Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:26

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистонга санкцияларни енгиллатишга чақирмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон Тошкентдаги минтақавий анжуманда.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон Тошкентдаги минтақавий анжуманда.

Ўзбекистон ва Покистон халқаро ҳамжамиятни Толибон назорати остидаги Афғонистоннинг музлатилган активларини очишга чақирмоқда.

Eurasia.net нашри 4 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Исломободга қилган ташрифи чоғида Покистон Бош вазири Имрон Хон «бу борада биргаликда лоббичилик қилишга» келишиб олишгани ҳақида ёзди.

Нашрнинг таъкидлашича, икки раҳбар ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери халқаро ҳамжамиятни август ойида Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин музлатиб қўйилган активларни озод қилишга чақириб келади.

Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири ОАВ вакиллари учун ўтказган брифингда Хон «Афғонистон халқаро тан олиниши учун нима қилиши мумкинлиги» ҳақида биргаликда ўйлаб кўришини айтди. Бугунга қадар бирор бир мамлакат Толибон ҳукуматини расман тан олгани йўқ.

Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам Афғонистонда юзага келган гуманитар инқирозни юмшатиш зарурлигини айтиб, Афғонистонни ажратиб қўйиш ўрнига мамлакат билан ҳамкорлик қилишга чақириб келади. Бунинг асосий сабаби шундаки, ҳар икки мамлакат Афғонистон ҳудудидан ўтувчи йирик транспорт лойиҳаларини йўлга қўйишни кўзламоқда.

Ўтган ой Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон халқаро миқёсда тан олиниши «икки йўналишли кўча» эканини айтган эди.

- Ва бу ерда пешвоз ҳаракат бўлиши керак: муваққат ҳукумат аввал берилган ваъдаларни бажариши керак (ва улар жуда кўп), - деди вазир.

- Иккинчи томондан, халқаро ҳамжамият Афғонистонда ташланаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши керак. Ушбу ҳукумат билан ишлаш, мулоқот қилиш, уни халқаро ҳамжамият ёндашуви ва шарт-шароитлари ҳақида хабардор қилиш керак, - дея сўзини давом эттирди Комилов.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон толиблар билан ҳамкорликдан асл мақсади – Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистон бандаргоҳлари, шунингдек, Форс кўрфазига чиқиш режасини амалга ошириш эканини яширмаяпти. Покистон ҳам ушбу лойиҳани қўллайди.

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан бошланиб, Афғонистоннинг Мозори Шариф, Кобул шаҳарлари орқали Покистоннинг Пешовар шаҳрига туташадиган янги темир йўл очилса, йилига 20 миллион тонна юк ташиш мумкин бўлган арзон логистика тармоғи пайдо бўлиши кутилмоқда.

Толибон ҳам лойиҳа амалга ошишини истайди, аммо мамлакат халқаро миқёсда яккамохов бўлиб қолар экан, лойиҳа учун молия бўлмайди. Хавфсизлик бўйича хавотирлар яна бир тўсиқдир.

‑ «Аср лойиҳаси» деб аталаётган «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли нафақат мамлакатларимиз, балки кенг минтақаларимиз халқлари умумий равнақига ҳисса қўшади, деб ишонамиз, - деди Мирзиёев брифинг чоғида.

Ўтган йил бошида Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон «йўл харитаси»ни имзолаб, техник-иқтисодий асослашни ишлаб чиқиш, маршрутни ўрганиб чиқиш ҳамда молия механизмларини кўриб чиқишга келишиб олган эди.

Ўтган йил охирида Россия ва Қозоғистон Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон билан уларга тезроқ ва арзонроқ савдо йўлини таклиф қиладиган лойиҳа бўйича музокараларга қўшилди.

Аммо Россия Украинага бостириб киргани учун халқаро санкцияларга йўлиққанини эътиборга олсак, Россиянинг иштироки тугатилиши муқаррар.

Санкциялар туфайли Россия орқали Европага чиқиш имконсиз бўлиб қолгани туфайли Тошкент учун «афғон коридори» янада мантиқийроқ ечимдир.

Ўтган йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит савдоси тўғрисидаги битим имзоланган эди.

Мирзиёев Покистонга ташрифи чоғида ўнлаб маҳсулотларга тарифларни пасайтирилиш кўзда тутилган савдо битимини ҳам имзолади. Ушбу битимга биноан, икки давлат умумий ҳисобда 34 та маҳсулот учун божхона тўловларини 20 – 100 фоизга қисқартиради.

XS
SM
MD
LG