30 июлда дунё Одам савдосига қарши кураш кунини нишонлади. Ушбу сана арафасида Қарағанда шаҳрида Ҳиндистон фуқаросининг ўғирланишига доир иш бўйича суд жараёни бошланди. Воқеа халқаро жанжалга айланиб кетиши эҳтимоли бор: жабрланувчи қозоқ мулозимларини ишни босди-босди қилишга уринишда айбламоқда, полиция эса буни инкор этаётир.
“Наҳот Қозоғистонда шундай ишлар бўлиши мумкин?!”
27 ёшли Ҳиндистон фуқароси Госвами Праффул Пури саккиз ойдирки, Қозоғистонда уни ўғирламоқчи бўлишганини исботлашга уринади. Айтишича, уни Ўзбекистон фуқаролари ўғирлаб кетиб, ота-онасидан 200 минг доллар товон талаб қилганлар.
Жиноят 2022 йил ноябрида содир бўлган. Госвамига кўра, қочиб кетишга муваффақ бўлгач, дарҳол Қарағанда полициясига арз қилган. Аризаси қабул қилиниб, бирйўла бир неча факт – одам ўғирлаш, қонунга зид тарзда озодликдан маҳрум қилиш ва товламачилик бўйича иш очилади. Лекин судга боргунича иш “одам ўғирлаш” ва “ўзбошимчалик” моддаларига қайта малакаланади.
Жабрланувчи Қозоғистон идоралари иш ўрганилиб, айбдорлар жазоланишидан манфаатдор эмас, деб ҳисоблайди. Госвами улар устидан ИИВга, парламентга, суд администрацияси, президент администрацияси ва Amanet партиясига шикоятлар ёзган. Бироқ, ўзи айтишича, бу идоралар ҳам тайинли жавоб бермаяпти. Бош прокуратура унинг аризасини вилоятга юборган, лекин вилоятдан бирон сас йўқ. Ҳатто Ҳиндистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам ўзини четга тортмоқда.
28 июль куни Госвами президент Қасим-Жомарт Тоқаев қабулига ёзилди. У ўз аризасида руҳий босимга учраганини билдириб, ишини шахсан назоратга олишни илтимос қилган.
Жиноят иши Қарағанданинг Қазибекбий тумани жиноят судида кўрилмоқда. Ҳиндистон фуқароси жиноят иштирокчилари товламачилик, қонунга хилоф тарзда озодликдан маҳрум қилиш ва тан жароҳати етказишда айбланмаётганидан норози. Айтишича, иш қайта малакаланганини материаллар судга юборилганидан сўнг билиб қолган.
“Нималар бўлаётганига тушунмаяпман. Ё одамлар ўтакетган лоқайд, ёки бу ерда бошқа гап бор. Ўзга юртда, ёлғиз, қўлидан ҳеч нима келмайди, дейишяпти чоғи. Мени ўғирлаб кетиб, видеога олиб, ота-онамга жўнатишибди. Шундан сўнг уларнинг тоблари қочган. Мен жабрланувчиман, мазлумман, далил-исботлар ва ҳатто тутқунликда бўлганим, калтакланганим, менга таҳдид қилингани акс этган видеолар бор. Лекин иш судга бошқа айбловлар билан борди. Наҳот Қозоғистонда шунақа бўлиши мумкин?!” – ақлига сиғдиролмайди Госвами Пури.
“Иккинчи марта олий маълумот олмоқчи эдим”
Госвами Пури Ҳиндистоннинг Жодхпур вилоятидан, Қозоғистонга 2022 йилда келган. Визада у Қозоғистонга келишимдан мақсад таълим олиш, деб кўрсатган. Госвами биринчи дипломи бўйича шифокор бўлиб, иккинчи олий маълумотни Қарағанда хусусий университетида олишга қарор қилган. Халқаро алоқалар факультетини танлаган, рус тилида таълим ола бошлаган экан. Бироқ бошига бу ташвишлар тушгач ўқиши қолиб кетибди.
Қарағандада у бир ўзбекистонлик билан танишади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, Госвами ундан 500 минг тенге қарз олади. Айтишича, пул ўқишга керак бўлган, ота-онаси вақтида пул юбора олмаган.
“Мен қарзимни қайтардим. Бироқ улар (янги таниши ва унинг оғайнилари – таҳр.) чўнтагимда долларлар борлигини кўриб, қарзни устамаси билан берасан, деб талаб қилишди. Кўнмадим, чунки бунга келишмаганмиз. Таҳдидлар бошланди. Менинг ҳеч кимдан муттаҳам жойим йўқ. Аксинча, менинг ўзимга нисбатан товламачилик қилишди, кейин эса ўғирлашди”, -дейди жабрланувчи.
Госвами ўғрилар кечаси қаттиқ ухлаб қолганида қочиб кетишга муваффақ бўлади.
“Бошимга, қовурғаларимга уришди. Маст бўлиб ухлаб қолишгач, қочишга қарор қилдим. Уйғониб қолишса ўлдиришади, деб жуда қўрқдим. Ялангоёқ, юпқа иштон ва футболкада қочдим, ҳолбуки ноябр ойи охири эди. Полицияга барини айтганман. Улар иш билан танишиб чиқишимга саккиз ой рухсат беришмади. Терговчи эса иш материаллари сизга эмас, судья учун тайёрланяпти, деб айтарди”, – Госвари судда худди шундай деди.
Ҳиндистон фуқаросига кўра, уни Остонада тутқун қилиб турганлар. Қочганидан сўнг Госвами бир амаллаб Қарағандага етиб олиб, ўткинчилардан ёрдам сўрайди, бир киши унга кўмаклашади: сув беради, полиция чақиради.
Жабрланувчи нега Остона полициясига мурожаат қилмаган? Бу саволга у “ўғрилардан бири пойтахтда, органда ишлайман деганди”, деб жавоб беради.
Госвамининг тиббий хулосасида унинг юзи, қўл-оёқлари ва баданида мўматалоқлар ва тирналган жойлар аниқлангани қайд этилган. Одам ўғирлаш, уйда мажбуран ушлаб туриш, руҳий ва жисмоний тазйиқ қилиш фактларини ўғриларнинг ўзлари ёзган видеолар тасдиқлайди.
Ишни дастлаб судья Шинар Ргебек кўрган. Бир неча мажлисдан сўнг, ифода бериш навбати жабрланувчига етганида тўсатдан ишни кўриш жабрланувчининг виза муддати тугайдиган кунга қолдирилади. Кейинроқ судда қатнашиши учун визасини узайтириб беришади, аммо бу пайтга келиб иш бошқа судьяга – Арғин Кутишевга топширилганди.
Маҳкама иши августда давом этиши айтилмоқда.
Тергов талқини, судланувчилар сўзи
Озодликнинг қозоқ хизмати жабрланувчи иш материаллари билан таништирилмагани, “товламачилик” ва “қонунга хилоф тарзда озодликдан маҳрум этиш” фактлари айбловдан олиб ташланиб, иш “ўзбошимчалик”ка малакалангани сабабларига қизиқиб Қарағанда полициясига мурожаат қилди. Бироқ полиция департаменти бошлиғи ўринбосари Ернат Қалиакпаров: “Тўпланган далиллардан келиб чиққан ҳолда, жиноят ишини юритиш беш нафар шахсни 383-модда 3-қисми (“Ўзбошимчалик”), 125-модда 2-қисми (“Одам ўғирлаш”)га кўра жиноий жавобгарликка тортиш ва ишни прокуратурага топшириш билан якунланди”, дея қисқагина жавоб берди. Бошқа саволлар жавобсиз қолди.
Ҳозирда “қора курси”да беш эркак ўтирибди – барчаси Ўзбекистон фуқаролари. Бешови ҳам ҳибсда тутилмоқда. Асосий фигурант 41 ёшда бўлиб, у “одам ўғирлаш” ва “ўзбошимчалик”да айбланган. Қолганларнинг ёши 27 дан 35 гача, уларга “жиноятга шерикчилик қилиш” айблови қўйилган.
Маҳкама рус тилида олиб борилмоқда, жабрланувчига – инглиз тилини, судланувчиларга эса ўзбек тилини биладиган таржимонлар берилган. Жабрланувчи инглиз тили таржимони ҳар доим ҳам аниқ таржима қила олмаслигидан нолийди.
Судланувчиларнинг адвокатлари ишда процессуал қонунбузарликлар мавжудлигини иддао қилиб, суддан жиноий таъқибни тугатишни сўрашди. Судланувчиларнинг ўзлари эса айбловни инкор этмоқда. Бироқ, айблов томонига кўра, тергов жараёнида “фош қилувчи ифодалар” олинган.
Судланувчилар Госвами улардан биридан пул қарз олганини дастак қилишмоқда. Улар судда сўроқ қилинганича йўқ. Айблов ҳам бу қарзни қайтаришни талаб қилиш туфайли келиб чиққан, деган тахминни илгари суряпти. Госвами эса қарзи йўқлигини ва ундан “фоиз” талаб қилишганини, лекин истаганларини ололмай, ўғирлаб кетишганини ва товон ундирмоқчи бўлишганини таъкидлаётир.
Дастлаб тергов 2022 йилнинг сентябр-ноябр ойларида судланувчилардан бири жабрланувчидан товламачилик йўли билан 200 минг доллар ундирмоқчи бўлганини қайд этганди. Айблов тахминича, асосий фигурант “Госвами қарзни қайтармаслиги мумкинлигини тушуниб, уни ўғирлашга ва хоҳишига зид равишда Қарағандадан Остонага олиб кетишга қарор қилади. Ўз жиноий ниятларига бошқаларни ҳам аралаштиради”.
Тергов маълумотларига кўра, Ҳиндистон фуқароси уни куч билан автомашина орқа ўриндиғига ўтқизмоқчи бўлишганида қаршилик кўрсатишга уринган. Буни кузатув камерасидан олинган видео ҳам тасдиқлайди. Тергов фигурантлардан бири “жиноий мақсадни кўзламаган ҳолда, Госвамига раҳми келиб, яъни жароҳат олишини истамагани учун уни оёқларидан олиб автомобил салонига киритган”ини қайд этган.
Ўша куни кечқурун ўғрилар Госвамини Остонага олиб келишади. Тутқунликда “унга руҳий босим ўтказилади ва пул талаб қилиш жараёни видеотасвирга олинади”. Айблов асосий фигурант жабрланувчининг кўкрак қафасига ва бошига урганини қайд этган. Аниқланишича, унинг қўл-оёғини боғлаб қўйишган.
Ҳуқуқбон: Прокуратура бунақа ишларни назоратга олмоғи лозим
Ҳуқуқ фаоллари одам ўғирлаш жиноятлари одатда судга базўр етиб боришини, прокуратура бунақа ишларни ўз назоратига олиши лозимлигини урғулашмоқда. Амалиётдан маълум бўлишича, айбланувчилар кўп ҳолларда “томонларни ўзаро келиштириш” йўли билан жавобгарликдан олиб қолиниши мумкин.
“Терговчилар ва суд томонларни келиштиришга ҳаракат қилмаслиги керак. Зеро келишув қамалувчилар сонини камайтирмайди, балки жиноятчиларда “нима бўлганда ҳам қутулиб қолиш чораси бор” деган тушунча шаклланишига олиб келади. Бу жиноятни содир этган талай кишилар жазосиз қолишмоқда. Ҳозир ҳамма жойда келишув амалиёти қўлланяпти, судлардан томонларни келиштириш йўли билан ишни тугатиш амалиётини кенг қўллаш талаб қилинмоқда”, - дейди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиси Анна Рил.
Унинг фикрича, “одам савдоси”, “мажбуран ишлатиш” ва “ўзбошимчалик” каби жиноят ишлари келишув амалиёти татбиқ этиладиган ишлар рўйхатидан чиқарилиши керак. Айни чоғда, тергов тизими ҳам ислоҳ қилиниши зарур, зеро у ишни мумкин қадар чўзишдан манфаатдор бўлиб қолмоқда.
“Кўп йиллардан бери кўряпмизки, тергов ҳаракатлари жуда суст олиб борилмоқда. Терговни тезлаштиришга халал берувчи омиллар бор. Энг биринчиси – суд-тиббий экспертизаси. Енгил тан жароҳатлари бўлган ҳолларда ҳам экспертиза хулосасини бир ой ёки камида икки ҳафта кутамиз. Битта кўкарган жойни таърифлаб беришга наҳот бир ой керак бўлса?” – дейди Анна.
АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига доир сўнгги ҳисоботига кўра, Қозоғистон ҳукумати одам савдосига барҳам бериш бўйича минимал стандартларга етарлича риоя қилмаяпти. Ҳисоботда ҳукумат айрим ҳолларда чет эл фуқароси бўлган жабрланувчиларнинг ҳимоя хизматларидан фойдаланишига имкон бермагани урғуланган.
Давлат департаменти ҳисоботда Қозоғистонга “одам савдоси” тушунчасини халқаро ҳуқуқ тушунчасига мувофиқлаштириш учун жиноят кодексига ўзгартишлар киритишни тавсия қилган.
БМТ маълумотига кўра, Қозоғистонга қўшни мамлакатлардан иш излаб келувчилар тобора кўпаймоқда, шу муносабат билан сўнгги икки-уч йилда мамлакатда одам савдоси ва қонунга хилоф тарзда инсон меҳнатидан фойдаланиш муаммоси чуқурлашган.
Жорий йил апрелида “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига киритилган эди. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, янги қонун лойиҳасида “одам савдоси қурбонларининг ҳуқуқларини таъминловчи, жиноятнинг ушбу тури хавфини баҳолаш тизимини жорий этиш ва ноҳукумат ташкилотлар ролини белгилашни назарда тутувчи” моддалар бор.
Форум