Линклар

Шошилинч хабар
24 феврал 2019, Тошкент вақти: 09:47

Мирзиёевнинг “йангғилари янгиланиб бороткони” тўғрисида


Президент Мирзиёев ўтган ойда ички ишлар ходимлари билан селектор йиғилиши ўтказди. Ўша йиғилишда президент ирод қилган нутқнинг Озодликка етиб келган 1 соату 15 дақиқалик парчасидан мажлиснинг анча босиқ, ишчан руҳда ўтгани сезилади. Ҳар ҳолда Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёда қилган ҳақоратлари, Фарғонада қилган кесатиғу истеҳзоларига ўхшаш гаплар бу гал учрамади. Мухбиримиз президентнинг январдаги ва аввалги нутқларини қайта эшитиб, унинг тилини тушунишга уринди.

Мақол ўрнига мақола, қўйин ўрнига қўлтиқ сўзини ишлатган, ҳар гал сўз излаётганда пайдо бўладиган бўшлиқни “керак бўлса”, “айтайлик” билан тўлдирган, шакли тумтароқ, мазмуни мавҳум, бош-учи йўқ гаплари билан тингловчининг бошини қотириб, нутқларини қоғозга тушириши лозим бўлган муҳаррирларнинг сочини оқартган Ислом Каримов ўрнига Шавкат Мирзиёев келдию Ҳокимият Тилида бирдан анчайин равонлик пайдо бўлди.

Анчайин равонликдан ташқари Ҳокимият Тилида ғирт ўзбекча колорит пайдо бўлди, туз-қалампир пайдо бўлди. Мирзиёевнинг туз-қалампири Каримовникидан фарқ қилади. Мирзиёевнинг тилида зулм оз, қувлик кўп. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай.

Руҳшуносларнинг айтишича, у ёки бу шахснинг психологик портретини чизишда унинг тили, лексикасининг бой ёки қашшоқлигини билиш, кўпчилик олдида ёхуд яккама-якка суҳбатда ўзини қандай тутишини кузатиш муҳимдир.

“Одатда, сиёсатчи минбарда туриб матн ўқиётганда у ҳақда хулоса чиқариш қийин, лекин минбарда туриб, эркин сўзлаётган нутқини тингласангиз, кўп нарсани тушуниб олишингиз мумкин”, - деди руҳшунос олим Маҳмуджон Йўлдошев.

Минбарда матнни Мирзиёев шу қадар қунт билан ўқийдики, кўпинча тушум келишиги қўшимчаси ўрнига қаратқичникини ишлатади: нутқ “нинг-нинг”, “нинг-нинг”дан иборат бўлиб кетади. Бу балки нотиқнинг перфекционистлигидан, ҳар ишни пухта қилишни оширворишга ўрганганидан даракдир?

Мирзиёевнинг ҳозиргина айтганимиз туз-қалампири у матндан чиққанида бошланади. Туз-қалампирга кейинроқ тўхталамиз, ҳозир эса, президент тилининг кўпчилик эътиборини тортган жиҳати - "келоткон", "бороткон", "йангғи" каби шева унсурларини айтайлик.

Тилшунос олим Бахтиёр Исабеков президент тилининг бу жиҳати тўғрисида фикр юритар экан, деди:

Президентимизнинг шеваси қарлуқ-уйғур-чигил лаҳжасига тўлиқ мос.

“Президентимизнинг шеваси қарлуқ-уйғур-чигил лаҳжасига тўлиқ мос. Лекин "бўлоткон", "бороткон" типидаги сўзлар Бухоро шеваларига хос бўлган унсур ва айни пайтда Тожикистон ҳудудидаги ўзбеклар шеваларида ҳам учрайдиган морфологик шаклдир”.

Олим президентнинг нутқидаги шева унсурларини табиий кўриниш сифатида баҳолади:

Ўзбек адабий тилининг қўлланиш доираси давлат тили доирасида бўлсагина биз шевадан маълум даражада қутулишимиз мумкин.

“Чунки ўзбек тилидан фойдаланувчилар тараққий қилган миллатларга ўхшаб ягона адабий тил атрофида зичлашган эмас. Ўзбек адабий тилининг қўлланиш доираси давлат тили доирасида бўлсагина биз шевадан маълум даражада қутулишимиз мумкин. Бундан президентимиз ҳам мустасно эмас”.

Руҳшунос олим Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, у ёки бу сиёсатчи матндан чиқиб нутқ ирод қилаётганида у кишининг маданий қиёфаси, билим савияси тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш мумкин:

“Чунки киши техник маълумотга эга бўлса ҳам, кўп китоб ўқиган бўлса, унинг нутқи ниҳоятда ранг-баранг бўлади, нутқ ирод қилар экан, у гуманитар соҳа вакилими ёки аниқ фанларни ўқиганми – аниқлашимиз қийин бўлади”.

Мирзиёевнинг нутқи ҳақоратларга, кинояларга, истеҳзоларга, кесатиқларга, образларга бой.

“Ғўдайган ит”, “давлат сотқинлари”, “Сурхондарëни от ўйин қилиб ташлаган”, “бу ноинсофлар ҳаром қилиб ташлаган”, “бир ерини писиб мажлисга келиб ўтирсин”, “ҳамманг порахўрлик қилиб ҳамма ерни шарманда қилиб юрибсан”.

Бу сўз бирикмалари ва жумлаларни Шавкат Мирзиёев 2018 нинг 19 январида Қизириқ туман ҳокимлиги биносида Сурхондарë вилоят фаоллари билан ўтказган учрашувидаги нутқида ишлатган эди.

Мана ўша нутқидан баъзи узиндилар:

“Майор Эшқувватов Суннатилло Равшанович деган ғўддайган итти ишдан олдирдим”.

“Булар бир пайтлар Сурхондарёни от ўйин қипташаган”.

“Силардаям битта ноинсоф ишлаган, Тошпўлатов деган. Уям ит ўғри”.

“Бизга ҳокимди орқасидан пойлоткон, бошқа давлат органлари оқасидан пойлоткон одамлар керагемас, бўлди, у замон тугади.

Қуйидаги узиндилар эса, Мирзиёевнинг ўтган йил ёзида Фарғонада қилган нутқидан олинди:

“Шоири Аъзам нима дейдилар Ғайратхон? Ўўўв... Навоий шеърларидан биласиз. Неччи йил бўлди, қаридингми санам?”

“Гапиринг, жаноби олийлари!”

Манга садоқат керак. Ўзини қийноткон, Фарғонани яхши кўроткон одам керак манга.

“Манга садоқат керак. Ўзини қийноткон, Фарғонани яхши кўроткон одам керак манга. Протоколга ҳаммаси ёзилиши керак. Мана ўтирган шоиру, Зокирхону Ғайратхону… Ҳаамммасини яхши биламан буларди. Вой-вўўў қанча қонимди ичган булар мани!”

“Гапир, гапир, гапир, вақт йўқ, эй!”

Мирзиёев турли чиқишларида божхона ходимларини “энг катта порахўр”, молиячиларни "каламушлар", прокуратура ходимларини "ўғри ва ахлат", деб атагани ҳамманинг ёдида.

Янги президентнинг халққа яхши кўриниш учун ҳам қилаётган бу популистик баёнотларининг этика меъёрларига қанчалик мослиги – бошқа мақоланинг мавзуидир. Бу мақола - фактлар констатацияси, холос.

Қолаверса, президент баёнотларининг этика меъёрларига мослиги масаласи устида бугунги ўзбек жамияти бош қотираётгани йўқ.

Хусусан, Нотиқлик санъати академияси нодавлат таълим муассасаси муассиси, таниқли телебошловчи Раҳимбой Жуманиёзов OzodNazarга берган суҳбатида Мирзиёевнинг нутқларини баҳолар экан, бундай деган эди:

Президент нутқидаги самимийлик, табиийлик ва ҳаётийликни алоҳида таъкидлаймиз.

“Президент нутқидаги самимийлик, табиийлик ва ҳаётийликни алоҳида таъкидлаймиз. Тўғри, у тилшунос эмас, лекин ўз фикрини халққа етказиш пайтида таъсирчанликни кўрасиз, таҳлилий танқидни кўрасизки, халқимиз, шахсан ўзим ҳам президентнинг чиқишини кутиб ўтирамиз”.

Тилшунос олим Бахтиёр Исабеков Шавкат Мирзиёевнинг тили ҳақида фикр юритар экан, эътиборимизни яна бир ташвишли жараёнга қаратди.

Каримов қийналса ҳам “туман” дер эди. Ҳозирги президентимиз кўпроқ “район” деяпти.

“Каримов қийналса ҳам “туман” дер эди. Ҳозирги президентимиз кўпроқ “район” деяпти. Президент “девон”, “маъмурият”ни “администрация”га айлантириб олди, “истиқбол” ўрнига “перспектива” кета бошлади. Қайта истеъмолга кира бошлаган ўз сўзларимизни бошқа тилдан кирган сўзларга яна алмаштиришни, афсуски, президентимиз нутқларида ҳам кўряпман”.

Мақола устида ишлар эканмиз, президентнинг ички ишлар ходимлари билан январда ўтказган мажлисдаги нутқини ҳам диққат билан эшитдик. Нутқнинг ихтиёримиздаги 1 соату 15 дақиқалик қисмида Сурхондарёда қилган ҳақоратлари, Фарғонада қилган кесатиғу истеҳзоларига ўхшаш гаплар учрамади.

Мелисаларни ҳатто президент ҳам сўколмайдими, деб ўйлаб қолдик :)

Ёки Мирзиёев ўзгараяптими?

Январдаги нутқида “келоткон”, “бороткон” ҳам одатдагидан камроқ учради...

Руҳшунос олим бугунги мақола учун берган суҳбатида яна бундай деди:

“Гапираётган пайтда эга-кесимларга эътибор бермайдиган кишилар бўлади. Фикрларини бошқаларга етказишга қийналадиган бундай кишиларнинг ишлари ҳам чала-чулпа бўлади. Бундайларга ишонишингиз қийин бўлади”.

Шавкат Мирзиёевнинг тилини мукаммал дейиш қийин. Лекин унинг нутқида Ислом Каримовникидан фарқли ўлароқ, руҳшунос олим айтаётган эга бор, кесим бор.

Эга-кесимнинг мавжудлигидан эса, олимга ишонар бўлсак, ишонч пайдо бўлади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG