Украиналик аёл: Ғазода қолгим йўқ, уруш туфайли Украинага ҳам боргим йўқ
Украиналик Татяна Тапалова 9 ойлик чақалоғини қўлида кўтариб, 20 йилдан ортиқ вақтдан бери ўзи ватан деб ҳисоблайдиган Ғазонинг Рафаҳ чегара постида урушдан қутулиш имкониятини сабр билан кутмоқда.
Тапалова фаластинлик эрининг исми анклавни тарк этиши мумкин бўлганлар рўйхатида йўқлигини билгач, умидлари пучга чиқди.
"Бу менинг эрим, турмуш қурганимизга 23 йил бўлди, беш фарзандимиз бор, қандай қилиб у рўйхатда йўқ, ҳайронман? Бу оила. Нега улар бизнинг оиламизни ажратиши керак?”, дейди Татяна.
Миср хавфсизлик ва тиббий манбалари маълум қилишича, Ғазо секторидан чет эл паспорти эгалари ва даволанишга муҳтож фаластинликларни Рафаҳ ўтиш жойи орқали Мисрга эвакуация қилиш бир кунлик узилишдан сўнг пайшанба куни қайта тикланди.
Аммо Тапалованинг туғилиб ўсган ватани Украинага қайтиш нияти йўқ.
"Мен бир урушдан иккинчисига ўтишни хоҳламайман. Учинчи мамлакатга боришни хоҳлайман. Ғазода қолгим йўқ, уруш туфайли Украинага ҳам боргим йўқ", дейди Татяна.
1 ноябр куни Ғазодан Рафаҳ орқали эвакуация бошланган, 7000 га яқин хорижий паспорт эгалари, икки фуқаролик ва уларнинг қарамоғида бўлганлар, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлар Мисрга олиб ўтилди.
Рафаҳ, шунингдек, Ғазога гуманитар ёрдам юбориладиган ягона кириш нуқтасидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, чоршанба куни озиқ-овқат дори-дармонлари ва сув ортилган 106 юк машинаси Ғазога кириб борган. 21 октябрдан бери ёрдам юк машиналарининг умумий сони 756 тага етган.
Канада полицияси яҳудий мактабларидаги отишмаларни тафтиш қилмоқда
Канада полицияси чоршанбага ўтар кечаси Монреал шаҳридаги иккита яҳудий мактабида рўй берган отишмани тергов қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пайшанба куни Трюдо мактабларда содир бўлган воқеаларни "антисемитиз" сифатида қоралади ва канадаликларни бирдам бўлишга чақирди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, иккала мактаб ҳам ходимлари пайшанба куни эрталаб келганларида, олд эшикларида ўқ тешигини кўришган.
Жароҳатланганлар йўқ ва ҳодисаларнинг бир-бирига боғлиқлиги аниқ эмас.
Монреал полицияси ибодатхоналар ва бошқа муҳим жойларда хавфсизлик чораларини кучайтиради.
Торонтода полиция яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасида нафрат жиноятлари 7 октабр куни Исроилда Хамаснинг дастлабки ҳужумидан сўнг бир ой ичида икки баравардан кўпроққа ошганини хабар қилди.
Чоршанба оқшомида, отишмалардан бир неча соат олдин, Монреалдаги Конкордия университетида Исроил ва Ғазодаги можаронинг қарама-қарши томонлари ўртасида зўравон жанжал келиб чиққанди.
Ғазо шифохоналарида беморлар оғриқсизлантирувчи воситаларисиз муолажа қилинмоқда
Ҳамшира яраланган қизчанинг бош жароҳатини оғриқсизлантирувчи воситаларисиз тикяпти. Бола оғриққа дош беролмай йиғлаяпти.
Бир ой олдин Ғазода уруш бошланганидан бери касалхоналар мисли кўрилмаган ярадорлар оқимига дуч келган.
"Баъзида оғриқни камайтириш учун ибтидоий усулларни қўллашга тўғри келади, беморга тишлаш учун таёқча берамиз”, дейди Ал Шифа касалхонаси ҳамшираси.
Уруш 7 октабр куни Ҳамас жангарилари Ғазо секторининг Исроил жануби билан чегарадош тўсиғини ёриб ўтиб, тинч аҳолига ҳужуми билан бошланган.
Исроил томонига кўра, Хамас Исроил тарихидаги энг даҳшатли қирғин кунида 1400 кишини ўлдирган ва 240 кишини гаровга олган.
Ғазодаги соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, бир ойдан кўпроқ вақт ичида бўлгада 11 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлган.
Урушнинг дастлабки 12 кунида Ғазога ёрдам киритилмади. 21 октабр куни ёрдам юк машиналарининг биринчи карвони ҳудуднинг Миср билан чегарасидаги Рафаҳ ўтиш жойи орқали кириб келди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва халқаро ёрдам гуруҳлари кўрсатилган ёрдамлар етарли эмаслигини айтишмоқда.
Нетаняҳу: Исроил Ғазони эгаллаб олиш ниятида эмас
Исроил АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСни мағлуб қилганидан сўнг Ғазони эгаллаб ёки босиб олиш ва бошқариш ниятида эмас. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 9 ноябрда маълум қилди.
Унга кўра, Ғазо бўлгасида янги жангари гуруҳлар хавфи пайдо бўлса, минтақага “ишончли кучлар” киритилиши мумкин.
“Биз Ғазони эгаллаб олишга, окуппация қилишга интилмаймиз, Ғазони бошқариш ниятимиз йўқ. Ғазонинг келажаги қандай бўлиши лозимлиги ҳаммага тушунарли: бу кураш оқибатида ҲАМАС йўқ бўлади, биз ҲАМАСни йўқ қиламиз. Бу нафақат бизга, барчага, тамаддун учун, фаластинликларга ва исроилликларга керак. Биз Ғазони демилитаризация, дерадикализациясини амалга ошириб, уни қайта тиклаш чораларини кўришимиз лозим, бу ишларнинг барчаси қўлимиздан келади”, - деди Нетаняҳу Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Исроилнинг асосий ҳамкори АҚШ ҲАМАС билан урушдан сўнг Ғазо бўлгасини Фаластин бошқариши шарт, деган нуқтаи назарни билдирган.