Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

Манбалар сенатор Мираброр Усмонов комага тушганини хабар қилди


Сенатор Мираброр Усмонов
Сенатор Мираброр Усмонов

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Миллий Олимпия қўмитаси собиқ раиси 72 яшар Мираброр Усмонов 12 март куни кома ҳолатида Олимпия қўмитаси клиникасининг жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Сенат ва Олимпия қўмитаси мулозимларига кўра, Усмонов Пахтакор метроси ëнидаги Олимпия қўмитаси клиникасида бехуш ҳолатда қолмоқда.

Усмонов жорий йил, 1 март куни Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида охирги марта кўриниш берган. Мажлисни ëритган журналистнинг айтишича, Усмонов охиригача ўтира олмай чиқиб кетган.

Усмоновга айнан қандай ташхис қўйилгани ҳозирча номаълум. Яқинларига кўра, Усмонов ўпка ва нафас йўллари билан боғлиқ хасталик боис клиникага келтирилган.

Сенатор Мираброр Усмонов Ўзбекистон футбол федерациясини 2006 йилдан 2017 йилгача бошқарган эди.

Шунингдек, у 2013 йилдан 2017 йилгача Миллий Олимпия қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

Асли касби ошпаз бўлган ва мустақиллик йилларигача Тошкентдаги турли ресторанларда ошпазлик қилган Усмонов 1990-2005 йилларда савдо вазири ва бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистонда шакар импорти билан шуғулланган “Баҳо шакар” - Баҳодир Каримжонов 2013 йилда мамлакатдан қочиб чиқиб кетгани ортидан шакар импорти бизнесининг асосий монополисти Мираброр Усмонов экани айтиб келинади.

XS
SM
MD
LG