Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2025, Тошкент вақти: 16:21

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

10:21 29.11.2023

ҲАМАС яна 12 кишини гаровдан озод қилди

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС радикал гуруҳи оташкесимнинг бешинчи куни – 28 ноябрда Қизил Хочга гаровдаги 12 кишини топширди. Улардан 10 нафари исроиллик аёл ва қиз ҳамда икки нафари Таиланд фуқаросидир.

Ўз навбатида Исроил ўз қамоқхоналаридан 30 фаластинликни – 15 аёл ва 15 ўсмирни озод қилди.

Ғазода ҲАМАС қўлида яна саккиз нафар бола гаровда қолмоқда.

Ғазода вақтинчалик оташкесим келишуви 24 ноябрда кучга кирган эди. Дастлаб оташкесим тўрт кун давом этиши белгиланганди. Бу вақт ичида ҲАМАС гаровдан 50 исроилликни ва 20 чет элликни озод қилди.

27 ноябрда оташкесим муддати яна икки кунга узайтирилди. Икки кун давомида кунига гаровдагилардан 10 нафарининг бўшатилиши эвазига Исроил 30 нафардан фаластинликни қамоқдан чиқаради. Шундан сўнг оташкесим яна икки кунга узайтирилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.

12:03 28.11.2023

Илон Маск антисемитизмда айблангани ортидан Исроилга сафар қилди

Жаҳоннинг энг бой одамларидан бири бўлган Илон Маск Исроилга сафар қилди. Маск Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашди ва Ғазога чегарадош бўлган Кфар-Аза шаҳарчасига борди. Бу шаҳарчага 7 октябрь куни АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ҳужум қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда зирҳли жилетлар кийган Маск ва Нетаняҳу АҚШ ва ЕИда террорчи сифатида тан олинган ҲАМАС ҳужуми оқибатларини кўздан кечираётгани акс этган фото ва видеолар тарқалди. Маск гаровга олинганларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Маск Исроил президенти Исаак Герцог ва мудофаа вазири Бен Ганц билан ҳам учрашади. Bloomberg агентлигининг ёзишича, Маск Ғазода гаровда сақланаётганларнинг вакиллари билан ҳам мулоқот қилади.

Хабарда таъкидланишича, Исроил ҳукумати Маск билан Starlink сунъий йўлдош алоқасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш юзасидан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Октябрда Маск Ғазога ёрдам кўрсатаётган ташкилотларга Starlink алоқасидан фойдаланишга рухсат бериши мумкинлиги билдирган эди. Бу баёнот Исроил ҳукумати томонидан кескин танқид қилинган.

Маск ўзининг антисемитизмда айбланаётгани фонида Исроилга сафар қилди. Маск эгалик қиладиган Х ижтимоий тармоғида фойдаланувчилардан бири яҳудий жамоатчилиги “оқ одамларга” нисбатан ҳам нафратни олға сураётгани ва айни пайтда ўзларига нисбабатан нафратни тўхтатишни талаб қилаётганлари тўғрисида пост қолдирган. Маск бу пост муаллифининг фикрига қўшилишини билдирган.

Шундан сўнг Х ижтимоий тармоғи билан йирик реклама берувчилар – Apple, Walt Disney, IBM, Sony Pictures ва бошқалар ҳамкорликни тўхтатган. Бунга жавобан Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.

11:26 28.11.2023
ҲАМАС гаровдан озод қилган Эмилия Хэнд отаси билан. 26 ноябрь, 2023 йил.
ҲАМАС гаровдан озод қилган Эмилия Хэнд отаси билан. 26 ноябрь, 2023 йил.

ҲАМАС гаровга олинганларнинг тўртинчи гуруҳини озод қилди

АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС Ғазода Қизил Хочга 7 октябрдаги ҳужум пайтида гаровга олинган исроилликлардан 11 нафарини қайтарди. Улардан икки нафари аёл ва тўққиз нафари бола. Мисрнинг Al-Cairo телеканалининг хабар беришича, бундан ташқари Таиланднинг гаровга олинган олти фуқароси ҳам озод этилди.

28 ноябрдаги сўнгги хабарларда айтилишича, ЦАХАЛ ҲАМАС гаровдан озод қилганлар Исроил ҳудудига олиб келинганини билдирди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Исроил 27 ноябрда 33 фаластинликни қамоқдан чиқарган. Уларнинг уч нафари Франция, икки нафари Германия ва олти нафари Аргентина фуқаролигига ҳам эга бўлган.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, ҲАМАС озод қилганларга алмаштирилган фаластинликлар 28 ноябрда Ғазо бўлгасига етказилади.

27 ноябрда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим яна икки кунга узайтирилгани ҳақида хабар берди. Расман билдирлишича, бу борада томонлар келишувга эришган. Бунинг эвазига ҲАМАС гаровга олинганлардан яна 20 нафарини озод қилади.

ҲАМАС расмий вакили Reuters агентлигига бу маълумотни тасдиқлади. Аммо Исроил томони ҳозирча бу борада расмий баёнот бермади. Аввал эришилган келишувга асосан оташкесим 28 ноябрга ўтар кечаси якунланиши лозим эди.

Исроил ҲАМАС билан бевосита музокаралар олиб бормаяпти. Музокараларда Қатар, Миср ва айрим ҳолатларда АҚШ воситачи бўлмоқда.

24 ноябрда кучга кирган тўрт кунлик оташкесим пайтида ҲАМАС уч кунда гаровга олинган 58 кишини озод қилди. Исроил қамоқлардан юз нафар фаластинлик аёл ва ўсмирларни бўшатди.

Исроил бир неча маротаба оташкесимни ҲАМАС билан сулҳ сифатида тушунмаслик кераклиги ҳақида баёнот берди. Исроил вақтинчалик оташкесимни гуманитар танаффус, деб атамоқда. Исроил армияси танаффус якунланиши билан Ғазода ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунича, ҳарбий амалиётларни давом эттиришини маълум қилган.

13:03 27.11.2023

Яман соҳиллари яқинида қароқчилар босиб олган Исроил танкери озод қилинди

АҚШ Ҳарбий денгиз флотига қарашли Mason кемаси 26 ноябрда Аден кўрфазида қароқчилар томонидан босиб олинган Исроил бизнесига тегишли танкерни озод қилди. Reuters агентлигининг билдиришича, танкер экипажи жабрланмаган.

Танкерни босиб олган беш киши қайиқда қочиб кетишга уринаётган пайтда АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган. Ҳужумчилар ҳақида қўшимча маълумотлар берилмаган.

Қароқчиларни таъқиб қилиш пайтида Яман ҳудудидан АҚШ ҳарбий кемаси ва Исроил танкерига иккита баллистик ракета отилган. Бироқ ракеталар мўлжалга етиб бормаган ва кемаларга зарар етмаган.

Исроилнинг Zodiac Maritime Ltd ширкати бошқарадиган Лондондаги компанияга қарашли Central Park танкери кимёвий моддалардан иборат юкни олиб кетаётган эди. Туркиялик капитан бошқарувидаги мазкур кема экипажи Россия, Вьетнам, Болгария, Ҳиндистон, Грузия ва Филиппин фуқароларидан иборат 22 кишини ташкил қилган.

Central Park танкери, Исроил ва АҚШ ҳамда ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан бери, Яқин Шарқ сувларида қароқчилар ҳужумига дучор бўлган иккинчи Исроил кемасидир.

Бундан олдин Яманда Эрон томонидан дастакланадиган хусий шиалар қуролли гуруҳи Қизил денгизда Исроилга алоқадор юк ташувчи кемани босиб олган эди. Бу ҳақда бир ҳафта аввал хабар берилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG