Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

Санкциялар: Европарламент депутати Ўзбекистондаги Octobank фаолиятини текширишни сўрамоқда


Европа парламенти.
Европа парламенти.

Европа Парламенти аъзоси, ЕПдаги консерваторлар ва ислоҳотчилар гуруҳи вакили Адриан-Жорж Аксиния Европа Комиссиясига расмий сўров йўллаб, Ўзбекистондаги молиявий муассасалар, хусусан, Octobank Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган бўлиши эҳтимолига жиддий эътибор қаратишни сўраган.

Аксиния 10 октябрь куни Европа Комиссиясига йўллаган сўровномасида Octobank трансчегаравий молиявий операциялар, жумладан, пул ўтказмалари ва P2P тўловлари соҳасида Ўзбекистонда монопол мавқеъга эга эканини таъкидлаган.

Европа Парламенти депутати Адриан-Жорж Аксиния
Европа Парламенти депутати Адриан-Жорж Аксиния


2023 йилга қадар Ravnaq-bank сифатида билинган ва ўша йил августида Octobank номи билан қайта ташкил этилган ушбу молия ташкилоти, Европарламент депутати йўллаган сўровда айтилишича, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан назорат қилинади. Сўровда таъкидланишича, Россияга нисбатан киритилган санкциялар режимига амал қилиш ҳақида сўз борар экан, ушбу банкнинг роли текширилиши муҳим.

Аксиния Европа Комиссиясидан қуйидаги саволларга жавоб беришни сўради:

1. Европа Комиссияси санкцияларни бундай молиявий механизмлар орқали четлаб ўтилишини назорат қилиш ва олдини олиш учун қандай чоралар кўрмоқда?

2. Комиссия Octobank Акциядорлик Жамияти атрофидаги вазиятдан хабардорми ва бундай хатти-ҳаракатларнинг Россияга қарши санкцияларнинг самарадорлигига салбий таъсирининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?


Европарламент депутати Octobank санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бераётган бўлиши мумкинлиги борасида хабарлар олинганини эслатган, аммо бу хабарлар манбаси ва мазмунига тўхталмаган.

Олдинроқ интернетда Президент ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) раҳбари Дмитрий Ли Octobank фаолиятини шахсан назорат қилиши, Россия банклари Ғарб санкцияларига учраши ортидан бу банкдан ўтадиган транзакциялар оқими кескин кўпайгани иддао қилинган мақолалар чоп этилганди. Бу мақолаларда Дмитрий Ли президент Шавкат Мирзиёев оиласи, хусусан, унинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёевага яқинлиги иддао қилинади.

Президент ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбари Дмитрий Ли (ўнгда)
Президент ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбари Дмитрий Ли (ўнгда)


Octobank ва Ли раҳбари бўлган агентлик ушбу иддаоларни шарҳламаган.

Bankers.uz сайти маълумотларига кўра, Octobank АЖ бошқаруви раиси Турсунов Искандар Бахтинурович 2023 йил августида 72,05 фоиз ҳиссалар билан банкнинг асосий акциядорига айланган.

2024 йил иккинчи чорагида Octobank мижозлар билан муаммоли активларни тўлиқ сўндиргани ҳақида ҳисобот берган.

3 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатишини айтган банк жорий йилда банклар рейтингида сезиларли даражада кўтарилган ва Хитойнинг Tenpay онлайн тўлов тизимининг стратегик ҳамкорига айланган.

ИЛМА (НАПП) Ўзбекистон президентининг 2023 йил сентябрдаги қарори билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг капитал бозори соҳасидаги вазифалари, функция ва ваколатларини ўз зиммасига олиб, ушбу соҳа регуляторига айланган.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги 2022 йил апрель ойида Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) негизида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси криптоактивлар муомаласи соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат эди.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Европа Иттифоқи Россия билан яқин сиёсий, иқтисодий ва савдо алоқаларига эга Марказий Осиёдаги собиқ совет республикаларини иккиламчи санкциялар оқибатларидан огоҳлантириб келади.

ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 2023 йилнинг 29-30 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан санкцияларга риоя қилиш юзасидан учрашувлар ўтказган эди.

“Биз Ўзбекистондан барча йўналишдаги санкцияларга тўла-тўкис риоя қилишни талаб этаётганимиз йўқ. Бу жуда мураккаб вазифа бўлур эди. Биз саноқли – тахминан 45 номдаги маҳсулотлар рўйхатини шакллантирганмиз. Улар Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларида ўта муҳим аҳамият касб этади. Биз айни шу товарларни Ўзбекистон каби учинчи мамлакатлар орқали қайта экспорт қилинишининг олдини олиш ҳаракатидамиз”, деган ЕИ махсус вакили маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

Шу йил июнида Брюсселда марказий осиёлик бир гуруҳ журналистлар билан учрашган Европа комиссияси воизи Петер Стано Евроиттифоқ тузилмалари санкцияларни четлаб ўтишга уринишларга қатъий жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирган.

Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари Марказий Осиё мамлакатларига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган.

17 сентябрь куни Остонада ўтказилган “Марказий Осиё – Германия” саммитидаги нутқида Мирзиёев санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар минтақада ислоҳотларни амалга оширишда жиддий синовга айланаётганини таъкидлаган.

Озодлик Европа Иттифоқи Россияга жорий қилган санкциялар режими доирасида Octobank ва умуман, Ўзбекистон молия институтлари фаолияти борасида мавжуд хавотирлар тафсилотларини ўрганиш мақсадида Европарламент депутати Адриан-Жорж Аксинияга саволлар билан мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG