Индонезияда террорчиликда гумон қилинган, асли ўзбекистонлик тўрт кишининг ҳибсга олиниши ва уларнинг қочишга урингани Жануби-Шарқий Осиёнинг радикаллашув хавфидан қанчалик ҳимоясиз эканини кўрсатади, дея огоҳлантирди душанба куни Сингапур ҳукумати.
Сингапур Ички хавфсизлик департаменти (ИХД) маълум қилишича, 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган тўрт нафар шахс Индонезия пойтахти Жакартада 24 март куни ҳибсга олинган.
Улардан уч нафари «Ал-Қоида» террорчи гуруҳига алоқадор “Катиба Тавҳид вал Жиҳод” (КТВЖ) жангари гуруҳининг жанговар тайёргарликдан ўтган аъзолари бўлса, тўртинчиси қолганларига моддий ёрдам ва қалбаки ҳужжатлар тайёрлашда ёрдам берган.
ИХДнинг террор таҳдидини баҳолаш бўйича йиллик ҳисоботига кўра, уч нафар гумонланувчи кейинчалик ҳибсхонадан қочиб, бир офицерни ўлдирган ва яна уч нафарини жароҳатлаган. Икки киши қочишга уринаётганда қўлга олинди, бир киши чўкиб кетди.
Минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият таҳлил қилинган ҳисоботда айтилишича, гумондорлардан бири Туркияда КТВЖга одам ёллаш ва жўнатиш билан шуғулланган.
Тўртовлон февраль ойида алоҳида-алоҳида Истанбулдан Абу-Даби ва Малайзия орқали Индонезияга етиб келган.
“Гумонланувчилар экстремистик тарғибот материалларини Индонезияда терактлар уюштириш учун ўзларига ҳамфикр бўлган индонезияликларни ёллаш мақсадида тарқатган”, дейилади ИХД баёнотида.
Хабар қилинишича, гумонланувчилардан бири қолган шерикларини мамлакатга сафарини осонлаштириш учун Ғарбий Ява штатидаги Бандунг шаҳрида индонезиялик аёлга уйланган.
ИХД маълумотларига кўра, ҳибсга олинганидан тахминан икки ҳафта ўтгач, уларнинг уч нафари 10 апрель куни Жакартадаги муҳожирлар ҳибсхонасидан қочган.
Қочиш чоғида улар тергов изоляторидаги омборхонадан пичоқ ўғирлашган, иммиграция хизмати ходимини отиб ўлдирган ва яна уч кишини яралаган, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.
Бу Исломнинг муқаддас Рамазон ойида эди.
Хабар қилинишича, гумонланувчилар ўзлари сақланаётган хона шифтини бузиб, саҳарлик қилаётган зобитларга ҳужум қилган.
Икки қочоқ полиция томонидан ушланган, учинчиси эса дарёга сакрагач, чўкиб кетган.
ИХД, пандемиядан кейин кўпчилик мамлакатлар трансчегаравий саёҳатга қўйилган чекловларни бекор қилгани сабабли, радикаллашганлар хориждаги можаро зоналарига бориш режаларини туза бошлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, 600 нафар жануби-шарқий осиёлик Суриядаги “Ироқ ва Шом исломий давлати” (ИШИД) террорчи гуруҳига алоқадор ва улар ўша ерда қолиши мумкин.
Бу одамлар машғулот ўташ учун у ерда бўлиши мумкин. Баъзилар ижтимоий тармоқлар орқали минтақадаги тарафдорлари билан боғланиб, ёрдам олади.
Форум