Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Марказий Осиё раҳбарлари нега келиша олмади ва Россия нимадан ғазабда?


Марказий Осиё раҳбарлари Чўлпонота шаҳрида. 2022 йилнинг 20 июли.
Марказий Осиё раҳбарлари Чўлпонота шаҳрида. 2022 йилнинг 20 июли.

Ғарб нашрлари расмий Нур-Султоннинг Украинадаги уруш ва Москвага қарши санкцияларга нисбатан позицияси туфайли Қозоғистон-Россия алоқалари бузилишини башорат қилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари президентларининг Чўлпонота учрашувида ҳамкорлик шартномасини имзолашга айрим лидерлар рози бўлмагани ҳам Ғарб ОАВларининг эътиборини тортди.

Тадқиқотчи: Қозоғистон Россиядан узоқлашмоқда ва узоқлашишда давом этади

Нур-Султон Россиянинг Украинага босқинини ёқламагани Қозоғистон-Россия муносабатларига путур етказди. Ушбу манзарада яқинда президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга Россиядан қочаётган чет эл сармоясини Қозоғистонга жалб қилиш чораларини кўриш вазифасини топширганида эса Москва “ғазаб отига минди”.

Америкалик тадқиқотчи Пол Гоблнинг Jamestown Foundation сайтида эълон қилинган “Қозоғистон Россияни тарк этаётган Ғарб ширкатларини ўзига чорлаб Москвани тутақтирмоқда” номли мақоласида шу ҳақда гап боради.

Ҳукуматнинг 15 июлдаги йиғилишида Тоқаев “Россия бозоридан чиқиб кетаётган хорижий ширкатларнинг Қозоғистонга кўчиб ўтиши учун қулай шарт-шароит ҳозирлаш”га топшириқ берган эди. Москва буни “бир пайтлар яқин иттифоқчиси деб билган мамлакатнинг хоинларча хатти-ҳаракати” сифатида баҳолади ва қозоқ нефтининг Ғарбга Россия ҳудуди орқали экспорт қилинишини яна тақиқлаб қўйди, дея урғулайди Гобл.

“Россиянинг айрим сиёсатдонлари кескин чоралар кўришга, хусусан Қозоғистон шимолини аннексия қилишга ёки яқинда Қорақалпоғистонда рўй бергани каби тўполонлар чиқаришга чақиришмоқда”, деб ёзади муаллиф.

Гоблга кўра, Москвада таранглик шу қадарки, “Независимая газета” муҳаррирлари “Украина Россия эмас, Қозоғистон Украина эмас” дея огоҳлантириш билан чиқиб, Россия Украинага муомаласини ушбу Марказий Осиё мамлакатига қилмаслиги лозимлигини таъкидлаганлар.

Эксперт “Москва билан муносабатларнинг кескинлашуви Қозоғистон Россияни четлаб ўтувчи транзит йўлларини излаётгани ва шимолий қўшниси Украинага бостириб кириши ортидан ташқи таҳдидларни бартараф этиш мақсадида ўз мудофаа салоҳиятини оширишга интилаётгани билан ҳам боғлиқ”, деб ҳисоблайди.


Гоблнинг фикрича, Қозоғистон ва Россия бир-биридан узоқлашмоқда ва узоқлашишда давом этажак.

“Бироқ Тоқаевнинг хатти-ҳаракатлари ва Москванинг реакциясидан қатъий назар, Путин яқин орада Қозоғистонга қарши ҳарбий куч ишлатишга журъат этади, деб ўйлаш хато бўлади. Чунки Россия қуролли кучлари Украинада ўралашиб қолди, қолаверса, Россияда ишлаётган миллионлаб марказий осиёлик мигрантлар омили ҳам бор”, деб ёзади Гобл.

Муаллиф даҳанаки жанг яқин кун ва ҳафталарда авжига чиқишини тахмин қилади. "Москва Қозоғистонни тийиб қўйиш учун ўз назоратидаги нефть қувурларидан, пропаганда машинасидан ва Хитой билан алоқаларидан фойдаланишига шубҳа йўқ. Бунга жавобан Нур-Султон, турган гапки, мамлакат ичкарисида янада националистик сиёсат юритишга ўтади ва Ғарб билан янада иноқлашади. Ва мазкур вазият Москвани безовта қилиб, яна бир потенциал можарони пайдо қилиши мумкин", дея башорат қилади муаллиф.

Беш минус икки

Инглиз тилидаги Eurasianet нашри Марказий Осиё мамлакатлари лидерларининг Чўлпонотадаги маслаҳат учрашувида беш давлат раҳбари дўстлик ва минтақадаги умумий муаммоларга қарши кураш тўғрисидаги битимни имзолашда якдил бўла олмаганини қайд этди.

Марказий Осиёни ривожлантиришга қаратилган дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик шартномасига Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари имзо чекишди. Тожикистон билан Туркманистон лидерлари эса ҳужжатни имзолашмади – хабарларга кўра, улар олдин “давлат ичи тартиб-таомиллари”ни якунлаш лозимлигини рўкач қилганлар.

“Тожикистон ҳам, Туркманистон ҳам авторитар мамлакатлар эканини, яъни уларда одатда ҳеч нарса президент фикридан устун бўлмаслигини ҳисобга олсак, бу баҳона ишонарли чиқмади”, дея урғулайди мақола муаллифи ва Eurasianet’нинг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Питер Леонард.
Нашрнинг дипломатик доиралардаги юқори мартабали манбаси воқеани “фожиа эмас, ишкал” деб атаган.

Леонард Чўлпонота шаҳридаги учрашувда Тоқаев интеграциянинг минтақа учун аҳамияти ҳақида завқ билан сўзлаганини айтади. Тоқаев саммитда Қозоғистон Ўзбекистоннинг жанубий чегараларидан Афғонистон орқали Покистонга элтувчи Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

У, шунингдек, минтақа мамлакатларига 2014 йилда ишга туширилган Қозоғистондан Туркманистон орқали Эронга олиб чиқувчи темир йўлдан фаол фойдаланишни таклиф этган.

Тоқаев ҳамкорлик тўғрисида ҳарчанд берилиб гапирмасин, унинг ҳамкасбларини бошқа масалалар кўпроқ қизиқтирди, деб ёзади Леонард.

Хусусан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон экстремизм, терроризм, гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси, кибертерроризм мавзуларини кўтарган. У Қозоғистондаги январь воқеалари, яқинда Қорақалпоғистонда юз берган ғалаёнлар ва Тоғли Бадахшондаги хунрезликни мисол келтириб, минтақага “бурун суқаётган” аллақандай ташқи кучлар ҳақида ҳам гапирган (учала мамлакат президентлари ҳам норозиликларда ташқи кучларни айбламоқда).

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов ўз чиқишида “ташқаридан Марказий Осиё халқларининг тарихий анъаналарига зид ғоя ва қарашлар тиқиштирилаётгани”дан хавотир изҳор қилган.

Раҳмон ҳам, Бердимуҳамедов ҳам Афғонистон муаммосини кўтарганлар.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз маърузасида “бузғунчи кучлар жиноятчи ва диний фанатиклар қўли билан иғво қўзғаётгани”дан нолиган.

Ўзбекистон президенти жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик инфляцияни кучайтириб, Марказий Осиёнинг озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини хавф остига қўяётганини айтган. Унинг фикрича, айни вазиятда фаолиятни мувофиқлаштириш ҳамда кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш лозим.

Мақола муаллифи худди шу мувофиқлаштириш минтақанинг беш давлатидан иккиси имзоламаган шартноманинг энг муҳим жиҳати бўлиши лозимлигини айтади. Қолаверса, ҳужжатда Россия бошлиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи ёки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сингари тузилмалар билан рақобатлашиши мумкин бўлган доимий фаолият юритувчи органни таъсис этиш хусусида лом-мим дейилмаган.

Eurasianet муҳарририга кўра, Тожикистон ва Туркманистон битимга имзо чекишга рози бўлмаса, бунақа минтақавий иттифоқ муваффақият қозона олмаслиги мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG