Эрдўғон: Нетаняҳу ҳарбий жиноятчи сифатида судланади
Туркия президенти Тойиб Эрдўғон 4 декабр, душанба куни Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган ҳужуми туфайли Бош вазир Бинямин Нетаняху ҳарбий жиноятчи сифатида суд қилиниши мумкинлигини айтди.
Истанбулдаги Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қўмитаси йиғилишида сўзга чиққан Эрдоған, Нетаняҳунинг экспансионистик сиёсат олиб бораётганини тан олганини, ҳозир Ғазони ҳимоя қилиш минтақадаги бошқа исломий шаҳарларни ҳимоя қилиш билан баробар эканини таъкидлади.
"Ҳозирда Ғазонинг жаллоди Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ҳарбий жиноятчи бўлишидан ташқари, худди Слободан Милошевич судланганидек, Ғазонинг жаллоди сифатида ҳам албатта судланади, деди Туркия президенти.
Ўнлаб йиллар давом этаётган можарога икки давлат томонидан ечим топиш тарафдори бўлган Туркия, 7 октябр куни Хамас ҳужумига жавобан Ғазо секторида бошлаган ҳарбий кампанияси учун Исроилни кескин танқид қилиб келмоқда.
Исроил Ғазо жанубига ҳужумни давом эттирди
Исроил армияси бош штаби бошлиғи Герци Ҳалевининг аниқлик киритишича, 2 декабр куни ҳарбийлар Ғазо секторининг жанубида қуруқликдаги операцияни бошлаган. Унинг сўзларини The Times of Israel нашри келтирган.
"Шиддат жиҳатидан бу шимолдаги операциядан кам бўлмайди ва натижаси ҳам кам бўлмайди. Ҳамас қўмондонлари ЦАХАЛ билан ҳамма жойда учрашади", деди Герци Ҳалеви.
Исроил ҳарбийлари уруш бошланганидан бери Ғазо секторига 10 мингга яқин ҳаво ҳужумини амалга оширди, деб хабар берди Исроил армияси матбуот хизмати.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Пентагон: Қизил денгизда АҚШ эсминецига ва фуқаролик кемаларига ҳужум қилинди
АҚШнинг USS Carney эсминеци ва бир нечта фуқаролик кемалари 3 декабрь куни Қизил денгизда ҳужумга учради. Бу ҳақда маълум қилган АҚШ Мудофаа вазирлиги қўшимча тафсилотларни очиқламади. Жумладан, бирорта кема жароҳатлангани, жабрланганлар ва ҳужумчилар тўғрисида маълумот йўқ.
ABC News телекомпанияси Оқ уйдаги манбаларга таянган ҳолда USS Carney камида иккита дронни уриб туширгани ҳақида билдирди.
Британия Денгиз савдоси агентлиги 3 декабрда Британиянинг тижорат кемаси Қизил денгиз ва Ҳинд океани туташадиган Баб ал Мандаб бўғозида дронлар ҳужумига учрагани тўғрисида хабар берди. Мазкур бўғоз Ҳиндистон ва Форс кўрфази давлатларидан Европага ва Европадан бу мамлакатларга Суваиш канали орқали юк ташишдаги муҳим сув йўлларидан биридир.
Кейинроқ Яманнинг бир қисмини назорат қилаётган хусий шиаларнинг «Ансаруллоҳ» гуруҳи вакиллари Қизил денгизда Исроилнинг иккита кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот берди. Гуруҳнинг билдиришича, кемалардан бирига баллистик ракета отилган, иккинчи кемага эса дронлар билан зарба берилган. «Ансаруллоҳ» АҚШ кемасига ҳужум қилингани тўғрисида баёнот бермади.
Эрон томонидан дастакланадиган исёнчи хусий шиалар гуруҳлари бундан аввал Исроилга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш доирасида Исроил ва унинг иттифоқчиларига қарашли кемаларга ҳужум қилишда давом этишини билдирган эди.
Reuters агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда Қизил денгиздаги ҳужумлар оқибатида Британиянинг иккита савдо кемаси зарар кўрганини маълум қилди. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
АҚШ вице-президенти Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларидан кейин вазминликка чақирди
Дубайда бўлиб ўтган иқлим муаммосига бағишланган CОР 28-анжуманида АҚШ вице-президенти Камала Харрис Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини айтди.
“Қўшма Штатлар позицияси аниқ - халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳурмат қилиниши керак. Жуда кўп бегуноҳ фаластинлик ўлдирилган. Френк, тинч аҳолининг азоб-уқубатлари ва Ғазодан келаётган тасвирлар ва видеолар ҳалокатли”.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг катта маслаҳатчиси Марк Регевнинг айтишича, Исроил Ғазо фуқароларининг ўзаро отишмада қолиб кетишини истамайди.
“Биз ғазоликлар ва тинч аҳолини Исроил армияси ва террорчилар ўртасидаги ўзаро отишмалардан ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Биз бу аҳоли сув, дори-дармон, озиқ-овқат, бошпана олиши учун ҳамма нарсани қиламиз”.
Регевнинг айтишича, уруш тугагач, Исроил ХАМАСнинг ўз чегарасида жойлашишига йўл қўймаслик учун махсус зоналар ва механизмларга эга “хавфсизлик қобиғи”ни қидиради.
Жанглар чоғида яраланган ғазоликлар Хон Юнисдаги касалхонага етказилган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги жума куни эрталаб сулҳ тугаганидан бери камида 193 фаластинлик ҳалок бўлгани ва 650 нафари яраланганини маълум қилди. Бу рақамлар уруш бошланганидан бери ўлган 15 000 дан ортиқ фаластинликлар ҳисобига қўшилган.
Исроил, Хамас билан билвосита музокаралар олиб бораётган гуруҳини Қатардан олиб чиққанини айтди.
Шу билан бирга, ҲАМАС раҳбари ўринбосарининг айтишича, ўт очиш тўхтатилиб, Исроилдаги барча фаластинлик маҳбус қўйиб юборилмагунча Исроил билан ҳеч қандай маҳбус алмашув бўлмайди.