Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2023, Тошкент вақти: 05:56

Мирзиёев Туркманистонга борди. Этник ўзбеклар бу ташрифдан нима кутишмоқда?


Ташриф чоғида ҳамкорликка доир 10 дан ортиқ битимлар имзолангани маълум қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни Ашхободда президент Сардор Бердимуҳамедов билан музокаралар олиб борди. Ташриф арафасида Ашхободда транспорт ҳаракати чекланди. Туркманистондаги ўзбек диаспораси ўзбек лидери ташрифининг эҳтимолий натижаларини муҳокама қилаётир.

Озодликнинг туркман хизматига кўра, Ашхобод марказий кўчаларида ҳаракат чеклови Мирзиёев ташрифидан бир ҳафта олдин жорий этилган. Хусусан, Махтумқули шоҳкўчаси то Отамурод Ниёзов кўчасигача ёпиқ, шаҳар автобуслари йўналишлари ўзгартирилган. Шунингдек, “Тошкент” боғига элтувчи кўчалар ҳам тўсилган: боғ ўзбек президентининг расмий ташрифи чоғида тантанали суратда очилиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, туркман-ўзбек чегарасида жойлашадиган Чегарабўйи савдо маркази қурилиши лойиҳасига старт берилиши ҳам режаланган.

Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап каби вилоятларида этник ўзбеклар тиғиз яшайди. 1995 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларида этник ўзбекларнинг мамлакат нуфусидаги салмоғи 9,2 фоиз, туркманларники эса 88 фоиз деб кўрсатилган эди. Ҳукуматга оид Orient.tm нашри ёзишича, 2010-2020 йилларда этник туркманлар аҳоли таркибида 90 фоиздан ошган.

Озодлик туркман хизмати хабарига кўра, этник ўзбеклар зич яшайдиган ҳудудларда сўнгги йилларда ўзбек тили, маданияти ҳамда Ўзбекистон телевидениеси оммалашмоқда.

Яқинда Тошҳовуз вилоятида бўлган Озодлик мухбири маҳаллий аҳоли ўзбек телеканалларини мамнуният билан томоша қилишини айтади.

“У ерда кўпчилик ўзбек телеканалларини кўради. Бунинг учун сунъий йўлдош антенналари шарт эмас, оддий антенналар ҳам сигнални яхши тутади”, дейди мухбир.

Унинг айтишича, ерли аҳоли орасида ўзбек тили кенг қўлланади. Тошҳовузнинг айрим чегара туманларида ўзбек ширкатларининг уяли алоқасидан фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон президенти ташрифи арафасида Озодликнинг туркман хизмати бир муштарийдан хат олди – мактубда Туркманистонда яшовчи этник ўзбекларнинг муаммолари баён қилинган эди.

“Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз вилоятларида истиқомат қилувчи этник ўзбеклар ҳуқуқий камситилишдан безганлар”, деб ёзади мактуб муаллифи.

У ўзбек этник озчилиги вакиллари мамлакатда сўнгги 30 йилдан бери олиб борилаётган “туркманлаштириш” сиёсатидан айниқса, хавотирда эканини урғулаган.

“Хусусан, туркманлаштириш сиёсати сўнгги йилларда таълим соҳасига кўчиб, мамлакатда яшовчи бошқа миллатлар манфаатлари мутлақо инобатга олинмаяпти, худди улар умуман мавжуд эмасдек”, дея давом этади муаллиф. Унга кўра, бу муносабат айниқса ёш этник ўзбеклар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мактуб муаллифи Туркманистоннинг ниҳоясиз иқтисодий муаммолари, ёпиқлик ва яккаланиш сиёсатидан бутун туркман халқи, жумладан ўзбек диаспораси ҳам безганини, шу боис этник ўзбеклар қўшни Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаёти билан кўпроқ қизиқаётганини таъкидлайди.

“Узоқ йиллардан бери ўзбек ёшлари таълим олиш, яхши иш топиш ва ўз келажагини таъмин этиш учун мажбуран ёки ихтиёрий равишда ўз миллатини ўзгартиришга розилик беришди ва расман туркман бўлишди. Бироқ ёш ўзбеклар орасида ўзбек телевидениеси, Ўзбекистон воқелиги, хабарлари ва умуман сиёсий-ижтимоий ҳаётига қизиқиш катта”, дейилади мактубда.

Туркманистон ҳукумати халқаро форумларда, жумладан ЕХҲТнинг Миллий озчил халқлар ишлари бўйича олий комиссари билан музокараларда “этник озчил халқларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш масалаларига катта эътибор берилаётганидан” баҳс этади.

Бироқ Озодлик Туркманистонда этник озчиликлар камситилиши ҳақида бир неча марта хабар берган. “Туркманлаштириш” сиёсати эса бутун-бутун аҳоли масканлари бўшаб қолаётгани сабабларидан биридир.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, 21 октябрь куни Ашхободда икки давлат раҳбарлари Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланган.

Форум

XS
SM
MD
LG