Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2021, Тошкент вақти: 13:12

Ўзбекистонлик талабаларга Россияга киришга рухсат берилди


Россияда 26 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба кундузги бўлимларда таҳсил олмоқда.

Россия ҳукумати ўзбекистонлик талабаларга мамлакат ҳудудидаги олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун мамлакатга келишга рухсат берди. Бу ҳақда Россия Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Бироқ ўзбек талабалари Россияга киришда бошқа муаммоларга ҳам дуч келмоқда.

Россия ҳукуматининг 2021 йил 31 мартда чиқарган 814-р-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон, Тожикистон, Венесуэла, Германия, Сурия ва Шри-Ланкадан бўлган талабалар, аспирантлар, ординатор ва тайёрлов факультетлари тингловчилари ўқишни давом эттириш учун Россияга қайтиши мумкин бўлади.

Эндиликда Россияга талабаларига киришга рухсат берилган мамлакатлар сони 31 тага етди. Россияга йўл очилган хорижлик талабалар давлатлари рўйхати коронавирус инфекциясининг Россия ҳудудида тарқалишига қарши кураш бўйича махсус тезкор штаб томонидан тузиб келинмоқда.

Штаб жорий қилган тартибга кўра, Россияга киришдан олдин хориж талабаси ўзи таҳсил олаётган университет маъмуриятига электрон почта орқали чегарани кесиб ўтиш муддати кўрсатилган хабарнома юбориши лозим. Ўқув муассасаси кўрсатилган муддат ичида жавоб хатида чегарадан ўтишга рухсатнома белгилари жўнатилади ва тартиби тушунтирилади.

Россияга кириб келишдан кўпи билан 3 кун олдин талаба COVID-19га ПЗР-тест топшириши ва касалланмаганлиги тўғрисида натижа олмоғи ҳам лозим.

Россия университетларидан бирида таҳсил олаётган Шаҳбознинг Озодликка айтишича, Ўзбекистондан Россияга келишнинг бошқа мураккабликлари юзага келган.

- Йўл очилдику-я, энди университетлар билан муаммо пайдо бўлди. “Госуслуги” деган портал орқали биз маълумотларимизни жўнатишимиз керак - уланиб бўлмаяпти унга. Университет ўша маълумотлар асосида рўйхат тузиб, ФСБга тасдиқлашга юбораркан. ФСБ тасдиқласа кейин кетоламиз экан. Ҳукумат эса ҳамма университетларга бирдан рухсат очмаяпти экан. ФСБ тасдиқлаган рўйхат чегарачилар қўлида бўларкан ва унда мени фамилиям бўлса, киришга рухсат берилади. Университетимга 5 кун бўлди сўровнома юборганимга - ҳали жавоб йўқ. Мен каби яна 100тача ўзбек талабаси жавоб кутяпти экан, - дейди Шаҳбоз.

Суҳбатдош Ўзбекистондан Россияга ҳафтасига битта авиарейс қўйилгани, аммо ҳар куни Россияга чартер рейслар учаётганини ҳам айтади:

- Ҳафтада бир маротаба кетаётган рейсларда хоҳлаган одам ҳеч қандай рухсатсиз Россияга кириб бориши мумкин экан. Чартер орқали эса “асоси” борлар учяпти: даволанишга, кимидир ўлиб қолганлар, қариндошиникига, Меҳнат вазирлиги рухсати билан кетаётганлар, мана энди талабалар. Чартер рейслар эса ҳар куни учяпти. Регуляр рейсга билетлар жойида сотилиб кетяпти 1 минг доллардан! Чартерга билетлар 400 доллардан сотиляпти.

Маълум бўлишича, Россияга кириб келган талаба 72 соат давомида қайта ПЗР-тест топшириши лозим. Тест натижаси чиққунга қадар у яшаш жойида карантин сақлаши лозимлиги белгилаб қўйилди.

Жорий этилган тартиб олий таълим муассасаларининг кундузги бўлим талабаларига тегишли эканини таъкидлаб қўйиш лозим.

Россияга кириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Россия Фан ва олий таълим вазирлигининг +7(495)198-00-00 рақамли телефони ёки scminobr@mail.ru электрон почтаси орқали мурожаат қилиш мумкин.

2020 йил мартида Россия коронавирус инфекциясига қарши карантин чекловларини жорий қилган ва хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган эди. Июль ойида бир нечта хорижликлар тоифасига киришга рухсат берилган. Жумладан, Россиядаги айрим агентликлар ва йирик компаниялар Ўзбекистондан олиб кираётган ишчи мигрантларга рухсат берилмоқда.

Бундан олдинроқ Россияга киролмаётган ўзбекистонлик талабалар дарслардан ортда қолаётганликларини айтиб, чегараларни очиб беришни сўраб, ҳукуматларга мурожаат қилганди.

Охирги йилларда Ўзбекистон Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчиликда ва йил сайин бу кўрсаткич ошиб бормоқда.

Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG