Линклар

Шошилинч хабар
02 август 2021, Тошкент вақти: 17:35

NASA 2028–2030 йилларда Венера сайёрасига икки миссия юборади


Венера сайëраси

АҚШнинг Миллий аэронавтика ва фазо маъмурияти – NASA Венера сайёрасини ўрганиш учун иккита илмий миссия юборишни режаламоқда.

Бу ҳақда ўтган ҳафтада ташкилот сайтида баёнот эълон қилинди.

“НАСА Ернинг энг яқин қўшниси Венерага иккита янги миссия юборадиган бўлди. NASAнинг “Discovery” дастурига кирувчи миссияларнинг мақсади – Венера қандай қилиб бизнинг сайёрамизга ўхшаш жуда кўп [физик] хусусиятларга эга бўлишига қарамай, жаҳаннамга ўхшаш дунёга айланганини англаб етишдир. Эҳтимол, сайёра Қуёш тизимидаги океан ва Ерникига ўхшаш иқлимга эга, яшаш учун ўнғай илк сайёра бўлгандир”, дейилади баёнотда.

2028–2030 йилларда бошланиши режаланган ҳар бир миссия учун 500 миллион доллар сарфланади.

DAVINCI+ номи берилган миссия Венера атмосферасининг таркибини, унинг қандай пайдо бўлгани ва шаклланганини ўрганади. Шунингдек, миссия сайёрада бир вақтлар океан бўлгани ёки йўқлигини аниқлайди.

Ушбу миссия АҚШнинг 1978 йилдан бери Венера атмосферасига юборган биринчи миссияси бўлади.

VERITAS деб номланувчи иккинчи миссия эса Венера сатҳи харитасини тузади. Бундан мақсад сайёранинг геологик тарихини ўрганиш ва у нега Ердан фарқли йўсинда ривожланганини аниқлашдир.

Февраль ойида NASA Марс сайёрасига енгил автомобилга тенг келадиган “Perseverence” марскезарини қўндирган эди.

Апрель ойида олти ғилдиракли робот Марс атмосферасидаги карбонат ангидрид газидан кислород ажратди. Бундай амалиёт бошқа сайёрада тарихда илк маротаба амалга оширилди.

Аввалроқ “Perseverence” билан юборилган митти “Ingenuity” вертолёти ҳавога кўтарилган эди. Бу Ердан ташқари оламда амалга оширилган илк парвоз бўлди.

XS
SM
MD
LG