Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:20

2020: Қафасдан чиқишга уринган сўз эркинлиги


Пандемия чекловлари, журналистларга кўра, Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги учун жиддий синов бўлди
Пандемия чекловлари, журналистларга кўра, Ўзбекистондаги сўз ва матбуот эркинлиги учун жиддий синов бўлди

2020 йилда Ўзбекистон матбуоти зиддиятли жараёнларни бошдан ўтказди.

Президент Шавкат Мирзиёев матбуотга эркинлик бериш зарурлиги, мансабдорлар ОАВ билан ҳамкорлик қилиши ва уларнинг саволларига жавоб бериш ҳақида баланд минбарларда бот-бот айтиб турган бўлса ҳам, ижтимоий воқеаларни ёритган нашрлар ва блогерлар АОКА томонидан кетма-кет огоҳлантиришлар олди.

Аҳолининг газ ва свет муаммосини ёритган хусусий телеканалларга бу мавзуда фақат расмий нуқтаи назар билан чекланиш топшириғи берилди.

2020 йил давомида ўзбек ОАВлари шу каби воқеалар – президентнинг эркин матбуотни қўллаб-қувватлаши ва президент администрацияси ҳузуридаги АОКАнинг эса журналист ва блогерларни жиловлаб туриш уринишлари манзарасида кечди.

АҚШдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид ўзбек матбуотининг 2020 йилдаги ўзгаришларини икки қисмга бўлади:

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид

“Сўз эркинлиги борасидаги 2020 йилги вазиятни ўтган йилга қиёсласак, албатта Ўзбекистонда бир қанча ижобий қадамлар ҳақида гапириш мумкин. Лекин Ўзбекистон ОАВ тўлиқ равишда Каримов давридаги қафасдан чиқиб кета олмади. Ҳали ҳам эркин сўзга, эркин фикрларга давлат расмийлари тоқатсизлик билан муносабатда бўлмоқда. Ижобий томони шундаки, агар 2019 йилда журналист ва блогер қамоққа олинган бўлса, 2020 йилда бундай ҳолат кузатилмади. Биз бу ҳақда ўзимизнинг йиллик ҳисоботимизда ҳам айтиб ўтганмиз. Ўзбекистон ҳозир айнан касбий фаолияти учун озодликдан маҳрум этилган журналистлар йўқ. Ва яна яхши бир ижобий қадам. Туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазоси бериш Жиноят кодексидан олиб ташланди”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:57 0:00
Бевосита линк

Гулноза Саид фикрича, айни пайтда “ёлғон хабар” учун журналистларнинг яна жазога тортилиши ҳақидаги янги қонун эркин сўзга бўлган ҳаракатни тушовлаб қўяди:

“Бу кўпгина постсовет давлатларида кузатилаётган тенденциянинг бир қисми. Масалан, Тожикистонда ҳам шундай қилинганини кўрдик. Ўзбекистон сўз эркинлиги сари қадам қўяр экан, қонунларда бундай моддалар бўлмаслиги керак”.

Ўтган бир йил давомида журналистлар ва блогерларнинг танқидий мақолаларига Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги(АОКА) муносабат билдириб, уларни огоҳлантиргани ижтимоий тармоқларда кенг баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

АОКА 2020 йилнинг 15 март куни Телеграм тармоғидаги каналларга огоҳлантирув хатларини йўллашни бошлади.

Огоҳлантирувда маълум бир постда ёлғон маълумот аниқлангани, канал маъмурияти бу постни олиб ташламаса, Жиноят кодексининг 244-1 моддасига​ биноан жавобгарликка тортилиши айтилган.

Бундан бироз муқаддам АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ёлғон ва уйдирма маълумот тарқатганлар 5 йилгача қамалиши мумкинлигини эслатган эди.

Жорий йилнинг 1 августида “Mening yurtim”( MY5) телеканалининг “Очиқчасига гаплашамиз" кўрсатуви эфир вақтида узиб қўйилди.

Бунинг ортидан канал Бош директори Қобулжон Аҳмедов ишдан кетди. Аҳмедов “ўз ихтиëри билан ишдан кетгани”ни билдиришига қарамай, ижтимоий тармоқларда унинг истеъфоси “эфирдан узилган кўрсатув”га боғланди.

Огоҳлантириш хати.
Огоҳлантириш хати.

Озодликка етиб келган расмий ҳужжат - “Огоҳлантириш хати” ушбу тахминларга аниқлик киритди.

АОКА директори Асаджон Ходжаев Kun.uz нашрини аҳолининг газ-свет муаммоси ёритилган мақоласи учун "нохолислик"да айблаган ва "жиддий ҳуқуқий оқибатлар"дан 23 ноябрь куни огоҳлантирди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид фикрича, бу цензурадан бошқа нарса эмас:

“Ҳукумат томонидан журналистларга кўрсатилаётган босим цензура ҳисобланади. Мен бу ҳақда илгари ҳам кўп айтганман, АОКА каби ташкилотларга эса аслида ҳожат йўқ. Журналистлар қонунга риоя қилиб фаолият юритишлари керак. Бу агентлик ҳозир ОАВ йўлидаги тўсиққа айланяпти. Агар бу агентлик тузилган бўлса, унинг вазифаси журналистларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериши керак. АОКА раҳбарининг қатор ОАВ ва блогерларни огоҳлантиргани мутлақо агентлик мақсадларига зид”.

"Сўз эркинлиги совға қилиб берилмайди!"

2020 йилда Ўзбекистонда блогерлик фаолияти кучайгани кузатилди, Facebook, Telegram, YouTube каби ижтимоий тармоқларда блогерлар расмийларнинг ваколати доирасидан чиққани, ҳокимларнинг қўл остидаги ходимларни ҳақорат қилиши, газ ва чироқ танқислиги каби муаммолар ҳақида тинимсиз хабар бера бошлади.

Ўзбекистонлик блогер ва журналист Зафар Солижоновнинг айтишича, қалам аҳли ўзидаги қўрқувни енга олиши керак:

Ўзбекистонлик блогер ва журналист Зафар Солижонов.
Ўзбекистонлик блогер ва журналист Зафар Солижонов.

“АОКАнинг маҳаллий нашрларга огоҳлантириши бу янги нарса эмас, аввалдан бор эди. Ўзимга келсак, мен газ темаси бўладими, чироқми материалларни бериб турибман. Ортиқча босим бўлгани йўқ, ҳозирча. Танқид ҳам қиляпмиз, керак бўлса давлат раҳбари сиёсатини танқид қиляпмиз. Сўз эркинлиги ўз-ўзидан бериб қўйилмайди, журналистлар ҳам тушуниш керак шу нарсани. Масалан ZO”R TVнинг журналистларига шунақа босим бўлди, нега ўзлари чиқиб гапирмайди? Кун.уз биринчи бўлиб ёзди, кейин қолганлар ёзди. Кимдир бошида локомотив бўлиб, кейин бошқалар эргашиши керакми? Бунақада сўз эркинлиги татимайди, мард бўлса чиқсин гапирсин. Бизга ҳам келди хабар, масалан, қайси бир журналистни ишдан бўшатибди, деган хабар. Лекин ўзи чиқиб гапирмаса биз қандай қилиб уни ёритишимиз мумкин? Ўзи қўрқса, ўзи-ўзини цензураласа? Ким айтди буларга сўз эркинлиги совға қилиб берилади, деб? Берилмайди, курашиб олинади! Ҳаракат қилиб ўзлари ҳам курашсин, нолиб яшагандан мард бўлиб яшаган яхши эмасми?”

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:12 0:00
Бевосита линк

"Блогерларнинг ҳимоячиси йўқ!"

Аммо исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик блогерлардан бири Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан мунтазам босим бўлаётганини Озодликка айтди:

“Бизга огоҳлантириш хати ёзиб ўтиришмайди, тўғри ичкарига олиб кириб “тарбиявий” дарс ўтади. Менинг ўзимни уч марта чақиришди. Уни ёзма, буни ёзма, сиёсатга аралашма, оқибати вой бўлади, дейди. Журналистнинг эгаси бор, ортида у ишлайдиган нашр туради. Блогер эса етим, ижтимоий тармоқдан бошқа ҳеч ким ҳимоя қилолмайди. Мана, шу йил андижонлик блогер Отабек Нуриддинов давлат бюджетидаги ўмаришларни ёзгани учун 15 сутка қамалиб чиқди, сўхлик блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳам норозиликларни ёритгани учун қамаб қўйишди, кейин жамоатчилик таъсирида озод қилишди. Сўз эркинлиги йўқ эмас, бор. Лекин доим ҳадик бор. Ҳар бир постни ёзганимдан кейин юрак ҳовучлаб тураман, кечқурун келиб олиб кетмасмикин, эртага чақирмасмикин, деб”.

Ҳукумат нашри "Халқ сўзи" газетасида ишлаган журналист Умид Сориевнинг айтишича, соҳави матбуотда анча жонланиш кузатилган, аммо ҳукумат нашрлари ҳамон Каримов даври билан яшамоқда:

Ўзбекистонлик журналист Умид Сориев.
Ўзбекистонлик журналист Умид Сориев.

"Масалан, "Жамият", "Оила ва жамият", "Ишонч" каби газеталарда "тирик" мақолалар пайдо бўляпти. Ҳукумат ва партия нашрлари эса ўша эски қолипда турибди. президент айтгани билан, ташкилот ва корхоналардан маълумот олиш жуда мураккаб. Оддий бир маълумотни кунлаб кутасиз, ўз тажрибамдан чиқиб айтяпман. Бу бевосита ўша корхона ва ташкилот раҳбарларида ҳуқуқий онгнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Президент очиқ бўл, ошкора бўл деяпти, лекин тескариси бўляпти. Мана бугун президент яна бир бор шундай раҳбарларни танқид қилди. Қани кўрамиз, 2021 йилда қандай ўзгариш бўлар экан".

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:51 0:00
Бевосита линк

29 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга қилган мурожаатида яна бир бор эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг ОАВга муносабатини танқид қилди:

“Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораяпмиз. Адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда”.

XS
SM
MD
LG