Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:50

Энг кам иш ҳақининг оширилиши суицид ҳолатлари камайишига олиб келиши мумкин


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

АҚШда ўз жонига қасд қилиш йирик муаммо ҳисобланади. Хавотирлиси, кейинги йилларда мамлакатда суицидлар сони ошмоқда.

Бу муаммо билан курашиш осон эмас, чунки депрессия ва стресс ҳамда худкушликка олиб келувчи бир неча унсур бор. Қайси унсурлар муҳим ўрин тутишини ва уларга қарши самарали курашиш йўлларини аниқлаш осон эмас. Шундай бўлса-да, бир неча тадқиқот молиявий қийинчиликлар суициднинг энг муҳим сабабларидан бири эканлигини кўрсатган. Айрим тадқиқотлар эса энг кам иш ҳақининг кўтарилиши ўз жонига қасд қилишлар сони озайишига олиб келиши мумкинлигини юзага чиқарган.

Атланта шаҳрида жойлашган Эмори университети тадқиқотчилари энг кам иш ҳақи тўғрисидаги қонунлар ҳамда худкушликлар сони ўртасидаги боғлиқликни яқиндан ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ушбу икки кўрсаткич ўртасида боғлиқлик чиндан мавжуд, аммо бу боғлиқлик фақат мактаб ёки ундан ҳам оз таълимга эгалар орасида ҳамда фақат ишсизлик кенг тарқалган пайтда кузатилади.

Кўп ҳолатларда молиявий қийинчиликлар, масалан, ишидан айрилиш ёки ўсиб бораётган қарзлар худкушликка олиб келади. Ғарб давлатларида ўз жонига қасд қилиш оз маош оладиган ҳамда маълумоти оз бўлганлар орасида кўпроқ учрайди. Шу сабабдан олимлар энг кам иш ҳақи билан худкушлик ўртасидаги боғлиқни яқиндан кўриб чиқишга қарор қилишди.

АҚШда федерал ҳукумат энг кам маош даражасини белгилаган бўлиб, штатлар ундан юқорироқ кўрсаткичларни таъсис қилиши мумкин, аммо федерал минимум маошдан озроқ маош берилишига йўл қўйилмайди. Бу кўрсаткичлар ҳақида маълумот тўплаш жуда осон. Шунингдек, АҚШда “Муҳим статистика тизими”да ҳар бир вафот этган киши ўлимига нима сабаб бўлгани ҳамда унинг маълумоти қайд этиб борилади. Эмори университети тадқиқотчилари ушбу маълумотларга таянган ҳолда энг кам иш ҳақи ҳамда ўз жонига қайд қилиш ўртасидаги боғлиқлик таҳлил қилган.

Тадқиқот давомида худкушлик нисбатан оз учрайдиган ҳамда минимал иш ҳақидан анча юқори маош оладиган олий маълумотли шахслар контроль гуруҳи этиб белгиланган. Кутилгандек, энг кам иш ҳақи қонунларига киритилган ўзгаришлар олий маълумотли шахсларга таъсир кўрсатмаган. Аммо олий маълумоти бўлмаганлар, хусусан, мактаб аттестатига эгалар ёки мактабда фақат муайян муддат ўқиганлар орасида минимал маош 1 долларга ошса, худкушлик 6 фоизга озайиши кузатилган.

Ишсизлик даражаси 4 фоиздан оз бўлган ойларда энг кам иш ҳақига киритилган ўзгаришлар худкушлик даражасига таъсир кўрсатмаган. Аммо ишсизлик 6 фоиздан юқори бўлганида бундай қонунлар ўз жонига қасд қилишлар сонига таъсир кўрсатиши кузатилган.

XS
SM
MD
LG