Ғазода қурбонлар сони 9 мингдан ошди
7 октябрдаги Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган урушнинг 27-куни Ғазо яна ракета зарбаларига тутилди.
Ғазо шаҳридаги бинолардан кучли тутун кўтарилаётганини кўриш мумкин.
Исроил 31 октябрда Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини тасдиқлади. Исроил армияси расмийларининг билдиришича, қочқинлар лагерига зарба беришдан мақсад ҲАМАСнинг юқори лавозимли қўмондонларидан бирини жисмонан йўқ қилиш бўлган.
Ҳамас назоратидаги Ғазо тиббиёт вазирлиги хабар қилишича, 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 9000дан ошган. Улардан 3600дан кўпроғи болалардир.
Исроилнинг билдиришича, 1400 киши, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 200 дан ортиқ киши гаровга олинган, уларнинг баъзилари чет эл фуқаролари ёки икки нафар Исроил фуқаролигига эга.
Ҳар икки томон келтираётган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.
Анжелина Жоли: Ғазо оммавий қабрга айланиб бормоқда
Таниқли актриса Анжелина Жоли Исроилнинг анклавни бомбалашини қўллаб-қувватлаётган дунё етакчиларини болалар ўлдирилишида шерикликда айблади.
Актриса ижтимоий тармоқларда Ғазо секторидаги вайрон бўлган ҳудуд тасвирини жойлаштирди ва Исроилнинг ҳаракатларини “қамалиб қолган ва қочадиган жойи йўқ аҳолини атайлаб бомбардимон қилиш” деб атади:
“Ғазо сектори қарийб йигирма йил давомида очиқ қамоқхона бўлиб келган ва оммавий қабрга айланиб бормоқда. Ҳалок бўлганларнинг 40 фоизи бегуноҳ болалардир”, деб ёзди Анжелина Жоли.
Блинкен яна Яқин Шарққа йўл олмоқда
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 3 ноябр, жума куни Исроил ва Иорданияга боради.
Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер маълум қилди.
Унинг билдиришича, Блинкен Исроил ҳукумати раҳбарлари, жумладан, Бош вазир Бенямин Нетаняху билан учрашади.
Миллернинг айтишича, Блинкен Исроилни қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаши, унинг ҳарбий кампаниясини "халқаро гуманитар ҳуқуқ ва уруш қонунларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказишга ундаши кутиляпти.
Исроил: Хамас 242 кишини гаровда ушлаб турибди
Кундалик брифингда Исроил мудофаа кучлари матбуот котиби Даниел Ҳагарининг айтишича, ҳарбийлар Ҳамас жангарилари томонидан Ғазо секторида гаровга олинган 242 кишининг оилалари билан боғланган.
Гаровга олинганларнинг охирги сони 239 нафарни ташкил қилган.
Ҳамаснинг айтишича, гаровга олинганлар Ғазо бўйлаб, жумладан туннелларда яширинган.
Хамас ўтган ҳафта Исроил ҳаво ҳужумларида гаровга олинган камида 50 киши ҳалок бўлганини айтган, бу рақамни тасдиқлаш имконсиз.
Кеча Хамас Жабалия қочқинлар лагерига берилган ҳаво ҳужумида гаровга олинган етти киши ҳалок бўлганини айтди.