Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 05:56

Ковид-марказлар ёпилмоқда. Шифокорлар кейинги тақдиридан хавотирда


Тошкент шаҳрида COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Зангиота-2 юқумли касалликлар шифохонасида беморлар сони 65-70 фоизга тушган.

Аммо шифохона маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, ҳозир шаҳардаги бошқа тақсимлаш-тарқатиш марказлари ёпилгани боис бу муассасада кунлик қабул ҳануз кескин озайиб кетгани йўқ.

Шифохонада ишлаётган тиббиёт ходимлари эса, "беморлар озая бошлади" деган важ билан уларнинг ноябрь маошини тенг ярмига кесиш ҳаракати бошланганидан норози бўлмоқда. Айтишича, улар бу ойда тўлиқ ишлашган.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида коронавирус билан касалланган ёки касаллангани гумон қилинаётган беморларни қабул қилиш ва тақсимлаш учун очилган “Ўзэкспормарказ”нинг 2 та йирик бўлими ёпилиши кутилмоқда.


Зангиота шифохонаси

Коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган махсус “2-сон Зангиота шифохонаси”да ишлаётган шифокорга кўра, бу ердаги беморлар сони 30-35 фоизга камайган.

Мутахассислиги оториноларинголог (ЛОР) бўлган бу тиббиёт ходими айни шифохонада август ойидан буён ишлаётганини айтади.

“Ҳозир бизнинг бўлимдаги беморлар сони 65-70 фоизга тушган. Фақат кейинги бир ҳафта ичида озгина ўсиш кузатилди, бу менимча Тошкентдаги ковид марказлар ёпилиб, беморлар бизга жўнатилгани билан боғлиқ. Аслида, беморлар сони ноябрь ойи ичида камайиб келди”, - деди исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка гапирган шифокор.

2 мингдан ортиқ бемор ўрни ҳозирланган Зангиота-2 шифохонасида ишлайдиган яна бир врачга кўра, ҳозир бу масканга кунига 40-50 нафардан бемор келтирилмоқда. Бу врач ҳам беморлар сони озаяётгани, аммо шифохона аввалги тартибда тўла қувват билан ишлаётганини айтди.

Аммо Зангитота-1 ва Зангиота-2 юқумли касалликлар шифохоналарида ходимларни қисқартириш жараёни ҳануз бошланганича йўқ.

Зангиота-2 юқумли касалликлар шифохонаси бош врачининг тиббий масалалар бўйича ўринбосари Нурилла Тожиддиновга кўра, бу ерда доимий ишга олинган тиббиёт ходимларини "қисқартириш масаласи кун тартибида йўқ".

Аксинча, масъулга кўра, бу маскан инфекцион касалликларга мўлжалланган шифохона тарзида фаолиятини давом эттиради, 4 декабрда эса хирургия бўлими ҳам очилган.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00


Аммо ЛОР шифокорига кўра, муассасада вақтинча ишлаётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини қисқартириш ҳаракатлари бошланган.

Унинг айтишича, шифохонада коронавирус беморларини даволаётган тиббиёт ходимларининг айримлари билан октябрь ойида меҳнат шартномаси имзоланган.

“Декабрдан бизни икки кунда бир – 8 соатлик иш режимига қўйишди. Тушунарли, беморлар сони оз, декабрь учун эътироз йўқ. Аммо ноябрь ойида биз тўлиқ ишладик. Беморлар сонига қарамасдан, ҳар куни 8 соатдан 3 сменада. Ҳозир шу иш табелларини қабул қилишмаяпти. Шунга аксар коллегаларда эътироз бор. Лекин касалхонада беморлар сонининг озаяётгани бошқарувда ўтирган раҳбарларнинг ойлигига таъсир қилмаяпти, қизиғи. Уларда ойлик озаймади”, - деди врач.

У Озодликка ўзлари билан имзоланган меҳнат шартномаси нусхасини ҳам йўллади.

Унда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган махсус “2-сон Зангиота шифохонаси”да ишга олинаётган тиббиёт ходими билан шартнома муддати “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари расман тўхтатиладиган кунга қадар” деб белгиланган.

Иш ҳақи миқдори эса “штатлар жадвалига мувофиқ белгиланган миқдорда тўланади (иш ҳақи миқдори қонун ҳужжатларига асосан ўзгариши мумкин)”, дея қайд этилган.

Озодлик шифохонада вақтинча ишлаётган тиббиёт ходимларига берилаётган маош ва уларнинг кейинги тақдири борасида бош врачдан изоҳ олишга уринди. Аммо шифохона маъмурияти унинг беморлар кўриги билан банд эканини айтди.

“Ўзэкспормарказ”

Пойтахтда коронавирус беморларини қабул қилиш ва тақсимлашга мўлжалланган йирик муассаса - “Ўзэкспормарказ” масъулларидан бирига кўра, бу ерда ҳам 4 та блокдан 2 таси – Тошкент шаҳридан борган беморларга мўлжалланган 3 ва 4-блокларни 10 декабрдан ёпиш режаси бор.

“Шунақа ҳозирлик бор. 1 ва 2-блоклар очиқ қолади, 3 ва 4-блоклар 10 декабрдан ёпилиши мумкин, деган. Лекин вазият кун сайин ўзгариши мумкин. Шунинг учун аниқ шу куни ёпилади, дейиш қийин. 1 ва 2-блоклар Мудофаа вазирлигига қарайди, у ерга қанча бемор келяпти, ўзи қанча бемор қолди – бу ҳақда ҳатто мен ҳам билмайман”, - деди марказнинг исми очиқланмаслигини истаган масъул ходими.

Зангиота-2 шифохонасида ишлаётган ЛОР врачнинг айтишича, ҳозирча Тошкент шаҳри ва вилоятидаги беморлар учун иккита муассаса – Зангиота махсус шифохонаси ва “Ўзэкспормарказ” тақсимот марказини очиқ қолдиришга қарор берилган. Аммо бу маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Пандемиядан сўнг

Зангиотадаги махсус шифохонада вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шифокорлар бу ердаги иши тўхтагач, аввалги доимий иш жойига қайтишларини айтмоқда.

“Мен Тошкентдаги шифохоналардан бирида ойига 1 миллион 800 – 2 миллион 300 минг сўмлик маошга ишлаётган эдим. Ҳақиқатда маош жуда кам, иш куни узун эди. Бу ерда ҳам тўлиқ ишладик, врачлар, 25 миллион сўмдан ойлик олдик. Энди пандемия тугаса, эски ишимга қайтаманми ёки мен ҳам четга иш излаб кетаманми - ҳозир ўйланиб турибман”, - дейди ЛОР врач.

Республиканинг бошқа ҳудудларидаги вақтинчалик марказларда ишлаётган тиббиёт ходимлари ҳам аввалги иш жойига қайтарилган.

Жумладан, Наманган вилояти марказий шифохонасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими ҳар бир вилоятда COVID-19 беморларини даволаган шифокорларнинг рўйхати тузилганини билдирган эди:

“Ковитолог сертификати берилган врачларнинг ҳаммаси махсус рўйхатга олинган, зарурат бўлиши билан яна ишга қайтарилади. Ҳозир улар ўзлари доимий ишлаган шифохоналарга қайтарилган”.

Аммо бу марказларда иш бошлагунгача ишсиз бўлганлар - кўпроқ кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари яна ишсиз қолиши мумкин. Уларнинг кейинги тақдирига оид ҳозирча Озодликда бирор расмий маълумот йўқ.

Ковид марказлари ёпиляпти

Ўзбекистондаги COVID-19 марказлари ва коронавирус юққани гумон қилинган беморларни қабул қилиш-тақсимлаш марказлари ноябрь ойидан ёпила бошлади.

Хусусан, Тошкентда ковид марказлари ёпила бошлагани ҳақидаги илк расмий баёнот 24 ноябрда берилган.

Шайхонтоҳур тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев 505 ўринлик «Ёшлик» спорт мажмуаси ва 1008 ўринлик “Атлас” ковид маркази ёпилганини маълум қилган.

Бундан сал аввал, 17 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус беморлари учун мўлжалланган шифохоналар тўла қувват билан ишламаётганини танқид қилган ва бу муассасаларни оптимизация қилиш ҳақида кўрсатма берган эди.

Ўша кунги видеоселектор йиғини ҳақида хабар қилган президент матбуот хизмати “Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган”и, ўша кезда бу ўринларда “6 минг 570 нафар бемор” даволанаётганини билдирган.

“Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди”, дея хабар қилганди президент матбуот хизмати.

Расмийлар марказлар вақтинча консервация қилинаётгани, тиббиёт ходимлари ҳам зарурат туғилганда, дарҳол қайтиш шарти билан доимий иш жойига қайтарилаётганини билдирмоқда.

Тиббиёт ходимларига кўра, касаллик тарқалишининг пастлаши коронавирус юқиш занжирининг узилиши ҳамда аҳолининг катта қисмида иммунитет шаклланиб улгургани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

ССВ берган расмий маълумотга кўра, 6 декабрь ҳолатига Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 74 053 нафарни ташкил этган, тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2127 нафар бемордан 179 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аммо уй шароитида ўзини ўзи даволаётган беморлар сони ҳақида расмий маълумот йўқ. Тиббиётчилар бундай беморлар сони, расман қайд этилганларидан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, демоқда.

XS
SM
MD
LG