Ғазода тез ёрдам машинаси ҳужумга учради, камида 15 киши ҳалок бўлди
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳаво кучларининг Ғазо шимолида тез ёрдам машинасига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 15 кишига етди, 60 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Рейтер агентлиги видеосида ҳужум оқибатлари акс этган.
Хамас томонидан бошқариладиган анклавдаги соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, тез ёрдам машинаси яраланган фаластинликларни Ғазо шаҳридаги ал-Шифа касалхонасига олиб кетаётган карвоннинг бир қисми бўлган.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, зарба ХАМАС жангариларини нишонга олган ва тез ёрдам машинаси “террорчилар” томонидан қурол ва жангчиларни ташиш учун фойдаланилган.
Иккала томоннинг иддаоларини мустақил равишда текшириш имконсиз.
Ҳаагада гаровга олинган исроилликлар ҳимоясига норозилик акцияси ўтказилди
Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида намойишчилар Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган исроиллик гаровга олинганлар, айниқса болаларнинг аҳволига эътибор қаратиш ва уларни озод қилишга чақириш учун жума куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро Суди олдида ўнлаб бўш болалар аравачаларини қўйишди.
Исроилнинг билдиришича, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҲАМАС 7 октябр куни ўзининг 75 йиллик тарихидаги энг қонли террор амали чоғида 1400 кишини, асосан тинч аҳолини ўлдирган ва 240 дан ортиқ одамни гаровга олган.
Исроил Ғазога тўхтовсиз ҳаво ҳужумлари билан жавоб берди. Ҳозирга келиб Ғазода қурбонлар сони 9, 000 дан ошди, бўлгадаги воқеаларга глобал хавотир ортиб бормоқда.
Блинкен Исроилга келди
Можаронинг тўртинчи ҳафтаси якунига етиб бораётган бир пайтда, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бир ой ичида иккинчи марта Исроилга ташриф буюрди. У Бош вазир Бенямин Нетаняху билан музокараларда Ғазо бўлгасига кўпроқ ёрдам олиб кириш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Блинкен Вашингтондан Яқин Шарққа жўнаб кетар экан, Ғазода тинч аҳоли орасида талафотларни минималлаштириш бўйича аниқ чораларни муҳокама қилишини айтди.
Исроил армияси айни пайтда Ғазо шимолида қуруқлик амалиётини давом эттирмоқда
Хабарларга кўра, Исроил бўлгада олдинга силжий бошлаган. Анклавнинг шимолий қисмига кириш учун асосий йўлда жойлашган Байт Ханун шаҳрида бинолар ҳаво ва артиллерия ҳужумларидан сўнг вайронага айланган
Ғазо шаҳрига жанубдан ҳам, шимолдан ҳам олиб борувчи йўллар ҳозирда Исроил назорати остида.
Исроилнинг Ғазо секторидаги тинимсиз бомбардимонлари ортидан бўлга даҳшатли гуманитар инқирозга юз тутган.
Исроил Ғазо қамал қилинганини билдирди
Исроил армияси пиёда қўшинлари Ғазо шаҳрини тўлиқ қамал қилди. Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Дэниэль Хагари билдирди. Унга кўра,ҲАМАС билан сулҳ ёки оташкесим ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
БМТнинг Ғазодаги тўртта мактаби бомбапаноҳга айлантирилди. Улар сўнгги бир сутка ичидаги бомбардимонлардан зиён кўрган. БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги Жабалия қочиқнлар лагеридаги мактаб бомбардимон қилингани оқибатида 20 киши ҳалок бўлганини билдирди.
Ғазо шаҳрида 640 минг киши яшайди, бу бўлга аҳолисининг 35 фоизини ташкил қилади. Исроил Ғазо шаҳри ҲАМАС фаолиятининг асосий марказига айланганини иддао қилиб келади. Исроилга кўра, ҲАМАС шаҳарда муркааб инфраструктура, жумладан, ер ости тунелларини барпо қилган.
2 ноябрда Ғазони чет элликлар ва яраланган фаластинликлардан иборат 400 киши тарк этди. Улар Рафах чегара пости орқали Мисрга ўтди. Рафахдан Ғазога 2 ноябрда яна 45 та юк автомашинасида инсонпарварлик ёрдами олиб ўтилди.
Чет элликларни ўтказиш учун Рафах чегарасини очган Миср ҳукумати Ғазодан яна 7 минг кишини олиб чиқиш бўйича ишлар давом этаётганини билдирди. 1 ноябрда бу чегара пункти орқали 350 чет эллик ва 80 нафар яраланган фаластинлик Мисрга ўтган эди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Исроил Европа давлатларидан яраланган фаластинликларни даволаш учун Ғазо бўлгасига кема-госпиталларни жўнатишни илтимос қилмоқда.
Исроил армияси Ғазода “Темир қиличлар” амалиётини ўтказмоқда. ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 мингдан кўпроқ киши ўлганини, уларнинг учдан икки қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.
Исроилнинг билдиришича, 1400 киши, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 200 дан ортиқ киши гаровга олинган, уларнинг баъзилари чет эл фуқаролари ёки икки нафар Исроил фуқаролигига эга.
Ҳар икки томон келтираётган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.