Юзлаб одам Мисрга ўтиш учун Рафаҳ ўтиш нуқтасига тўпланди
Пайшанба куни эрталаб Мисрнинг Ғазо билан чегарасидаги Рафаҳ ўтиш нуқтаси олдида .бўлгани тарк этишга шайланган катта сондаги оломон тўпланди.
“Биз уйларимизни ташлаб чиқишга мажбур бўлдик. Ғазода, бутун Фаластинда вазият оғир. Шуни айтмоқчиманки, телевидение орқали кўрсатилаётган тасвирлар биз ҳақиқатда бошдан кечираётган воқеаларнинг атиги беш фоизини ташкил қилади. Биз кўчирилган одамларни, ота-онасини йўқотган болаларни, куйган ва боши кесилган жасадларни кўрдик. Мен уйларини йўқотганлардан бириман, Ғазода эдим ва ҳозир Рафаҳга келдим”, -дейди Шамс Шаат, АҚШ фуқаролигига эга фаластинлик.
Миср фуқароси бўлган Аҳмад Заки: "Биз ҳайвон эмасмиз, Миср фуқароси сифатида менинг ҳам ҳуқуқларим бор. Биз Ғазога бир ҳафталик ташриф учун келгандик, улар чет эл фуқароларини Мисрга ўтказишга рухсат беришди, лекин бизга рухсат беришмаяпти. Хорижий фуқароларнинг Миср чегараси орқали ўтиши ва мисрликларга рухсат бермаслиги қандай мантиққа тўғри келади? Қайси халқаро қонунларга тўғри келади бу? Менга кимдир жавоб беришини хоҳлайман, менинг болаларим Мисрда”, дейди.
Чоршанба куни Исроил, Миср ва ХАМАС ўртасидаги келишувга кўра, 500 нафардан иборат дастлабки рўйхатдаги камида 320 нафар хорижлик фуқаролар, шунингдек, оғир яраланган ўнлаб ғазоликлар Мисрга ўтган.
Австралия, Австрия, Болгария, Чехия, Финляндия, Индонезия, Италия, Япония, Иордания, Буюк Британия ва АҚШ паспорти эгалари эвакуация қилинган.
Ғазо расмийларининг айтишича, Рафаҳ чегара пункти пайшанба куни қайта очилади, бу эса кўпроқ хорижликларнинг чиқиб кетишига имкон беради. Дипломатик манбага кўра, 7500 га яқин хорижий паспорт эгалари Ғазони икки ҳафта ичида тарк этиши кутиляпти.
7 октябрдаги Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган урушдан кейин Ғазонинг Мисрга туташ Рафаҳ чегара пункти ёпиб қўйилган, фақат инсонпарварлик юкларининг ўтказилишига рухсат берилган эди.
Расмийларга кўра, Рафаҳдан ҳар куни 500 кишининг ўтишига рухсат берилган.
Иордания қироллиги Исроилдаги элчисини чақиртириб олди
Иордания қироллиги Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларга норозилик сифатида Исроилдаги элчисини чақиртириб олди. Шунингдек, Иордания ҳукумати хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатни тарк этган Исроил элчисини қайта қабул қилмаслигини билдирди. Ҳозирча Иордания Исроил билан дипломатик алоқаларни узиши ҳақида гап бормаяпти.
Иордания Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо бўлгасидан ўз фуқароларини эвакуация қила бошлаганини ҳам маълум қилди. Иорданияликлар Миср чегараси орқали Ғазони тарк этади. Иордания бу жараён бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини айтмоқда. Расмий баёнотда Ғазодаги Иордания фуқаролари сони қанча экани айтилмаган.
Иордания ташқи ишлар вазири Айман ас Сафодий ҲАМАС-Исроил уруши якунлангунига қадар ва Ғазодаги гуманитар инқироз бартараф этилмагунича элчини чақиртириб олиш амалиёти кучида қолишини билдирди.
Аввалроқ Чили ва Колумбия ҳам Исроилдан ўз элчиларини чақиртириб олган. Боливия эса Исроил билан дипломатик алоқаларни узган.
Иордания Исроил билан шарқий томондан чегарадош. 1994 йилда Иордания Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган ва дипломатик алоқаларни ўрнатган. Иордания Фаластин мухториятининг ФАТХ назорати остидаги Ғарбий соҳилида сиёсий ва молиявий жараёнларда фаол иштирок этади. Иордания пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши тарафдори.
Миср чегарани очганидан сўнг Ғазодан камида 300 хорижлик чиқиб кетди
Миср 1 ноябрда Ғазо билан чегарасини очганидан сўнг камида 300 нафар чет эллик бўлгани тарк этди. Бу ҳақда Reuters Миср хавфсизлик хизматидаги манбалари ва Фаластин мансабдорига таянган ҳолда хабар берди.
AFP ва CBS News ҳам Ғазо бўлгасини бир неча юз киши тарк этгани ҳақида хабар қилган эди.
Аввалроқ Ғазони назорат қилаётган ҲАМАС бўлгадан чиқиб кетишга рухсат берилган 500 чет эллик ва иккинчи фуқароликка эга бўлган фаластинликлар рўйхатини эълон қилган эди. Бироқ бу рўйхатда АҚШ ва Россия фуқаролигига эга бўлган шахслар йўқ.
Ғазодан чет элликларни эвакуация қилиш ишлари яқин кунларда яна қайта жонлантирилиши кутилмоқда.
Исроилнинг билдиришича, ҲАМАС ҳужумлари оқибатида 1400 киши ҳалок бўлган. 250 киши ўғирланиб, Ғазо ҳудудига олиб кетилган.
Ғазо расмийлари эса Исроил зарбалари оқибатида 8,5 минг киши ўлганини, уларнинг учдан икки қисми аёллар ва болалар эканини айтмоқда.
Бу маълумотларни мутсақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.
Исроил Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини тасдиқлади
Исроил 31 октябрда Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилганини тасдиқлади. Исроил армияси расмийларининг билдиришича, қочқинлар лагерига зарба беришдан мақсад ҲАМАСнинг юқори лавозимли қўмондонларидан бирини жисмонан йўқ қилиш бўлган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳужуми оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлганини ва 150 киши яраланганини билдирди. Хабарларда, лагерни Исроил ҳарбий самолётлари бомбардимон қилгани айтилади.
Воқеа жойига борган AFP мухбири Жабалиядаги вайроналар остида камида 47 кишининг жасади чиқариб олингани ҳақида хабар берди.
Исроил армияси вакили Даниэль Хагари Жабалия лагерига бомба ташланганини тасдиқлар экан, ҲАМАСнинг «Жабалия» қўшини қўмондони Иброҳим Биарий ўлдирилганини ҳамда ташкилотнинг ер ости инфраструктураси вайрон қилинганини билдирди.
Жабалия лагери Ғазонинг шимолий қисмида жойлашган. Лагерь майдони бир ярим квадрат километрни ташкил қилади. БМТнинг маълум қилишича, 2023 йилнинг июлида лагерда 116 минг фаластинлик қочқин бор эди.