Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2024, Тошкент вақти: 16:37

"Одоб ва исломий тарбия доирасида". Кавказда онлайн никоҳ агентликлари оммалашмоқда


Грознийдаги йигит ва қиз. Иллюстратив сурат
Грознийдаги йигит ва қиз. Иллюстратив сурат

Шимолий Кавказда ўзига жуфт топиш учун никоҳ агентликлари хизматларидан фойдаланаётган мусулмонлар тобора кўпаймоқда. Instagram’да бир қанча “совчилар” профиллари ишлаб турибди – гарчи ижтимоий тармоқ Россияда тақиқланган бўлса-да.

Кавказ.Реалии нашри мухбири Кавказда никоҳ қуриш учун танишув институти қанчалик ўзгаргани ва оила қуришга кўмаклашувчи агентликларга ислом динининг муносабатини ўрганди.

Доғистонда туғилган 24 ёшли Фотима ва москвалик инженер, 34 ёшли Магомед Instagram’даги никоҳ агентликларидан бири ёрдамида танишганлар. Университетни қизил диплом билан тамомлаган Фотима узоқ вақт ўз дунёқараши ва ҳаётий мақсадларига мос инсонни учрата олмаганини айтади. Қиз ўқимишли ва муваффақият қозонган, айни чоғда тақволи мусулмон билан турмуш қуришни истаган экан.

“Бир куни дугонам Instagram’даги мусулмонча никоҳ саҳифасида рўйхатдан ўтишни таклиф қилди: саҳифада йигит-қизлар ўз таржимаи ҳолларини ва келажакдаги орзу-ниятларини бўлишишар экан. Аввалига жиддий қабул қилмадим, лекин кейин ўйлаб кўргач, таваккал қилишга қарор қилдим”, дея эслайди Фотима.

Қирғизистон мадрасаларида қизлар қандай таълим олади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:57 0:00

Шундай қилиб, Фотима анкета тўлдириб, ўз қизиқишлари, дунёқараши ҳақида ёзади. Қариндошлари кўриб қолишидан қўрқиб суратини эълон қилмайди, чин исмини ҳам яширади. Бир ҳафталар ўтиб Магомед унга ёза бошлайди. “У жуда зийрак ва тарбияли суҳбатдош чиқиб қолди. Мақтанмас, эркаклигини пеш қилмас, камтар эди, энг муҳими – мақсадларимиз уйғун эди”, дейди Фотима.

Фотиманинг қариндошлари тўйга рози, яқинда икки ёшни маҳаллий расм-русумга биноан унаштириб қўйишди. Бироқ қиз уларга қандай танишганларини айтмаган. Фотима бунга шундай изоҳ беради: “Оиламиз жуда эскича. Куёв билан никоҳ агентлиги орқали танишганим отамга ёқмаслиги аниқ, шунинг учун билишлари шарт эмас”.

VIP-пакет

“Instagram’да никоҳ қуришни истовчиларга кўмаклашувчи лойиҳани топганимдан сўнг узоқ иккиландим: бу ерда бари жиддийлигига, шу йўл билан ҳақиқий умр йўлдош топиш мумкинлигига ишонгим келмади, – дея ҳикоя қилади 25 ёшли Амина. – Лекин барибир аъзо бўлишга қарор қилдим, чунки менга маслаҳат берган қиз ана шу пабликда ўзига эр топган эди. Дастлаб шунчаки куёвларнинг анкеталарини кўриб чиқдим, баъзилари маъқул бўлди, бир нечаси билан ёзишдим ҳам, лекин кўнглимдагиси учрамаётганди”.

Амина танлаган агентлик ўзини “халқаро миқёсда ишловчи агентлик” деб атайди, лекин уни Шимолий Кавказлик аёл юритади ва обуначиларининг аксари ҳам шу минтақадан. Лойиҳада икки тариф мавжуд: “стандарт” ва VIP. Биринчи пакет суратларсиз, фақат анкета маълумотлари базасига “доступ беради”.

“Бунақа шароитда эркак киши ўзига хотин танлай олмайди, – дейди Кавказ.Реалии суҳбатдоши. – Аммо VIP пакет буткул бошқача: унда менежерлар талабгорга ўз жуфтини топгунича роса ёрдам беришади, унга олдиндан белгилаган мезонлар бўйича номзодлар қидириб, анкета ва суратларни жўнатаверишади”.

Амина айтишича, VIP пакети нархи қарийб 100 минг рубл. Пулни ҳамиша эркак киши тўлайди, лойиҳада қатнашиш аёллар учун текин.

“Очиғи, биров мен билан қизиқади деб ўйламагандим, чунки ислом динига яқинда кирганман, миллатим рус, ажрашганман, унчалик ёш ҳам эмасман. Аммо асли қозоғистонлик бир йигит мени ёқтирди, шундан сўнг бизга WhatsApp’да гувоҳлар иштирокида гаплашиб олишимизга шароит қилиб беришди”, давом этади Амина.

Гувоҳлар дегани – лойиҳанинг ишончли вакиллари: улар ёшларни суҳбатига қўшилишмайди, лекин чатдаги ёзишмаларини кўриб туришади. “Биз “шахсий”га ўтиб гаплашсак ҳам бўларди, аммо қоидаларни бузишни хоҳламадик”, дейди қиз.

Аминага кўра, бўлғуси эри бошқа агентликларга ҳам мурожаат қилган, лекин улар олган пулларига лойиқ хизмат кўрсатишмаган экан.

Имомларга тармоқда чиқиши тақиқланди, "лайк" босиш ҳам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:53 0:00

Танишганларидан уч кун ўтиб куёв уйланишга аҳд қилганини айтади ва қиз билан юзма-юз учрашиш учун Россияга учишини маълум қилади. Уч ҳафтадан сўнг у келади ва Аминанинг ота-онасидан қизни ўзи яшаб турган Саудия Арабистонига олиб кетишга рухсат сўрайди. Аминанинг Россияда ўз бизнеси бўлиб, ташлаб кетиш оғир ботарди.

“Бироқ оила мен учун моддий нарсалардан қийматлироқ, шу боис эримнинг ёнида бўлиш учун дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам кетишга қарор қилдим. Арабистонда у мени бир ижара уйга жойлаштирди, тўйгача алоҳида-алоҳида яшадик”, дейди қиз.

Ёшлар никоҳ ўқитишган, энди келиннинг Саудия Арабистонида яшашини қонунийлаштириш учун никоҳларини расман қайд эттиришни режалашмоқда.

“Камтар” келинлар ва “масъулиятли” куёвлар

Instagram’да “никоҳ” деб сўров берсангиз, никоҳ хизматларини таклиф қилувчи бир талай пабликлар чиқиб келади. Кавказ.Реалии сайти улардан айримларини таҳлил қилди. Жуфт топишга талабгорлар ўзлари ҳақида асосан бир хил маълумотларни беришар экан: бўй, вазн, миллий мансублик, яшайдиган мамлакати ва шаҳри, феъл-атвори, касби. Шундан сўнг алоҳида қаторда – ўзлари истаган инсон тавсифини келтириб, бўлғуси жуфтига нималар бера олишини ёзишади.

Дарвоқе, аёллар ўз анкеталарида “ҳижобдаман” ёки “ҳижобли эмасман”, “бўлғуси эрим хоҳлаган тақдирда ҳижоб кияман (ёки киймайман)”, “намоз ўқийман (ёки ўқимайман)”, “кўпхотинлиликка тайёрман (ёки тайёр эмасман)” дея қайд этадилар. Баъзи қизлар “фақат иккинчи хотин бўлмоқчиман”, деб рўй-рост ёзишади. Кавказ.Реалии илгари Чеченистонда шунақа тенденцияни кузатганини урғулайди. Экспертлар фикрича, бунинг сабаби одатда иккинчи хотинлар рўзғор ишлари билан шуғулланмай, “ўз ҳузурича яшашида” экан. Эрнинг ота-онасига қараш, овқат, супур-сидир катта хотиннинг гарданида бўлади, дейишади.

Айни чоғда, иккинчи хотин қидираётган эркаклар анкеталари ҳам учрайди. Қизиғи, аксарида талаб бир хил: келин бўлмиш – талабгор тез-тез хизмат сафарига бориб турадиган шаҳарда яшаши лозим. Катта эҳтимол билан, бу эркакларга иккинчи хотинни биринчисидан яшириш учун керак. Айрим ҳолларда келинни – потенциал куёв эмас, унинг қариндошлари излайди.

Миллий мансублик кўпинча муҳим ҳисобланмайди, лекин “фақат ўз миллатимдан бўлсин” ёки “одатларимизга қатъий риоя қиладиган келин керак” деб ёзилган анкеталар ҳам учраб қолади, албатта.

Ёш талаби – 18 ва ундан юқори. Асосан илгари турмуш қурмаган келинларни қидиришади, аммо бева, ҳатто болали аёлга уйланишга рози эркаклар ҳам оз эмас.

Анкета муаллифи билан фақат администратор орқали боғланиш мумкин. Талабгорларнинг телефон рақамлари осонликча берилмайди. Лойиҳа ташкилотчилари жуфт изловчилар фақат гувоҳлар иштирокида ва бир мартада фақат бир талабгор билан мулоқот қила олишини таъкидлайдилар. Ҳар бир жуфтликка тартиб рақами берилиб, шу рақам чат номи бўлади. Чатдан ташқарида гаплашиш, қўнғироқ қилиш қатъиян ман этилган. Амина айтишича, ушбу қоидалар юзма-юз учрашув босқичига қадар амал қилади. У ёғига масъулият – келин ва куёвликка талабгорларнинг ўзларига юклатилади.

Кавказ никоҳ агентликларида “камсуқум, итоаткор, тақволи” келинларни ҳамда “масъулиятли, худодан қўрқадиган, ўзига тўқ” куёвларни излашади. Аксар ҳолларда қизларнинг юзлари яширилган – Шимолий Кавказ республикаларида аёлларнинг ижтимоий тармоққа суратларини жойлашлари маъқул кўрилмайди.

“Отам билиб қолса, ранжиган бўларди. У яхши одам, лекин эскича тарбия кўрган, – дейди Фотима. – Бунақа иш қилган қизни қамаб қўядиган оилалар бор. Бу ҳар бир оилага боғлиқ, лекин, умуман, аёл кишининг ўзини бозорга солиши исломда ҳам, Кавказ одатларида ҳам раво эмас”.

Instagram’даги никоҳ агентликларидан бирининг администратори фикрича, ижтимоий тармоқлар орқали жуфт қидириш кенг тарқалаётганига сабаб одамларда бўш вақт қолмаётганидир. Россияда Meta (Facebook, Instagram) тақиқланганига қарамай, интернетда келин ёки куёв излаш тобора авж оляпти.

“Ҳар қандай меҳнатнинг ҳаққи бор, шу боис хизматларимиз пулли, аммо фақат эркаклар учун – бу маблағлар фаолиятимизни ривожлантиришга йўналтирилади”, дейди виртуал совчи.

Кавказ.Реалии суҳбатдоши бу йўл билан қурилган оилалар қанчалик мустаҳкам бўлади, деган саволга жавоб беришга қийналади. Бир оз ўйлангач: “Бу талабгорларнинг ўзига боғлиқ. Инжиқликлардан холи инсон қисқа вақтда ўзига жуфт топиши мумкин. Масалан, сўнгги бир ҳафтада уч эркак ва икки аёлдан ижобий жавоб олдик”, дейди у.

Боткенлик имомлар даъват учун креатив усулларни қўлламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00

“Одоб ва исломий тарбия доирасида”

“Илгари Кавказда йигит ва қизни келгусида оила қуришлари учун таништириб, топиштирадиган махсус аёллар – совчилар бўларди, – дейди ингушетиялик тадқиқотчи (репрессив қонунчилик туфайли Кавказ.Реалии унинг исмини очиқламаган). – Одатда бу иш билан обрўли, ҳурмат қозонган аёллар шуғулланишарди”.

Суҳбатдошга кўра, совчилар кўп ҳолларда ўқимишли аёллар бўлмаган, бироқ уларнинг роли маҳаллий одатларни, инсон психологияси ва муомала маданиятини чуқур билишни тақазо этарди. Оилавий анъана ва қадриятлар ардоқланадиган Кавказ жамиятларида совчиларнинг ўрни жуда муҳим бўлган.

“Совчи ёшларга ўзига мос жуфт топиб бериш учун уларнинг оилаларини яхши таниши, ижтимоий статуслари, дунёқарашлари ва бошқа муҳим жиҳатлардан хабардор бўлиши зарур эди, – тушунтиради тадқиқотчи. – Икки хонадон таклиф этилаётган никоҳга рози бўлган тақдирда совчи куёв бўлмишнинг онаси билан келиннинг уйига келар ва шундан сўнг ёшлар турмуш қуришарди”.

Суҳбатдош айтишича, ҳозирда бу йўсин танишувлар жуда камайиб кетган. Эркак ва аёллар ишхонада, ўқишда, ижтимоий тармоқларда ўзлари топишишмоқда. Қариндошларга эса номига совчиликка боришу тўй қилиб бериш қоляпти.

Собиқ имом Шомил Албаковга кўра, агарда “одоб ва исломий тарбия доирасида” мулоқот қилинадиган бўлса, дин ижтимоий тармоқларда никоҳ пабликлари ташкил этилишини ман қилмайди.

“Бу қайтага яхши, чунки ҳозирда энг кўп танишувлар ижтимоий тармоқларда бўляпти. Одамларга ўзига мос жуфт топишга ёрдам берадиган майдон бор экан, марҳамат, фойдаланаверишсин. Боз устига, бу иш барибир келин-куёвнинг қариндошлари орқали ҳал бўлар экан-ку”.

Бироқ никоҳ агентликлари қизнинг хавфсизлигига, айниқса ахборот хавфсизлигига ниҳоятда ҳушёр бўлишлари лозим, таъкидлайди Албаков.

“Эркаклар қиз билан мулоқотдан сўнг уни ҳаётига оид қандайдир маълумотни ошкор этиш билан шантаж қилиши ҳоллари кенг тарқалмоқда. Бунга йўл қўймаслик керак”, дейди у.

Чеченистонлик бир журналист Кавказ.Реалии билан суҳбатда айтадики, никоҳ агентликлари орқали чинакам оила қуриш имконсиз. “Ахир расмни истаганча ўзгартириш, таржимаи ҳол ва бошқа маълумотларни сохталаштириш мумкин-ку, – ажабланади суҳбатдош. – Бўлғуси жуфтинг кимлигини, қанақа оиладан чиққанини яхши билиш жуда муҳим. Шу боис юзма-юз танишиш ва гаплашишдан яхшиси йўқ”.

Амина диний анъаналар мусулмон қизларнинг эркаклар билан мустақил мулоқот қилиш имкониятларини чеклаб қўяётганини айтади. Кўп онлайн-танишув саҳифалари жиддий муносабатларга олиб келмайди, лекин никоҳ агентликлари ҳақиқий ва бир умрлик алоқаларни излаётганларни ўзига жалб этяпти, қўшимча қилади у.

“Бошида чўчиган эдим, ишонмагандим. Йўқ, яхши ниятларда, профессионал ташкил қилинган лойиҳа экан. Мен у ерда бахтимни топдим”, дея сўзини якунлайди Кавказ.Реалии суҳбатдоши.

Форум

XS
SM
MD
LG