Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:37

Юртбошидан фарқли. Сайлов арафасида Мирзиёевни "Миллат Сардори" деб аташ таклиф қилинди


64 яшар Шавкат Мирзиёев 24 октябрдаги сайловларда иккинчи, Конституция бўйича охирги муддатга президент этиб сайланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон парламенти юқори ва қуйи палаталарининг икки юқори мартабали мулозими президент Шавкат Мирзиёевга “Миллат Сардори” деган ном бериш ташаббусини илгари сурди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов бу ташаббусни ўртага ташлаган бўлса, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов президентни тўғридан-тўғри “Миллат Сардори” деб атади.

Шавкат Мирзиёевга, минтақанинг қолган лидерлари - Туркманистоннинг Орқадоғи, Тожикистоннинг Миллат пешвоси ва Қозоғистоннинг Элбошисига ҳамоҳанг бу рутбани бериш таклифи президент сайлови арафасида янграмоқда.


Ҳар икки мулозимнинг ташаббусига эса, уларга кўра, Мирзиёевнинг ўзи бошлаб берган “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сиёсати ҳақида берган илк интервьюси туртки бўлган.

"Мирзиёев феномени"

Шавкат Мирзиёевга “Миллат Сардори” номини бериш ташаббуси шу йилнинг 19 августида “Ишонч” газетасида босилган мақолада илгари сурилди.

ЎзА агентлиги кўчириб босган мақолага “Шавкат Мирзиёев феномени” деб ном берилган. Унинг муаллифи Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, сенатор Қудратилла Рафиқовдир.

Қудратилла Рафиқов президент Шавкат Мирзиёевдан мукофот олмоқда.
Қудратилла Рафиқов президент Шавкат Мирзиёевдан мукофот олмоқда.

Ўз мақоласида Рафиқов, Мирзиёевни минтақа ва Туркий давлатлар орасида таъсири кучли давлат раҳбари, деб баҳолайди. Муаллиф бугунга келиб минтақа давлатлари “ҳеч истисносиз тарзда Шавкат Мирзиёев феномени таъсири” билан яна бирлашганини таъкидлайди.

Ёш авлодда “давлат раҳбарига юксак ишонч” бор деб урғулаган мулозим, уни “Миллат Сардори” деб аташни таклиф қилди:

“Халқнинг беғубор қатлами бўлган болалар қалбигача кириб борган инсонни ҳақиқий маънода Миллат Сардори деб аташга ҳақдор эмасмизми?”

Бу мақола чоп этилганидан бир ҳафта ўтиб, янги ва эски Ўзбекистон даврида лавозими ўзгармай қолаётган мулозим - Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс: маъно-моҳияти, зарурати ва муштараклиги” номли мақоласи эълон қилинди.

Унда Саидов Шавкат Мирзиёевни тўғридан-тўғри “Миллат Сардори” деб атади:

“Янги Ўзбекистон – бу ибора Миллат Сардори илгари сурган ва бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган эзгу ғоядир”.

Қонунчилардан чиққан ташаббус

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига битилган мақтовлар ва “Миллат Сардори” деган янги улуғловчи ном - октябрь ойида бўладиган президент сайловига қизғин тайёргарликлар бораётган паллада янгради.

Ташаббусни илгари сурган Қудратилла Рафиқов Олий Мажлисдаги қудратли сенаторлардан бири, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзосидир. Акмал Саидов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари.

Бундан ташқари, бу икки мулозимнинг ташаббусини чоп этган нашр давлат хабар агентлиги - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидир.

Ташаббуснинг мамлакат мустақиллиги 30 йиллиги арафасида ўртага ташланишию айнан президент сайлови кутилаётган йилда пайдо бўлиши таҳлилчилар эътиборини тортмоқда.

Айрим сиёсий таҳлилчилар бунинг парламент расмийлари оғзидан чиқиб, матбуотга тушиши - келгусида унинг Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистондаги каби - қонунчиликка кўчишидан далолат бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурмоқда.

“Ўзбекистон ҳозир давлат сиёсати даражасида маддоҳликни бошлаб берувчи жуда хавфли жар ёқасида турибди. Шавкат Мирзиёев ҳозир бунинг олдини олса тўхтатиб қолади, акс ҳолда бизда ҳам минтақанинг бошқа давлатларидаги каби ўта хавфли маддоҳлик даври бошланиб кетади. Энг муҳими, ҳокимиятнинг тепасида ўтирган бу маддоҳларни тўхтатиб бўлмайди кейин”, - дейди исми очиқланмаётган тошкентлик таҳлилчи.

Шу пайтгача президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан, давлат раҳбари сифатида расмий матбуот ва кенг жамоатчиликда қўлланилган улуғловчи атама “Юртбоши” атамаси эди.

Илк бор 1990 йилларнинг ўрталарида Ислом Каримовга нисбатан расмий матбуотда қўлланила бошлаган атамани Шавкат Мирзиёев биринчи президент вафоти ортидан кейин ҳокимият билан бирга мерос қилиб олди.

Аммо бу атама мамлакатнинг икки президентига нисбатан фақат расмий матбуот ва мулоқот тили даражасида қўлланилмоқда.

Туркманистонда давлат раҳбарига нисбатан Орқадоғ, Тожикистонда Миллат пешвоси, Қозоғистонда эса Элбоши расмий титуллари қонунчилик билан мустаҳкамланган, аммо Юртбоши атамаси Ўзбекистонда қонунчиликка киритилмаган.

Аксинча, 1990- йиллар бошида аввалги президент Ислом Каримов ўз номини ҳар қандай кўринишда улуғлашни тақиқловчи махсус қарор чиқартирган эди.

Қудратли мулозим

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов президент Мирзиёевга энг яқин одамлардан бири сифатида тилга олинади.

30 август куни Кўксарой қароргоҳида бўлган тақдирлаш маросимида Рафиқовнинг ўзи ҳам буни таъкидлаб ўтди. Айтишича, Шавкат Мирзиёев уни марҳум Ислом Каримов даврида бошдан кечирган “оғир” кунларида қўллаган:

“Ўша қийин пайтда қанчалик оғир бўлмасин, Биринчи Президент ҳузурига кириб, рухсат олиб, мени Жиззах вилоятига олиб кетди. Лавозимлар берди, ҳурмат-иззатимни жойига қўйди, бирга олиб юрдилар, маслаҳатлар бердилар”.


Ҳукуматга яқин Озодлик манбасининг айтишича, Қудратилла Рафиқов билан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро яқинлиги 1993 йиллардан бошланади.

Ўша кезда уларнинг иккиси ҳам Тошкент шаҳрида туман ҳокими бўлган - Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманига, Қудратилла Рафиқов эса Учтепа туманига ҳокимлик қилган.

“Ўшандан бу иккаласининг яқинлиги бошланган. Кейин Рафиқов Ислом Каримовнинг назаридан қолиб, урилиб кетди ва ўшанда Шавкат Мирзиёев у кишини ўзи билан Жиззахга олиб кетган. Ўшандан буён булар ўзаро жуда яқин. Бу киши тижорат тузилмаларида узоқ йиллар ишлади. Ҳозир ҳам молиявий қудратга эга, ҳам президент билан яқин. Ҳозир уни кадрлар масаласига аралашадиган даражада яқин, дейишади”, - деди Озодлик манбаси.

Шу йилнинг 9 мартида Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Аёллар муаммоларига бағишланган видеоселектордан журналистларни чиқариб юборган эди.

‘Телевизорчик'лар кетсин, бўлди. Бу ерда гапларимиз бор-да бизнинг, илтимос сизлардан, рухсат ҳаммаларингизга. Бўлди кетаверсин”, дея иқтибос келтирган федерация раисидан Daryo.uz нашри.

Маҳаллий журналистлар ОАВ фаолиятига давлат мулозими томонидан бу тахлит тўсқинлик қилинишига, йиғилишда қатнашган Сенат раиси Танзила Норбоева, президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Тошкент шаҳри ва вилоятидан борган мутасаддилар гувоҳ бўлгани, аммо аралаша олмаганини қайд этган.

Тошкентда туғилиб ўсган 75 яшар Қудратилла Рафиқовнинг, собиқ совет ҳокимияти даврида Тошкент шаҳар партия қўмитасининг Тарғибот бўлимида ўша пайтдаги Марказқўмнинг мафкура бўйича котибаси Раъно Абудллаева билан бирга ишлагани айтилади.

1993-1998 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси муовини бўлиб ишлаган. 1998 йилда Мирзиёев Жиззахга олиб боргач, "Жиззах аккумулятор заводи» АЖ бош директори бўлган. 2016 йилдан Ўзбекистон асаба уюшмалари Федерациясига раислик қилади.

Қудратилла Рафиқов айни пайтда сенатор, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси. Кейинги йилларда расмий нашрларда унинг сиёсатшунос сифатида ёзган қатор мақолалари ҳам чоп этилди.​

Узоқ муддатли режа?

24 октябрь куни қайта сайланиши кутилаётган президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилдан кейинги режалари ҳақида гапирмаган.

Мамлакат Конституциясига биноан бу унинг иккинчи ва сўнгги муддати бўлиши лозим.

Ҳозирча на президент ва на бошқа ҳукумат раҳбарлари, президентликка сайланиш учун сўнгги имкони ва ундан кейинги ҳукумат режалари ҳақида лом-мим демаётир.

Мирзиёевга “Миллат Сардори” деб юзланишни бошлаб берган парламент расмийси - Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов эса, ЎзАда чоп этилган мақоласида, Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Учинчи Ренессанс” сиёсатига “узоқ давом этадиган жараён” деб таъриф берди ва бу жараённинг муддатини ҳам айтди:

“Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш жараёни беш-ўн йил эмас, анча катта ва машаққатли даврни талаб қилади. Бунинг учун, аввало, минглаб истеъдодли кадрлар, иқтидорли замонавий ёшлар, фидойи инсонлар ниҳоятда зарур”.

31 август куни Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб очилган "Янги Ўзбекистон" боғидаги расмий тантанада қилган нутқида Мирзиёев "Бўлғуси Президент сайлови юксак демократик мезонлар асосида ўтиши"ни айтди.

Унга кўра, сайловлар "янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади".

Аммо сайловлар ўтган йилларда бўлгани каби ҳақиқий сиёсий рақобатсиз ўтиши кутилмоқда. Ҳукумат мухолифат фаолларининг мустақил сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш ва сайловда қатнашиш ҳаракатларига тўсқинлик қилган. Фаоллар сайлов арафасида ўзларига нисбатан босимларнинг кучайганини айтишмоқда.

Мирзиёевнинг ўзи 2019 йил 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган, мухолифат "ичкаридан чиқиши керак" деганди.

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказмади.

XS
SM
MD
LG