Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

Мирзиёев диний ислоҳотларининг кутилмаган оқибати – радикаллашув


Тошкент яқинидаги масжид - 4 август, 2018. Иллюстратив сурат
Тошкент яқинидаги масжид - 4 август, 2018. Иллюстратив сурат

Июль ойи жазирамасига қарамай, ўтган йили минглаб одам Самарқанд шаҳри марказидаги Намозгоҳ масжиди олдида Толибон делегацияси билан кўришиш учун соатлаб кутди. Кўпчилик улар билан суратга тушди, баъзилари ҳатто қўлларини ўпди*.

Жорий йил бошида аёл йўловчиларга аёл ҳайдовчиси бор такси хизмати таклиф қилиб чиқишди ва ўз хизматларини реклама қилиш учун ҳайдовчиси эркак бўлган таксига чиққани учун эри томонидан калтакланган ҳижобли аёлни кўрсатишди.

Бу манзаралар кўпчилик маҳаллий кузатувчилар учун янгилик эмас, улар ўзбек жамияти сўнгги бир неча йил ичида янада радикаллашганини айтадилар.

“Толибоннинг исломга ёндашуви сабабли эмас, балки адолатга эришгани учун яхши қабул қилинади, – дейди Қуддус халқаро тадқиқотлар институтининг постсовет мамлакатлар бўйича эксперти Алекс Гринберг. – Шунга қарамай, исломий радикаллашувни ифодалагани учун, улар бундан илҳомланадилар."

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатни қаттиқ диктатурадан очиқроқ жамиятга ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Унинг ислоҳотлари кўпроқ иқтисодий, ижтимоий ва диний эркинликларни таъминлади.

Аммо унинг диний ислоҳотлари ниҳоясига етаётган кўринади.

Январь ойида 21 ёшли йигит 2020 йилда Telegram орқали синфдошига эктремистик диний қўшиқ юборгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Июнь ойида эса бир аёл 2018 йилда ижтимоий тармоқлардаги диний ваъзга “лайк” қўйгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ўша воиз беш вақт намоз ўқимаганларнинг мусулмон эканлигига далил йўқлигини таъкидлаган. Айрим кузатувчилар буни собиқ президент Ислом Каримов давридаги диний репрессияларга қайтиш деб атамоқда.

Каримов даври

Каримов динга нисбатан қаттиқ тазйиқлари билан танилган бўлса ҳам, у ўзбекона ўзликнинг муҳим қисми сифатида Исломни қабул қилган эди. Собиқ президент ҳокимиятга келганида Қуръон билан қасамёд қилган, сиёсий чиқишларида исломга ишоралар бор ва мусулмон жамоаларига ўзлари хоҳлаганча ислом динига амал қилишларига рухсат берилган эди. Унинг сиёсати аввалига Совет Иттифоқида диний эркинликдан маҳрум бўлган аҳоли орасида жуда машҳур эди.

“Каримов ҳақиқий коммунист эди. Унинг чинакам имонли эканига ҳеч ким ишонмасди, – дейди Карнеги жамғармасининг Евроосиё бўйича мутахассиси Рафаэл Саттаров. – У Исломдан шунчаки халқ қўлловини олиш учун фойдаланган."

Бироқ, бу ёндашув узоқ давом этмади. Каримов режимининг гўдаклик даври бўлгани каби, Совет Иттифоқи қулагандан кейин янги эркинликка эришган исломий радикал гуруҳларнинг ҳам ўз гўдаклик даври бор эди. Улар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг (ЎИҲ) ўтмишдоши, 10 000 аъзоси бўлган кучли салафий исломий «Адолат» гуруҳи ҳам бор эди. 1991 йилда мамлакат мустақиллиги эълон қилингач, «Адолат» Фарғона водийсидаги Наманган шаҳрини ўз назоратига олиб, шариат қонунларини жорий этди.

Улуғмуродов иши. Тақиқланган диний материалларни ким тақиқлаган?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:58 0:00

1991 йили Наманганга ташрифи чоғида Каримовни исломий ислоҳотларни давом эттириш талаби билан кўчаларга чиққан минглаб намойишчилар кутиб олган. Оломонни тинчлантириш мақсадида Каримов Ўзбекистонда Ислом ҳукуматини ўрнатиш масаласини кўриб чиқишга рози бўлади. Аммо айтганини қилмади, келаси йили Каримов «Адолат»ни ноқонуний деб эълон қилиб, ҳудуд устидан назоратни қайта тиклади. «Адолат»нинг кўплаб аъзолари Тожикистонга қочди ва ўша пайтда мамлакатни қамраб олган фуқаролар урушида мухолифат томонида жанг қилди.

Шунга қарамай, Каримов диннинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлашда давом этди. 1992 йилда у Маккага умра зиёратини амалга оширди ва сафардан мақсад “мусулмон дунёсида бирдамликни мустаҳкамлаш” эканлигини айтди.

Бироқ кейинги йилларда Каримов исломга қарши курашни кучайтириб, ўзбекона ўзликда миллийликка кўпроқ урғу бера бошлади. Унинг нутқларидан диний ишоралар камайиб борди, машҳур дин арбобларини давлат лавозимларидан четлаштирди ва мамлакат диний аппарати устидан тўлиқ назорат ўрнатди.

Яширин фаолиятга ўтган исломий мухолифат шафқатсиз тактикаларни қўллади. 1990 йиллар охирида Фарғона водийсида бир неча милиция ходимининг боши кесилди. 1999 йилда ҳукумат бинолари олдида Каримов ҳаётига суиқасд уюштирилгани гумон қилинган олтита автомобиль портлаб, 16 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган бўлса ҳам, Каримов айбни исломчиларга юклади ва уларга қарши таъқиблар кучайтирилди.

Каримов исломий исёнга қарши курашаётган бир пайтда унинг усуллари тобора тоталитар бўлиб борди. Полиция соқол ёки ниқоб каби арзимас сабаблар билан диндорларни ҳибсга ола бошлади. Норасмий масжидларда намоз ўқиган ва динни мустақил ўрганган мусулмонлар ваҳобий фундаменталистлар деб аталиб, қамоққа ташланди. Расмий масжидларда жума хутбалари ҳукумат амалдорлари томонидан тасдиқланиши керак бўлди. Бундай қатъий ва ялпи назорат сиёсати Каримовнинг қолган президентлик даври қандай бўлишини белгилаб берди.

Ислом, Каримов ва Тоҳир Йўлдош. Наманган воқеаларига 30 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:25 0:00

Каримовнинг шафқатсизлиги 2005 йилда Андижон қирғини билан чўққисига чиқди, ўшанда ҳукумат кучлари Фарғона водийсидаги Андижон шаҳрида минглаб намойишчиларга қарата ўт очган ва юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Ҳукумат оломон зўравон исломчилар эканини айтди, бироқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар ҳукуматга норозилик билдирган "асосан тинч" намойишчилар эди.

Каримовнинг исёнга қарши курашнинг яна бир усули радикалларни экспорт қилиш эди. Афғонистондаги уруш пайтида Ўзбекистон ҳукумати экстремистларга Толибонга қўшилиб жанг қилиш учун кетишга рухсат берган. "Исломий давлат" кучаяётган пайтда Каримов минглаб радикал ўзбеклар Ироқ ва Сурияга кетишидан хурсанд эди. Бироқ уларга ватанига қайтишга рухсат бермади. "Исломий давлат" мағлубиятга учрагач, кўплаб Ўзбекистон фуқаролари Суриядаги қамоқхоналарда қолиб кетди.

Каримов, шунингдек, Саудия Арабистони, Қатар ва Эрон каби давлатларга хавфли исломий мафкурани тарқатяпти деб ишонмасди, Саудия Арабистони ва Покистон мисолида эса, улар ЎИҲни молиялаштиряпти деган гумонда эди. 1992 йилда Каримов ваҳобийликни тарқатгани учун 70 нафар саудиялик воизни депортация қилган.

Ислоҳотчи

2016 йилда Шавкат Мирзиёев Каримов вафотидан сўнг мамлакатни янгилаш режалари билан ҳокимиятга келган эди. У ўзбекларга “Янги Ўзбекистон”да янада кенгроқ сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний эркинликларни ваъда қилди.

У валютани либераллаштириш орқали мамлакатни чет эл сармояси учун очди, минглаб иш ўринларини яратди, хавфсизлик кучлари ёки коррупцион зўравонларнинг жамият ҳаётидаги таъсирини камайтирди. Мирзиёевни халқаро ҳамжамият ислоҳотчи дея эътироф этди ва унинг мамлакат ичидаги нуфузи кескин ошди. Ислоҳотлар туфайли Мирзиёев Каримовдан узоқлаша олди ва обрўсини оширди.

Дин ҳақида гап кетганда, Мирзиёевнинг сиёсати Каримов президентлик фаолиятининг бошидаги сиёсатни эслатарди: Ислом ўзбек ўзлигининг муҳим қисмидир. Аммо унинг сиёсати қуруқ гап эмасди; у эҳтиёткорлик билан ва тўлиқ бўлмаса ҳам дин устидан қаттиқ назоратни бўшаштирди. Унинг ҳукумати мусулмонларни мунтазам ҳибсга олишни тугатди ва диний фаолият учун қамалган юзлаб маҳбусларни озод этди.

Қолаверса, ҳар йили ўзбекистонликларнинг ҳаж зиёратига Маккага бориши сезиларли кўпайган. Каримов ҳукмронлигининг сўнгги йили бўлган 2016 йилда 5 мингга яқин ўзбекистонлик Саудия Арабистонига борган. 2024 йилда рақам 24 мингдан ортиши кутилмоқда.

Исломни давлатга хавф солувчи мафкура сифатида кўрган Каримовдан фарқли ўлароқ, Мирзиёев исломни ўзбек жамиятини бирлаштира оладиган, ҳаракатга келтирувчи ва либераллаштирадиган восита деб билади. У ислом динининг ўзбек маданиятидаги марказий ўрни ва ижтимоий ахлоқни шакллантиришдаги аҳамиятини кўп таъкидлайди. У сўнгги йилларда кўплаб масжидлар қурди ва қўшни Қозоғистонда йирик ислом маркази қуришни ҳам режалаштирган.

Мирзиёев сиёсий жиҳатдан диндор электорат орасида исломнинг пиар салоҳиятини яхши тушунади. Ўтган ҳафта президентнинг Telegram каналига бир гуруҳ ўзбекистонликларни бепул ҳажга жўнатгани ҳақидаги видеони жойлаган эди.

Диний эркинликнинг бу тарзда қайта тикланиши янги нуфузларни – имомларни ўртага чиқарди.

“Мирзиёев радикал ғоялари учун Каримов томонидан қора рўйхатга киритилган имомларга режимни қўллаб-қувватлаш, референдум ва Мирзиёев ҳокимиятини мустаҳкамловчи конституцияга ўзгартиришларни тарғиб этиш эвазига радикал исломни ёйишга рухсат берди”, дейди Саттаров.

2018 йилда Тошкент имомларидан бири Раҳматуло Сайфиддинов жамиятни эркакларнинг гинекологлик қилишидек “шармандали ҳодиса”га чек қўйишга чақирган эди. Аввалроқ у турк сериалларининг “ўзбек генофонди”га таъсирини танқид қилган эди, чунки унинг айтишича, “жинсий алоқа пайтида эрини эмас, гўзал турк актёрлари ҳақида ўйлайдиган аёллардан гейлар туғилади”.

Эҳтимол, энг ҳайратланарлиси, Мирзиёев Каримов Афғонистон, Сурия ва Ироққа кетишга қўйиб берган ва қайта қабул қилмаган фуқароларни қабул қилди. 2019 йилдан 2021 йилгача Ўзбекистон ҳукумати «Меҳр-шафқат» операцияси доирасида 530 дан ортиқ фуқарони – уларнинг аксарияти аёллар ва болалар – қамоқхоналардан қайтарди.

Натижада, бундай ислоҳотлар мамлакат ташкил топганидан бери энг диндор жамиятни яратиб, халқаро эътирофга сазовор бўлди. 2017 йилда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни бузганлик учун “Алоҳида хавотирга молик давлатлар” рўйхатидан чиқарди. 2020 йилда АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус вакили Сэм Браунбэк мамлакатда диний эркинлик энди жиддий поймол қилинмаяпти, деди.

Хориж олқишларига қарамай, кўплаб кузатувчилар танқидий фикрда.

“Ўзбекистон радикаллашувга қарши кураш ва жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича энг ёмон мисоллардан бири, – дейди “Озодлик курашчисидан жиҳодчигача: нодавлат қуролли гуруҳларнинг инсоний ресурслари” китоби муаллифи Вера Миронова. У БМТнинг ИШИДни жавобгарликка тортиш бўйича тергов гуруҳи таҳлилчиси ҳамдир. – ИШИДдаги ҳар бир аёл гуруҳ аъзоси эди. Кимдир ҳарбий қисмларда хизмат қилган, кимдир жосуслик қилган, кўплари ички хизматларда ишлаган ва мутлақо ҳамма тарғибот, ёллаш ва пул тўплаш билан шуғулланган. [Ўзбекистон] ҳукумати бу аёлларни тергов қилиш, ҳибсга олиш ёки жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳеч қандай чора кўрмади, аксинча, уларга амнистия қўллади”.

Мирзиёевнинг диний бурилишлари ташқи сиёсатга ҳам тегишли. Саудия Арабистони, Эрон, Туркия, Қатар каби давлатлар билан муносабатларни яхшилаш орқали Ўзбекистонни мусулмон оламига қўшишга ҳаракат қилди. Ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати Қатар ҳукуматидан 12 миллиард доллар сармоя олганини маълум қилган эди. Ўтган йили Мирзиёев 20 йил ичида Эронга ташриф буюрган биринчи Ўзбекистон президенти бўлди ва июнь ойида икки давлат ўртасида турли соҳаларда бир қанча ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бу мамлакатлар билан алоқалар мамлакатнинг диндорлашувига катта таъсир кўрсатди.

“Ўзбекистонда исломий мафкуранинг асосий тарқатувчилари Туркия, турк хусусий компаниялари, Саудия Арабистони ва «Толибон» ҳаракатидир”, дейди Саттаров.

Исломчилар ҳукуматнинг ўзидан кўра кўпроқ обрўли.

Ўтган йили ички экстремизмнинг кучайиши ва оммавий тартибсизликлар намойиши билан бир вақтда ички террорчилик ҳодисалари содир бўлди. Натижада ҳукумат баъзи диний ислоҳотлардан воз кечди.

“Ҳозирда исломчилар ҳукуматнинг ўзига қараганда анча обрўли, – дейди Саттаров. – Уларнинг хавфсизлик кучлари орасида кучайиб бораётган тарафдорлари бор. Охир-оқибат Мирзиёев жуда оширворганини англади”.

Ўтган йили Қорақалпоғистонда 80 кишининг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишлари Мирзиёев ортиқча ваъдалар бериб, амалда кўп иш қилаолмаслиги қуйи бўғинда ўзгаришларни истовчиларни пайдо қилганига муҳим сигнал бўлди, дейди Саттаров. Намойишлар ҳукумат Қорақалпоғистоннинг ярим автоном мақомини олиб ташлаш учун тузатишлар киритишни таклиф қилганидан кейин бошланди. Бу бир неча кун давом этган оммавий норозиликларга олиб келди. Якунда Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг аввалги мақомини сақлаб қолишга рози бўлиб, ўзбек халқига ҳукумат ўз фикридан қайтишга мажбур бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

"Режим барқарорлиги энг кўп репрессив ва шафқатсиз бўлганда эмас, балки у мулойим бўлганда ёки ўзини очишга ёки ислоҳ қилишга ҳаракат қилганда таҳдид остида қолади, – дейди Гринберг. – Бу хавфли ҳолат, чунки бостирилган ҳамма нарса ўртага чиқади."

Ўзбекистонда 20 йилдан ортиқ вақт давомида расмийлар маъқулламаган исломнинг барча шакллари қаттиқ репрессияга учради.

Ўшандан бери Ўзбекистон ҳукумати радикал имомлар таъсирини чеклаш чораларини кўрди.

Январь ойида имом Сайфидинов “кичикроқ масжид”га ўтказилган эди. Май ойида Фарғона водийси имом-хатиби ўрта мактаб битирувчилари ва ўқувчи қизларни ўғил болалар билан рақсга тушганини танқид қилгани учун лавозимидан четлатилди.

Умидбахш мафкура

Замонавий исломчилик адолатсизлик сабабини исломдан узоқлашишда кўради. Улар кўрсатиши мумкин бўлган жиддий адолатсизликлар бор мамлакатларда бу мафкура гуллаб-яшнайди. Оддий ўзбекистонликлар мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан (ойига 300 доллар) камроқ маош олаётган бўлса ҳам, лекин коррупция элитанинг дабдабали турмуш тарзига ҳисса қўшаётганини кўрса, адолат масаласининг исломий ечими мантиқийроқ кўриниб қолади.

"Ҳукумат бутунлай коррупциялашган, қариндош-уруғчилик ва феодал, – дейди Саттаров. – Ислом ва исломчилик шу қадар оммалашиб кетди, чунки одамлар ҳукумат тузилмаларига ишонмайди ёки уларга таянмайди. Ислом уларга умид беради”.

Жозеф Эпштейн,

Таҳлилчи, Вашингтондаги Яқин Шарқ ҳақиқати жамғармаси (EMET) илмий ходими.

* Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати 2022 йил 29 июль куни Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ масжидига йиғилганлар Толибон мухлислари эканини рад этиб чиққан. Диний идорага кўра, шу куни муфтий Нуриддин Ҳолиқназаров ва бошқа уламолар ташрифи муносабати билан жамоат одатдагидан каттароқ бўлган ва намоздан сўнг "муфтий ҳазратларининг дуоларини олиш учун йўл ёқасига қадар тўп-тўп бўлиб, кузатиб борган".

Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG