Озод этилиши керак бўлган гаровга олинганлар сони борасида номувофиқликлар юзага келди
Брифингларда бугун озод қилинадиган исроиллик гаровга олинганлар сони ҳақида турлича тахминлар айтилмоқда.
Баъзи исроиллик расмийлар бугун Ҳамас гаровидан озод этилиши керак бўлган исроилликлар сони аввалига 14, ҳозир эса 13 эканлигини билдиришмоқда.
Исроил қамоқхона хизмати бугун эрталаб 42 маҳбуснинг озод этилиши ҳақида баёнот берди ва Исроил армияси воизи бугун тушдан кейин Ҳамас 39 фаластинлик асир эвазига 13 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилишини айтди.
Миср хавфсизлик манбалари аввалроқ Ҳамасдан шанба куни озод қилинадиган 14 нафар гаровга олинган рўйхатни олганини маълум қилган эди.
Ҳаммаси бўлиб, тўрт кунлик оташкесим доирасида 50 нафар гаровга олинган тўрт гуруҳга бўлинган холда, Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 150 фаластинлик эвазига озод қилиниши керак.
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги оташкесим 1-2 кунга узайтирилиши мумкин
Миср расмийлари шанба куни Исроилнинг Ҳамас билан сулҳ муддатини бир ёки икки кунга узайтириши мумкинлиги ҳақида икки томондан ижобий сигналлар олганини маълум қилди.
Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар қилди.
Миср Давлат Ахборот Хизмати раҳбари Диаа Рашван ўз баёнотида мамлакат барча томонлар билан тўрт кунлик сулҳни узайтириш бўйича келишувга эришиш учун фаол музокаралар олиб бораётганини билдирди.
Бу эса Равшанга кўра, “Ғазодаги кўпроқ маҳбуслар ва Исроил қамоқхонасидаги фаластинлик маҳбусларнинг озод этилишини англатади”.
Ҳамас гаровга олган исроилликларнинг навбатдаги гуруҳи озод этилиши кутиляпти
Исроил расмийларининг айтишича, бугун Ҳамас билан сулҳнинг иккинчи куни гаровга олинган 14 нафар исроиллик 42 фаластинлик асир эвазига озод қилинади.
Рейтер агентлиги Миср шанба куни озод қилинадиган Ҳамас гаровидаги 14 кишининг рўйхатини олганини хабар қилди.
Кеча тўрт кунлик сулҳ доирасида 13 нафар исроиллик, 10 нафар тайландлик ва бир филиппинлик озод этилди. 39 фаластинлик Исроил қамоқхоналаридан озод этилди.
Вақтинчалик оташкесим шартларига кўра, жума куни эрталабдан бошланган жанговар ҳаракатлардаги тўрт кунлик пауза давомида жами 50 нафар исроиллик гаровдан озод этилиши керак.
Ҳамаснинг билдиришича, келишувга кўра, 150 нафар фаластинлик аёл ва ўсмир Исроил қамоқхоналаридан озод қилинади ва инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёқилғи ортилган юзлаб юк машиналари Ғазо секторига киритилади.
Исроилга ҳужум пайтида 240 га яқин киши гаровга олинган. Кеча АҚШ президенти Жо Байден ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилишини истисно этмади. Бундай ҳолда, кўпроқ гаровга олинганларни озод қилиш мумкин бўлади.
Ғазода оташкесим амалди, бўлгага инсонпарварлик ёрдамлари кирмоқда
Оташкесим кучга кирганидан бери Рафаҳ чегара пункти орқали Ғазога гуманитар ёрдамлар кирмоқда.
Қатар ва Миср воситачилигида Хамас ва Исроил чоршанба куни жума кунидан бошлаб тўрт кунлик гуманитар оташкесим тўғрисида келишувга эришдилар.
Келишувга кўра, сулҳ пайтида ҳар куни Ғазога 130 минг литр дизел ёқилғиси, инсонпарварлик ёрдамлари ортилган 200та юк машинаси киради.
Ўт очишни тўхтатиш бошланишидан олдин баъзи давлат расмийлари чегара пунктига бориб, вазиятни кузатди:
“Умид қиламанки, сулҳ кўпроқ ёрдам юк машиналари, гуманитар ва тиббий ёрдамлар етказилишига имкон беради”, деди Саудия Арабистони Қироллик маҳкамаси маслаҳатчиси Шайх Абдуллоҳ Ал Рабиа.
Айни пайтда Исроил ва Ҳамас келишуви доирасида гаровдаги 13 исроиллик жума куни озод этилди. Бу ўзаро алмашишнинг биринчи босқичи якунланди. Ҳамаснинг ҳарбий қаноти бўлмиш Ал-Қассам бригадалари 13 нафар исроилликдан ташқари 10 нафар Таиланд фуқароси ва бир нафар филиппинликни озод қилди.
Кечқурун 39 нафар фаластинлик маҳбусни олиб кетаётган автобуслар Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳри яқинида жойлашган Исроилнинг Офер қамоқхонасидан жўнаб кетди.
Келишувга кўра, Хамас Исроилда сақланаётган 150 га яқин фаластинлик маҳбуслар эвазига Ғазодан камида 50 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилади.
Бундан ташқари, сулҳ ярадорлар ва беморларни даволаниш учун ҳудуддан ташқарига кўчиришга ҳам рухсат берди.
Пайшанба куни Хамас матбуот бўлимининг маълум қилишича, 7 октабр куни бошланган можародан бери Ғазо секторида 14 854 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида 6 150 бола ва 4 000 дан ортиқ аёл бор, 36 000 дан ортиқ киши жароҳат олган.