экан, кейинги 200 йил ичида мамлакатдаги барча муз қатламлари йўқ бўлишини қўшимча қилди.

Копенгаген университети профессори Миник Розинг:

- Арктика иқлими кескин ва катта суратда ўзгараётганига энди шубҳа йўқ, - деди.

Якшанба куни ўтказилган мотам маросимида тақрибан 100 одам икки соат юриб, вулқон тепасига чиқди ва Окйекудльга ўрнатилган ёдгорлик очилишида қатнашди.

Сигурдссон музлик ўлганини тасдиқловчи ўлим гувоҳномасини тақдим этар экан, маҳаллий аҳоли қария музликдан минг йиллаб тоза сув ичилганини хотирлашди.

Ирландия собиқ президенти Мэри Робинсон:

- Музликнинг рамзий вафоти барчамиз учун огоҳлантиришдир. Чора кўрмасак бўлмайди, - деди.

Исландия бош вазири Катрин Якобсдоуттир эса:

- Иқлим инқирози оқибатларига гувоҳ бўлиб турибмиз, - деди.

Маросим давомида болалар Окйекудль хотирасига бағишланган хотира тахтачасини ўрнатишди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG