Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

OzodTarmoq: Ажойиб конституция нега ишламаяпти?


8 декабрь куни Ўзбекистонда мамлакат конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги тантанали маросим ва президент маърузаси билан нишонланди.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқаган "табриклар"дан бирида ўзбекистонликлар бир-бирини кинояли тарзда "ишламаëтган конституция куни" билан табриклади.

Мустақил журналист Бобомурод Абдулла Facebook саҳифасида конституциянинг нега ишламаëтгани¸ унинг "ишлаб кетиши" учун нималар қилиниши лозимлиги ҳақидаги баҳсга қўшилди.

*************************************************

Кўпчилик ажойиб деб айтаётган Конституциямиз қабул қилинган кун Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери 27 маротаба нишонланибди. Худо кўрсатмасин, келаси йили республикамиз ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириб, ўз мустақиллигини Россияга қайтариб берса...

Ҳа, қайтариб берса! Чунки аслида 1991 йили мустақилликни Россия президенти Борис Ельциндан шунчаки совға тариқасида олганмиз. Болтиқбўйи республикалари халқларига ўхшаб, мустақиллик учун кўчаларга чиқмаганмиз, бурнимизни қонатмаганмиз. Референдумда: “Мустақиллик керак эмас! СССР керак!” - деб овоз берганмиз...

Чалғиб кетдим. Демак, 2020 йили ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириб, мустақиллигимизни қўш қўллаб Россияга қайтариб берсак ҳам, Конституция куни бизда яна 27 марта нишонланса керак.

Аминман-ки, яна 27 йилдан кейин ҳам маддоҳлар ишламайдиган Қомусимизни эскирган қолипдаги иборалар билан мақташади. Моддаларидан иқтибос келтиришади, дунё стандартларига мослиги ҳақида сафсатабозлик қилишади.

Лекин ўшанда ҳам маддоҳлар бу Конституция ишламаётганлиги ҳақида оғиз очишмайди. “Конституциямиз шунчалик зўр бўлса, у нега ишламаяпти?” – деган саволни ўртага ташлашга, “кўчинский”ларнинг тили билан айтганда, уларнинг “дух”и етмайди. Ақллари ҳам етмайди.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ажойиб Конституциямиз нега ишламаяпти?

ЎзА журналисти Анора Содиқованинг Facebookдаги “Конституциямизни кишанланган шерга ўхшатаман” мазмунидаги пости остига шу саволни яқинда ташлаган эдим. Икки-уч кун ўтди. Вариантлар берилди. Лекин тўғри жавоб берилмади.

Конституциямизни “паралич” ҳолатида ушлаб турган икки муҳим нуқтаси бор. Ўша икки жойи ўзгартирилса, Конституция ишлаб кетади. Шу ҳолатида ҳам ишлаб кетади.

Биринчи нуқта, сиёсий партиялар, парламент ва президентлик сайловлари билан боғлиқ. Конституциямиз ишлаб кетиши учун сиёсий партияларни ташкил қилиш ва рўйхатга олиш шартларини енгиллатиш (масалан, партияни рўйхатга олиш учун ўн минглаган имзо эмас, атиги 100 имзо ҳам етарли қилиб қўйиш) ва уларнинг парламент ҳамда президентлик сайловларида эркин (ҳеч қандай чекловларсиз) иштирокини таъминлаш керак. Бундан ташқари, ҳам парламент, ҳам президентлик сайловларида партиясиз номзодларнинг иштирокига рухсат бериш керак.

Иккинчи нуқта эса Бош прокурор, Олий ва Конституцион суд раисларини тайинлаш тартиби билан боғлиқ. Ҳозирги Конституцияга кўра, уларнинг уччаласини ҳам президент, яъни ижроия ҳокимияти тайинлайди. Аслида эса Бош прокурор, Олий ва Конституцион суд раисларини мухолифат иштирокидаги эркин ва шаффоф сайловлар орқали ташкил қилинган парламент тайинлаши керак.

Қонунни парламент қабул қиладими, демак, қонун ижросини назорат қилувчи институтларнинг раҳбарларини ҳам парламент тайинлаши керак. Ижроия ҳокимияти эмас. Шунда “заказной” жиной ишлар, терговлар ва ҳукмларга барҳам берилади. Тарихга назар ташланг: ҳамма замонларда, ҳамма мамлакатларда “заказной” жиноий ишлар, терговлар ва ҳукмлар ижроия ҳокимияти ташаббуси ва талаби билан амалга оширилган. Прокурорни, суд раисини ижроия ҳокимияти тайинласа, шундай бўлаверади.

Бу икки нуқтага яна шуни қўшимча қилишим мумкин-ки, кучишлатар тизимлар фақат ижроия ҳокимиятининг қўлида эмас, парламент қўлида ҳам бўлиши керак. Яъни кучишлатар вазирликлар парламент ва президент ўртасида тенг тақсимланиши керак. Конституцияда уларнинг иккаласига ҳам ўзларининг манфаатлари учун янги (бу мувозанатни бузувчи) кучишлатар идора ташкил қилишни таъқиқлаш керак. Парламент тасарруфидаги кучишлатар вазирликлар нафақат парламентни, балки мустақил Бош прокуратура, Олий ва Конституцион судларнинг ҳам қалқони бўлади.

Парламент минг адолатли ва халқчил бўлсин, лекин унинг орқасида фақат унга бўйсинадиган кучишлатарлар бўлмаса, парламент, прокуратура ва судлар бутун кучишлатарларни ўз қўлига тўплаган авторитар ва адолатсиз ижроия ҳокимияти томонидан янчилади, қаматилади ва қувилади. Руцкой ва Хасбулатовлар раҳбарлигидаги Россия давлат Думасини (парламентини) президент Борис Ельцин тўплардан ўққа тутгани эсингиздами? Нега шундай бўлди? Чунки бу парламентнинг тасарруфида кучишлатар вазирликлар йўқ эди.

Сиёсий барқарорликнинг ва барқарор ривожланишнинг негизи кучишлатар идораларнинг сонини кўпайтиришда эмас, уларни президент ва (эркин сайловлар орқали шакллантирилган) парламент ўртасида тенг тақсимлашдадир.

Ҳозирча шу.

Конституцияга оид таклифларимни яна бериб боришга ҳаракат қиламан".

***********************************************************************

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG