Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:12

Ҳужжатлар: Республика миқëсидаги мажбурий обунага Бош вазир буйруғи ва АОКА директорининг хати асос бўлган


Ўзбекистонда ўқувчиси қолмаган расмий ва айрим хусусий нашрларни мажбуран соттириш амалиëти тарихи узун
Ўзбекистонда ўқувчиси қолмаган расмий ва айрим хусусий нашрларни мажбуран соттириш амалиëти тарихи узун

Озодликка турли вилоятлардан келаëтган ҳужжат ва маълумотлар¸ мамлакат бўйлаб яна бир мажбурий обуна кампанияси ҳокимият тизимларининг қаттиқ босими остида бораëтганини кўрсатмоқда.

Ҳужжатлардан кўрилишича¸ бу кампанияга Ўзбекистон Бош вазири ўтказган йиғилишда берилган буйруқ ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев юборган расмий хат асос бўлган.

Озодликдаги ҳужжат ва маълумотлар¸ Бош вазир ва Президент Администрацияси босими остида амалга оширилаëтган мажбурий обуна кампанияси асосий оғирлигининг яна мактаб ва ва боғча тизими ходимларига тушаëтганини кўрсатади.

Жорий президентнинг ўзи 2018 йил 14 августда имзолаган қарорга мувофиқ¸ ўқитувчиларни мажбуран обуна қилдириш тақиқланган.

АОКА матбуот хизматининг Озодлик боғланган мулозими Ходжаев хатида обунанинг "мажбурийлиги ҳақида сўз йўқлиги"¸ бораëтган жараëн Бош вазир ўтказган йиғилишда берилган буйруққа бориб тақалишини билдирди.

АОКА директори мактуби

Озодликка нусхаси юборилган ҳужжатлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаевнинг 27 октябрь куни имзолаган хатидир.

АОКА директори Асаджон Ходжаевнинг 27 октябрь кунги хатининг тўлиқ матни.

Вазирликлар ва идоралар¸ хўжалик бирлашмалари раҳбарлари¸ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси¸ Тошкент шаҳри¸ вилоятлар¸ туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига” юборилган бу хат икки саҳифадан иборат¸ у юборилган 217 та тизим ва ташкилот номи ëзилган илова эса¸ 13 бетни ташкил этади.

Хатда берилган топшириқларга АОКА директори Вазирлар Маҳкамасида 12 октябрь куни ўтказилган йиғилишнинг 26 октябрь кунги баëнномасини асос қилиб келтирган.

Бу йиғилишда эса¸ хатда ëзилишича¸ президентнинг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳокама қилинган.

Давлат тизимлари ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги бу қарорда “обуна” деган сўз умуман учрамайди.

Шундай бўлса-да¸ гўë бу қарор ижросига бағишланган мажлисдаги топшириқлар сирасида Ходжаев¸ хат юборилган 217 та ташкилот¸ корхона ва ҳокимлик раҳбарига бир ҳафта ичида:

2021 йилги обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш¸ самарадорликка эришиш¸ ва бу бўйича кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш”ни топширади.

АОКА директори топшириғининг ҳокимликлар томонидан ижроси

Озодликка нусхаси юборилган ҳужжатлардан яна бири Бухоро вилоят ҳокими лавозимини вақтинча бажараëтган Ботир Зарипов 25 ноябрь куни ўтказган мажлис қарорининг 26 ноябрь куни тасдиқланган “Баëни”дир.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг АОКА хати асосида тузган мажбурий обуна режаси

Бу қарорга АОКА хати¸ унда тилга олинган ҳукумат мажлиси ва президент қарори асос қилиб келтирилган.

Икки бетлик қарорга илова қилинган 4 саҳифалик иловада энди¸ вилоятдаги давлат ва хусусий ташкилотлар¸ шунингдек ҳокимликларнинг қайси нашрга қанча обуна бўлишига оид аниқ “мажбурият” - чора-тадбир белгиланган.

Қарорда вилоятдаги барча давлат ва нодавлат тизимларига¸ “Бухоронома”¸ “Бухарский вестник”¸ Янги Ўзбекистон¸ Халқ сўзи¸ Народное слово¸ Правда востока¸ Овози тожик¸ Бухоро спорти ва Бухоро ëшлари нашрларига обуна бўлиш буюрилган.

Иловадан Халқ таълими бошқармаси (2460 та) ва Мактабгача таълим бошқармаси(1235 та) нинг ташкилот ва корхоналар кесимида энг кўп обуна “солиғи” юкланган тизим экани кўрилади. Қиëс учун¸ минглаб ходимга эга вилоят ИИБга жами 96 ¸ Миллий гвардияга эса 53 та обуна мажбурияти юкланган.

Вилоят ҳокими қарорида¸ мажбурий обуна жараëнини амалга оширишни таъминлаш ҳокимлик матбуот котиби ва АОКАнинг вилоят бўлими раҳбари зиммасига юклатилган.

Мажбурий обуна юки яна ўқитувчилар зиммасида

Озодликка бир-биридан мустақил мулозимлардан келган ҳужжатлар билан бир вақтда Сурхондарë вилояти Сариосиë туман Халқ таълими бўлими раҳбари 3 декабрь куни ўтказган йиғилишдан ëзиб олинган аудио¸ шунингдек мактабларга бажариш буюрилган обуна режаси нусхаси ҳам юборилди.

Сариосиë туманидаги ҳар бир мактабда берилган обуна мажбурияти.
Сариосиë туманидаги ҳар бир мактабда берилган обуна мажбурияти.

Тумандаги барча мактаб директорлари билан ўтказилган йиғилишдаги аудио бошланишида А.Бобоев¸ вилоят ҳокими “ҳар кеча 7:00да селектор” ўтказиб¸ обуна бўйича ҳисобот сўрашини айтади.

Вилоят ҳокими ҳар сешанба куни обуна бўйича ҳафталик рақамларни сўрашини айтган Бобоев¸ ўқитувчилар обуна бўлиши шарт қилиб белгиланган нашрлар рўйхатини қайта-қайта такрорлайди.

Аудиода ХТБ раҳбари Сариосиë¸ Сурхон овози¸ Халқ сўзи¸ Янги Ўзбекистон¸ Сурхон ëшлари¸ Тафаккур журнали¸ Правда востокага обуна бўлиш шарт ва мажбурийлигини бир неча бор таъкидлайди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:55 0:00
Бевосита линк

Бу нашрларга обуна бўлиш бўйича вилоят ҳокими берган рақамларни бажармаëтган мактаб раҳбарларига таҳдид қилган Бобоев¸буйруқнинг энг тепадан тушганини писанда қилиб¸ уларни “президентнинг гапига амал қилмайман”¸ деб ëзиб берасан”¸ деб қўрқитади.

Ўқитувчилар ойлиги обуна "гарови"да

Бу аудио билан айни кунда Сурхондарë вилоятининг Шўрчи тумани ўқитувчилари номидан Озодликка ëзилган жамоа мактубида¸ мажбурий обуна боис таълим ходимлари ойлиги “гаровга олингани” айтилади.

Ўқитувчиларнинг ноябрь ойининг ойлик иш ҳақи бухгалтерлар томонидан ишланган, лекин пластикка тушириб берилмаяпти. Сабаби "ОБУНА" масаласи. Мактаблар томонидан обуна масаласини қачон ижобий томонга ҳал қилинса¸(вилоят ҳокимлиган белгиланган мажбурият бажарилса – таҳр.) шундай кейин ойлик иш ҳақларини тушириб берилар экан. Ҳар бир ўқитувчи ўзининг ойлик иш ҳаққидан 10 % ни ихтиёрий ўтказиб берилишига мажбурланмоқда. Шўрчи ХТБ раҳбариятига мурожат қилганимизда, улар ҳеч нарса қила олмаслигини , туман ҳокимияти томонидан шундай топшириқ берилганлигини айтишмоқда. Ўқитувчиларни ҳимоя қила оладиган мард раҳбар ёки ташкилот йўқми “келажаги буюк Ўзбекистон”да?”¸ дейилади жамоавий хатда.

Озодлик суҳбатлашган шўрчилик ўқитувчилардан бири ўзи ва ҳамкасбларидан ноябрь ойи ойлигидан 250 минг сўмни обунага ушлаб қолиш сўралган хатга қўл қўйишга мажбурланаëтганини қўшимча қилди.

Бизни ихтиëрий обуна бўлдик¸ деган хат ëзишга мажбурлашяпти. Биз ҳаммамиз тўпланиб¸ норозиликка чиқамиз, деб турибмиз. Президент ўқитувчини мажбурий меҳнат¸ мажбурий обунага тортмаслик ҳақида қарор чиқарган. Булар президентга қаршимисан¸ деб бизни мажбурий обунага зўрлаяпти. Кимга ишониш¸ нима қилишни билмай қолдик”¸ - дейди Озодлик гаплашган сурхондарёлик ўқитувчилардан яна бири.

Озодлик гаплашган ўқитувчилар мамлакатдаги ўқиш жараëнлари онлайн режимга ўтказилган 2021 йилга келиб, таълим соҳаси ходимлари ўзи ва касбий фаолияти учун зарур маълумот¸ китоб ва қўлланмаларни интернетдан олишини айтди.

"Ҳозир босма газетани ким ўқийди? Хусусан¸ нафталин иси келадиган Халқ сўзи ва Правда востока ўқитувчига нима беради? Ҳозир ҳамма маълумот интернетдаку! Булар қайси асрда яшаяпти ўзи?"

Президент мажбурий обунани тақиқлаганми?

Ислом Каримов даврида борлиги расман эътироф қилинмаган қонунсизликлардан бири мамлакат миқëсидаги ҳар йилги мажбурий обуна кампанияси эди.

Бу кампания давомида бюджет ташкилотлари¸ қолаверса¸ тадбиркорларга давлат сиëсатини улуғловчи¸ мамлакатдаги ҳақиқий вазият ҳақида лом-мим дейилмайдиган расмий нашрлар¸ айни пайтда¸ таъсисчиси давлат амалдорларининг ўзи бўлган хусусий нашрларга обуна “солиғи” солинар эди.

Британиялик профессор Кристиан Ласслетт суриштирувларидан бирида ўтмишда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси матбуот хизматини бошқарган Комил Аллламжонов таъсис қилган “Солиқ инфо” хусусий нашрининг солиқ тизими ходимлари¸ қолаверса¸ тадбиркорларга мажбуран сотилгани батафсил тафтиш қилинди. Суриштирувда бугун ўзини мустақил матбуот ҳомийси сифатида тақдим этаëтган Комил Алламжоновнинг¸ айнан ўз газетасининг давлат босими воситасида мажбуран сотилгани ортидан бойигани айтилди.

Каримов давридаги мажбурий обунанинг асосий юки ўқитувчиларга тушар ва улар қўлига ҳам олмайдиган нашрлар обунаси учун ойлигидан “ўлпон” ундирилар эди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин мажбурий обунага нисбатан эътирозлар очиқ айтила бошлагани ортидан¸ президент 2018 йил 14 августидаги 3907-сонли қарори билан ўқитувчиларни мажбурий обуна қилдиришни тақиқлади.

Бу қарорнинг 16-моддасида “халқ таълими ходимларини уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш тақиқлансин”¸ деб ëзилган.

АОКА обуна мажбурийлигини инкор қилди

Президент Администрацияси ҳузуридаги АОКА матбуот хизмати президент қарори асосида бораëтган мажбурий обуна кампаниясига агентликнинг алоқаси борлигини рад этди.

Гап қарор эмас, Бош вазир йиғилиши ҳақида. Бош вазир йиғилишида шунақа топшириқ берилувди. Улар агентликдан умумлаштирилган маълумотни бизга киритинглар деб сўраган. Ўша маълумотни бизга берсанглар¸ биз уни юқори турувчи органга берамиз дейилган. АОКАни мажбурий обунага умуман дахли йўқ, ва умуман хатда кимнидир обуна қилдиринглар деган гапни ўзи йўқ”¸ деб жавоб берди АОКА матбуот хизмати мулозими Озодликнинг 4 декабрь кунги саволига.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги президент қарорида тақиқланганига қарамай, ўқитувчиларнинг яна мажбурий обуна кампанияси нишонига айлангани ҳақидаги саволларни ҳозирча жавобсиз қолдирди.

“Мажбурий обунага йўл қўйилмаслиги ҳақида доим таъкидлайди, вазир ҳам¸ вазирлик ҳам” деган вазирлик Ахборот хизмати масъули¸ўқитувчиларнинг обунага мажбурланаётганини тасдиқловчи Озодлик тақдим этган ҳужжатларга муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG