Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2025, Тошкент вақти: 03:11

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

12:05 12.11.2023

Нетаняху: Ғазо тўлиқ қуршовга олинди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняхунинг айтишича, Исроил қўшинлари Ғазони қуршаб олишни якунлаган ва Ал Шифа касалхонаси яқинида жанг олиб бормоқда, касалхона ертўласида ХАМАС жангарилари мустаҳкамланиб қолган.

Шунингдек, у исроиллик қўшинлар “минглаб” жангариларни, жумладан, 7 октабр куни Исроилга ҳужумда иштирок этганларни ҳам йўқ қилганини айтди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Ливандаги Ҳизбуллоҳ шиа гуруҳини чегарада жангларнинг авж олишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди. Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида артиллерия алмашинуви бир ойдан бери давом этмоқда, бироқ гуруҳ ҳалигача Исроилга қарши кенг кўламли жанговар ҳаракатларга киргани йўқ.

Исроил ҳарбийлари ХАМАС қўмондони Аҳмад Сиамни ўлдирганини маълум қилди. Исроил Мудофаа кучлари ва мамлакат умумий хавфсизлик хизмати қўшма баёнотида айтилишича, Сиам аввалроқ “Рантиси" касалхонасида 1000 га яқин ғазоликни гаровга олган ва уларнинг хавфсизлиги учун жанубга эвакуация қилинишига тўсқинлик қилган”.

16:23 11.11.2023

"Чегара билмас шифокорлар" - Ғазода шифохоналар қабристонга айланади

Ғазодаги шифохоналар можаро марказида қолмоқда. Исроил уларнинг остида ХАМАС истеҳкомлари борлигини даъво қилмоқда ва уларни бомбардимон қилмоқда. Шифокорлар эса ўт очишни тўхтатишни ёки ҳеч бўлмаганда дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ва ходимларни етказиб беришни ташкил қилишни сўрамоқда.

"Бусиз қолган барча беморлар шунчаки ўлиб кетади ва шифохоналар қабристонга айланади", дейди "Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти координаторларидан бири доктор Муҳаммад Абу Муғайиб Би Би Си мухбирига.

Бир кун олдин Халқаро Қизил Хоч ва Американинг Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар ташкилоти ҳам бу ҳақда бонг урганди.

Ҳозир касалхоналар атрофида жанглар кетмоқда, Исроил танклари уларни қуршовга олган. Жума куни Ғазодаги энг йирик Ал Шифа касалхонасида портлаш бўлган, бир қанча одам ҳалок бўлганди.

Фаластин расмийларига кўра, сўнгги бир ойда Ғазода Исроил ҳужумлари оқибатида 11 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

16:14 11.11.2023

Ғазода 100 мингдан ортиқ аҳоли жанубга кўчган

Israel Palestinians
Israel Palestinians

Исроил армияси бош ҳарбий матбуот котиби контр-адмирал Даниел Ҳагарийнинг айтишича, сўнгги икки кун ичида Ғазо секторининг 100 000 дан ортиқ аҳолиси Исроил кучлари “Ғазо шаҳрида” амалиёт ўтказаётгани сабабли жанубга кўчган.

Жаноб Ҳагарий Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини, бироқ бундай ҳаракатлар вақт талаб қилишини айтди.

"Ғазода яшовчи аҳолининг кўчирилиши уюштирилган тарзда бўлмоқда, 100 000 дан ортиқ одам жанубга кўчиб ўтди. Охирги икки кунда. Бу бизга террорчиларга қарши самарали курашиш имконини беради.”, - деди Исроил расмийси.

Фаластин томонига кўра, Исроил кучлари жума куни бир нечта касалхонани ҳужумга тутган. Исроил эса касалхоналар остига Ҳамас қўмондонлик марказлари яширинганини билдирган.

16:10 11.11.2023

Ғазода тўртта шифохона атрофида жанглар давом этмоқда

Ал-Шифа касалхонасида бошпана олган ғазоликлар жума кунги ҳужум ортидан кўрпа-тўшагини кўтариб жанубга йўл олмоқда.

“Мен Ал-Шифа касалхонасида эдим. Энг хавфсиз жой шу касалхона бўлса керак деб ўйлагандим. Мени назаримда Ғазода хавфсиз жойни ўзи қолмади. Қаерга борамиз? Қаердан бошпана топишни ҳам билмаймиз”, - дейди ғазоликлардан бири.

Айни пайтда Ғазодаги камида тўртта шифохона атрофида жанглар давом этмоқда. Ғазо шаҳрида жойлашган Ал-Қудс шифохонаси ҳам ўраб олинган.

Исроил яна Ғазо шимолини жануб билан боғловчи асосий йўлни кун давомида бир неча соат очаётганини ва бу шимолдаги, жумладан, Ал-Шифо касалхонасидаги одамларнинг эвакуация қилишга имкон беришини айтган.

Фаластин расмийларининг айтишича, Исроил тиббиёт мажмуаларини ҳужумга тутган.

Тармоқда тарқалган видеоларда касалхоналар атрофида бир қанча ўлик ва ярадорлар, улар орасида болалар ҳам борлиги кўринади.

Фаластин расмийларига кўра, бир неча бошқа касалхоналар, жумладан, Индонезия касалхонаси ва Ғазо шимолидаги Рантисси болалар ва саратон касалхонасида ҳам портлашлар бўлган.

Исроил лекин тинч аҳолини нишонга олмаслигини ва уларга зарба бермаслик учун бор кучини сарфлаётганини такрорлади.

Исроил томонига кўра, Ҳамас жангарилари Ал Шифа ва бошқа шифохоналар остида қўмондонлик марказлари ва туннелларни яширган.

Тинч аҳолидан эса Хамас қалқон сифатида фойдланмоқда. Аммо, Ҳамас буни рад этади.

Фаластин расмийларининг айтишича, ҳаво ва артиллерия ҳужумларида Ғазода 11 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Уларнинг қарийб 40 фоизини болалар ташкил этади.

Ёрдам ташкилотлари эса Ғазодаги "аянчли" аҳволдан хавотирда.

Озиқ-овқат ва сув тугаяпти, беморларга тиббий восталар етишмаяпти.

Исроилнинг билдиришича, 7 октабр куни ХАМАС ҳужумига сабаб бўлган рейдда 1400 киши ҳалок бўлган, 240 га яқин одам эса тинч аҳоли эди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Ғазодаги 35 касалхонанинг қарийб ярми ҳужумга тутилган зарар ёки ёқилғи етишмаслиги сабабли ишламаяпти.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG