Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:52

Олимлар музда сақланган мамонт ҳужайраларини қисман тирилтиришга муваффақ бўлди


Японияда бир гуруҳ олим 28 минг йилдан бери музлоқ ичида сақланган мамонтдан олинган ҳужайраларни сичқон ҳужайралари ёнига қўйиб, уларни ҳаракатлантиришга муваффақ бўлди. Аммо яқин орада тирик мамонт кўришга умид қилмаса ҳам бўлади.

Тажриба давомида 2011 йилда Сибирдаги абадий музлоқда топилган мамонт ҳужайралари ядроларидан фойдаланилган.

Хусусан, мамонт ҳужайралари ядролари сичқон тухум ҳужайралари ичига киритилган. Уларнинг бештасида ҳужайра бўлинишидан олдин содир бўладиган биологик реакция кузатилган. Аммо уларнинг бирортасида мамонтни қайта яратиш учун керак бўладиган тўлиқ ҳужайра бўлиниш жараёни кузатилмаган.

Тажрибада қатнашган Киндай университети ходими Кей Миямото AFP агентлигига берган интервьюсида:

- Тажрибамиз шунча йил ўтган бўлишига қарамасдан, ҳужайра фаолияти ҳануз содир бўлиши мумкинлигини, уни қисман қайта йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатади, - деди.

- Бугунга қадар изланишлар топилмалардаги ДНКларни анализ қилишга ҳамда улар ҳануз фаолият кўрсата олиши ёки йўқлигини аниқлашга бағишланиб келаётган эди, - дея қўшимча қилди у.

Тажриба натижалари ҳақида ўтган душанба куни Scientific Reports журналида мақола чоп этилди.

Миямото ўтказилган тажриба йўқ бўлиб кетган организмларни қайта тирилтиришга умид бағишламаслиги ҳақида огоҳлантирди.

- Биз ҳужайраларга катта зарар етганини аниқладик. Ҳужайра бўлинишини кузатишга муваффақ бўлолганимиз йўқ. Мамонтни қайта тирилтиришимизга ҳали анча бор, деган бўлардим, - деди олим.

Киндай университети бошқа япон ҳамда рус университетлари билан ҳамкорликда мамонтни ўрганиб чиқиш ҳамда балки уни клонлаштириш устида ишламоқда. Олимлар, шунингдек, қадимий жониворни ҳаётга қайтаришнинг бошқа йўллари ҳақида ҳам бош қотирмоқда.

- Бизга янги технологиялар керак. Турли услубларни синаб кўрмоқчимиз, - дея сўзни якунлади Миямото.

XS
SM
MD
LG