Герт Вилдерсни "голланд Доналд Трампи" деб ҳам аташади. Унга исломий экстремистлардан кўплаб ўлим таҳдидлари бўлган, марокашликларни ҳақорат қилишда айбдор деб ҳам топилган ва бир вақтлар Британия уни мамлакатга киришини тақиқлаган ҳам эди.
Герт Вилдерс Нидерландиядаги сайловларда катта ғалаба қозонди ва кейинги ҳукумат коалициясини тузиш ва эҳтимол, Нидерландиянинг навбатдаги Бош вазири бўлиш учун яхши ўринга чиқиб олди, деб хабар беради Associated Press (AP) ахборот агентлиги.
Сайловдаги бундай ютуқ ҳатто 60 ёшли сиёсатчи Вилдерснинг ўзи учун ҳам кутилмаган кўринади.
Илгариги Twitter, ҳозирги Х да эълон қилинган видеода унинг бу натижага реакциясини кўриш мумкин. Унинг Озодлик учун партияси парламентнинг 150 ўринли қуйи палатасида кутилганидан кўпроқ ўрин эгаллади.
Вилдерс узоқ вақтдан бери Нидерландиянинг мамлакатда ва хориждаги энг машҳур сиёсатчиларидан бири бўлиб келган. Унинг популистик сиёсати Трамп билан таққосланади.
Аммо Трампдан фарқли ўлароқ, у умрини сиёсий мухолифатда ўтказиши керакдек эди.
Вилдерс мамлакат бошқарувига яқин келган ягона фурсат 2010 йилда Бош вазир Марк Рютте томонидан тузилган биринчи коалицияни қўллаб-қувватлаганида бўлган. Аммо Вилдерс озчилик маъмуриятига расман қўшилмади. Атиги 18 ой ўтгач, бюджетни тежаш чоралари бўйича тортишувдан сўнг бу коалиция барҳам топди. Ўшандан бери етакчи партиялар ундан воз кечганди.
Энди бундай қила олишмайди.
"Партия 35 ўринга эга экан, бошқа партиялар энди ҳамкорликдан бош торта олмайди", деди у Гаага чеккасидаги ишчилар яшайдиган мавзедаги кичик барда ўз тарафдорларига.
У собиқ сиёсий рақиблар билан барқарор коалиция туза оладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.
Унинг исломга қарши аччиқ нутқлари етакчи сиёсатчиларни нафақат ўзидан бегоналаштирди, балки уни экстремистлар нишонига айлантирди. У йиллар давомида 24 соатлик ҳимоя остида яшашга мажбур бўлди. У ўлим таҳдидлари қурбони сифатида судда ҳозир бўлган ва ҳеч қачон жим бўлмасликка аҳд қилган эди.
Чоршанба куни Гаага мериясида овоз бериш чоғида Вилдерсни қўриқчилар ўраб олган эди. У деярли йигирма йил давомида бир бошпанадан бошқасига кўчиб яшаган.
2009 йилда Британия ҳукумати унинг “жамоа тотувлиги ва жамоат хавфсизлигига” таҳдид солаётганини айтиб, мамлакатга киришига рухсат бермади. Вилдерсни Британия парламентининг юқори палатаси – Лордлар палатаси аъзоси Қуръон “фашистик китоб” деб танқид қилинган 15 дақиқалик «Фитна» фильмини намойиш қилиш учун таклиф қилган эди. Фильм 2008 йилда Қуръон оятларини террорчилик ҳужумлари билан боғлагани учун мусулмон дунёси бўйлаб шиддатли норозиликларга сабаб бўлган эди.
Бу сафар асосий сайловчиларга мурожаат қилиш учун Уилдерс исломга қарши риторикани пасайтирди. У Нидерландияни «исломсизлантириш»га камроқ эътибор қаратишга ва уй-жой танқислиги, харажатларни қисқартириш ва ҳоказо долзарб муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилмоқчи.
Гарчи чоршанбага ўтар кечаси у Нидерландиянинг дин ва сўз эркинлигини таъминловчи конституция ва қонунларини бузмасликка ваъда берган бўлса ҳам, унинг сайловолди дастурида мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича референдум ўтказиш, “бошпана беришни тўхтатиш” ва “исломий мактаблар, Қуръон ва масжидлар бўлмаслиги” масалалари ўрин олган.
Жорий йил охирида Вилдерс Нидерландия парламентида энг узоқ вақт хизмат қилган депутатга айланади. У 1998 йилдан буён Вакиллар палатаси аъзоси бўлиб, дастлаб ўнг марказчи Озодлик ва Демократия учун Халқ партияси аъзоси эди, кейин ўзининг Озодлик партиясини тузган.
У Исроилнинг ашаддий тарафдори ва Нидерландия элчихонасини Қуддусга кўчириш ва Фаластин маъмурияти жойлашган Рамаллоҳдаги Нидерландия дипломатик постини ёпишни истайди.
Форум