Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2024, Тошкент вақти: 05:35

"Каримов даври-2". Мирзиёев берган диний эркинликлардан нима қолди?


Тошкент яқинидаги масжидлардан бири. 4 июль, 2018
Тошкент яқинидаги масжидлардан бири. 4 июль, 2018

Тошкентда аввалроқ "террорчилик ҳаракати ҳақида хабар бермаслик" ва "террорни молиялаштириш"да айбланиб қамоққа олинган 8 нафар шахсга нисбатан "диний-экстремистик ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш" айби билан тергов ҳаракатлари бошланган.

Терговга яқин манбанинг Озодликка билдиришича, ЖК 244-2 1-қисми бўйича янги айблов шу йилнинг 3 июнь куни Миробод туман суди томонидан чиқарилган 10 кунлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси муддати ниҳоясида эълон қилинган.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, гумонланувчилар ижтимоий тармоқдаги Mahdiy Mirzayev, Otabek Hijama Hajjam, Баҳодир Ҳижомачи, Брамер Мэн номли профиллар эгалари ҳамда яна 4 нафар андижонлик шахслардир.

Ушбу модда асосида айбланувчиларга суд томонидан беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Айбланувчилардан айримларининг яқинлари бу ҳақда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатмаслик тўғрисида огоҳлантирилганликларини айтишмоқда.

Гумонланувчиларнинг яқинларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари дастлабки суриштирувлар даврида терговга жалб қилинган шахсларнинг “Телеграм ижтимоий тармоғи орқали гуруҳ тузишгани, ўзаро ёзишмаларида терроризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида маблағ тўплашгани”ни иддао қилган.

Гумондорларнинг Озодлик билан гаплашган айрим қариндошларига кўра эса, тергов органи гумондорларнинг хайрия учун йиққан маблағларини терроризмни молиялаш деб талқин қилаётган бўлишлари мумкинлигини айтишди.

Жиноят иши фигурантлари орасида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида диний мазмундаги постлари билан танилган Жамшид Мирзаев (Маҳдий Мирзаев) ҳам бор.

Мирзаевнинг онаси Озодлик билан суҳбатда сўнгги марта ўғли билан шу йилнинг 31 май куни Тошкент шаҳар ИИББда телефон орқали гаплашгани, ўғли унга: “Менинг бўйнимга катта нарсаларни қўйишмоқда, ҳаммага хабар беринг!” деганини айтди.

Маҳдий Мирзаевнинг яқинлари унинг террорчиликда айблашга асос йўқлигини гапирмоқда
Маҳдий Мирзаевнинг яқинлари унинг террорчиликда айблашга асос йўқлигини гапирмоқда

Вазиятни кузатиб бораётган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири "Аввалги қатағонлар яна бошландими?" дея савол қўйган.

Охирги ҳибсга олишлар тармоқларда исломий нашида тарқатгани учун қамаш ва айрим диний блогерларнинг ички ишлар идораларига чақирилиб огоҳлантирилиши ҳамда жаримага тортилиши манзарасида юз бермоқда.

The Diplomat: Бу Ўзбекистондаги мусулмонлар учун Каримов даври-2

31 май куни Навоий вилоятида яшовчи 57 ёшли аёл 2018 йилда Туркияда бўлган вақтида ижтимоий тармоқдаги бир постга «лайк» босганлиги учун уч йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган. У «Odnoklassniki.ru» ижтимоий тармоғида «лайк» қўйган видео Рафиқ Камолов исмли шахснинг ўзбек тилидаги диний ваъзи эди.

Айни ҳолат ҳақида ёзган The Diplomat нашри сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда бу каби жиноят ишлари кўпайганига эътибор қаратмоқда.

Жумладан, ёшлар ижтимоий тармоқларда ўз дўстлари билан диний мазмундаги материалларни баҳам кўргани учун қамалмоқда, дейилади The Diplomat нашри эълон қилган мақолада.

2023 йил январида 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 2020 йилда Telegram орқали дўстига нашид – исломий қўшиқ юборгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У олти ой давомида тергов қилинган ва бу вақтда “қаттиқ” қийноққа солингани даъво қилинди.

Май ойида 21 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродов ҳам ўз синфдошлари билан Telegram’даги гуруҳ суҳбатида YouTube’даги нашидга линк юборгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Дин ишлари бўйича қўмита бу қўшиққа “ақидапарастлик ғоялари сингдирилган” деб ҳисоблади.

Кўп ҳолларда ёшлар ҳибсга олинади, улар орасида диндор бўлмаганлари ҳам бор. Уларнинг аксарияти араб тилини билмайди ва ўзлари баҳам кўрган нашидларнинг мазмунини тушунмайди ҳам. Юқорида тилга олинган нашидларни экстремистик эканлигини аниқлаш учун бутун бошли диний қўмита керак бўлди. Шундай экан 20 ёшли йигит унинг экстремистик эканлигини қаердан билсин, дея савол қўяди, The Diplomat мақоласи муаллифи.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги “террорчи деб тан олинган ташкилотлар ва манбалар” рўйхатини эълон қилган. Ушбу гуруҳларнинг фаолияти ва сайтда жойлаштирилган материалларни тарқатиш Олий суднинг 2019 йилдаги қарори билан тақиқланган. Аммо рўйхатда фақат 166 та исм ва материаллар мавжуд.

Нашрнинг ёзишича, айрим ёшларнинг ҳибсга олишнишига дастлабки қонуний асослар доим ҳам аниқ эмас; ҳибсга олингандан кейингина уларнинг телефонлари ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари текширилади, топилган диний мазмундаги материал эса йилларча эски бўлади. Улуғмуродовнинг онаси айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари унга ўғлини яқин атрофда юз берган ўғрилик учун олиб кетишаётганини айтишган. Унинг ишонтиришича, на ўзи, на ўғли нашид нималигини билмаган. “Ўғлим “қўшиқдек тингладим” деди”, дейди она ўғлига иккинчи имконият беришини сўраб, президент ва Олий судга йўллаган видеомурожаатида.

Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон”ида диний эркинлик эски Каримов давридагидек тазйиқ остида қолмоқда, деб ёзади The Diplomat нашри. "Мирзиёев ҳокимиятнинг дастлабки йилларида диний ва сиёсий маҳбусларни озод қилган бўлса-да, бу бўш камералар яна янги маҳбуслар билан тўлмоқда. Диний нашрлар назорат остида. Таққослаш учун: Ўзбекистонда тақиқланган кўплаб гуруҳлар ёки материаллар қўшни Қирғизистонда ноқонуний ҳисобланмайди, аммо Қирғизистон ҳалифаликка айлангани йўқ".

Мақола муаллифига кўра, ҳукумат исломнинг давлат томонидан маъқулланмаган (яъни назорат қилинмаган) ҳар қандай кўринишини сиёсий душман сифатида кўради. Бироқ, вазият янада ёмонлашиши мумкин. "9 июль куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтади ва унда Мирзиёев ғалаба қозонади. Сайловдан сўнг унинг режими йўқотадиган ҳеч нарса қолмайди, режим танқидчилари – журналистлар, фаоллар ва диний жамиятга нисбатан репрессия янада қаттиқлашиши мумкин".

Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида кўпгина чеклов ва мавҳумликлар сақланиб қолмоқда.

Шу йил мартида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид қонунда, жумладан, диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолаётганини айтган эди.

27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўтган брифингда у Ўзбекистон ҳукумати БМТ махсус маърузачисининг диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсиясини бажармаганини танқид қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG