Гаровга олинганларнинг иккинчи гуруҳи озод этилди
Гаровга олинганларнинг иккинчи гуруҳи бир неча соатлик кечикишдан сўнг озод қилинди ва Исроилга етиб келди.
Ҳамаснинг қуролли қаноти 26 ноябр, якшанба куни аёллар ва болалар Қизил Хоч ташкилотига топширилаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Гаровга олинган 17 нафар шахс, жумладан, исроиллик аёллар ва болалар ҳамда таиландлик фермер хўжалиги ишчилари Ғазо урушидаги оташкесимнинг иккинчи кунида озод қилинди, дея хабар беради Қизил Хоч.
Исроил ҳукумати олти нафар кекса ёшли аёл ва етти нафар бола ва ўсмир Ғазода эллик кун асирда бўлиши ортидан шанба куни Ҳамас гаровидан озод этилганини тасдиқлади.
13 нафар исроилликдан ташқари Ҳамас етти нафар хорижликни озод қилади
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мажед ал-Ансорийнинг билдиришича, Ҳамас 13 нафар исроилликдан ташқари “кечқурун” етти нафар хорижий фуқарони Қизил Хочга топширади. Бунга жавобан Исроил 39 фаластинликни қамоқдан озод қилади.
Кечиктирилгандан сўнг, Қатар-Миср икки томоннинг алоқалари туфайли гаровга олинганларни озод қилиш йўлидаги тўсиқлар енгиб ўтилди ва бугун тунда 39 нафар фаластинлик озод қилинади, 13 нафар исроиллик ва гаровга олинган яна 7 нафар хорижлик озод этилади”, — деб ёзди ал-Ансорий Х тармоғида (собиқ Twitter) .
Қатар ташқи ишлар вазирлиги воизи: гаровга олинганларни озод қилиш муаммоси ҳал қилинди
Қатар ташқи ишлар вазирлиги воизи ҳамда Ҳамас билан музокараларга яқин бўлган юқори мартабали фаластинлик манбанинг Рейтер агентлигига айтишича, исроиллик гаровга олинганларни келишилган вақтда озод қилишга тўсқинлик қилган муаммо ҳал қилинган.
Манбага кўра, гаровга олинганлар, улардан 13 нафари озод қилинади (бундан аввал 14 исроиллик эди) улар кечқурун Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширилади.
Музокараларда воситачилик қилаётган Қатар ҳам бир неча дақиқа олдин ушбу гаровга олинганлар гуруҳини озод қилиш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланганини ва гаровдагиларни озод қилиш "бугун кечқурун" бўлиб ўтишини айтди.
Ҳамас матбуот котиби Усама Ҳамдан 25-ноябр, шанба оқшомида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Исроил сулҳ битимининг бир қисмини бажармагани ва Исроилнинг "бузғунчиликлари" ҳақида воситачиларни хабардор қилганини айтди.
У шунингдек, гуруҳ жума куни бошланган Миср ва Қатар воситачилигида эришилган сулҳга содиқлигини тасдиқлади.
Ҳамданнинг сўзларига кўра, жума кунидан бери Ғазога жами 340 та ёрдам юк машинаси кириб келган ва бу юк машиналарининг 65 таси Ғазо шимолига етиб борган - бу "Исроил билан келишилганидан ярмидан кам".
Ҳамас гаровга олинганларнинг навбатдаги гуруҳини озод этиш кечиктирилишини билдирди
Ҳамаснинг ҳарбий қаноти гаровга олинганларни озод қилиш кечиктирилганини эълон қилди ва Исроилдан гуманитар ёрдамнинг Ғазо шимолига киришига рухсат беришни талаб қилди.
Хамаснинг ҳарбий қаноти Исроил ёрдам юк машиналарини Ғазо шимолига олиб киришга рухсат бермагунча гаровга олинганларнинг иккинчи гуруҳини озод қилишни кечиктиришга қарор қилганини айтди.
Оташкесимнинг иккинчи кунида Ҳамас гаровидаги 14 исроиллик ва Исроил қамоғидаги 42 нафар фаластинлик озод этилиши кутилатганди.
Франс Пресс агентлигининг Исроил расмийларига таяниб хабар беришича, гаровга олинганларнинг иккинчи гуруҳи ҳақиқатан ҳам Қизил Хочга топширилмаган.