Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2022, Тошкент вақти: 19:01

"Осмонни ўпмаган" Nest One: Тошкентда маошини вақтида олмаган қурувчилар кўчага чиқди


17 май куни эрталаб Тошкентда қад кўтараётган биринчи осмонўпар бино – Nest One олдида маошлари берилмаганидан норози ишчилар тўплангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда махсус кийимдаги ўнлаб ишчиларнинг Nest One олдидаги йўлни тўсиб қўйганликларини кўриш мумкин. Видеода ишчиларнинг норозилик ҳайқириқлари ҳам эшитилади.

Аммо иш берувчи - Murad Buildings девелоперлик ширкати асосчиси ва раҳбари Мурод Назаров ишчиларнинг норозилиги, ўзининг сўзларига кўра, “ҳаммага ош етмагани”дан келиб чиққанини даъво қилди.

Ўзининг видеомурожаатида тармоқ фойдаланувчиларидан ваҳима кўтармасликни сўраган Назаров ишчиларнинг кўчага чиққани ва норозилик сабаблари ҳақида ҳеч нарса демади. Бир кун аввал тармоқларга 52 қаватли Nest One томида ўзининг ош дамлаётгани акс этган видеони жойлаган Назаров, ишчиларни ош етмагани учун “аламини олишда” айблади.

«Мен Nest One да туриб, жонли эфир қиляпман. 17 май соат 15:09. Ижтимоий тармоқларда ваҳима қилиб, "Nest One да бир нарса бўляпти, оломон“, деб чарчатиб юбординглар. Ҳаммаёқ тинч. Ҳаммаси зўр...", деди Назаров.

Аммо кейинроқ Nest One маъмурияти ишчиларнинг ош етмаганидан эмас, балки ойликлар вақтида берилмаганидан норозилик билдиришганини тасдиқлади.

"Ички меҳнат қоидаларига кўра, иш ҳақи ҳар ойнинг 8 дан 12 санасигача берилади. Май ойида ички процессуал сабабларга кўра 4−5 кунлик кечикиш юз берди. 16 май куни барча ишчилар иш ҳақи 17 май куни пластик карталарга тўлаб берилиши ҳақида огоҳлантирилган ва шу куни эрталаб соат 9:00дан, банк ўз ишини бошлаши билан туша бошлади. «Ўзаро тушунмовчилик ҳал қилинди ва у бир соатдан кўп вақт давом этмади", деб айтган Nest One вакили Газета. уз нашрига.

Нашрнинг расмий манбаларга таяниб ёзишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳодиса юзасидан текширув бошлаган.

ИИББ матбуот хизмати 17 май куни эрталаб соат 8.45 да юз берган ишчиларнинг норозилиги натижасида “ҳеч ким жабрланмагани, ишчилар ўз иш жойларига қайтгани»ни маълум қилган.

2019 йил августида қурилиши бошланган Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино – Nest Oneнинг эълон қилинган умумий баландлиги 266,5 метрни ташкил этади.

Murad Buildings ва Туркиянинг Özgüven Mimarlık ширкати томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг.

Тошкентдаги манбалар лойиҳа молиявий қийинчиликларга дуч келгани ҳақида айтишган, аммо Мурод Назаров 17 май кунги чиқишида “ҳаммаси зўр кетаётгани”ни таъкидлади.

XS
SM
MD
LG